Фан-техника | 10:59 / 07.11.2021
27804
5 дақиқада ўқилади

Учар электромобиллар пойгаси, бошқарувчисиз сув таксилари, энг кучли Android смартфонлар рейтинги – ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технохабарларни жамлади.

Фото: Reuters

Учар электромобиллар пойгаси

Австралияда Alauda Racing стартапи дунёда биринчи марта учар электромобиллар пойгасини ўтказди. Унда иккита электромобил иштирок этган ва улар масофадан бошқарилган.

Иштирокчи MK3 Speeder Airspeeder электромобили 4 метр узунликка ва 130 кг оғирликка эга бўлиб, 250 км/соат тезлик билан уча олади. Унинг электр двигателлари литий-полимер батареялардан ишланган бўлиб, тўлиқ қувватланганда 15 дақиқа парвозга етади.

Электромобил кабинасида бошқарувчи учун жой кўзда тутилган бўлиб, пойга вақтида қурилма масофадан бошқарилган. Кабинада ердаги бошқарувчи билан боғланган робот бўлган ва у бошқарувчининг барча ҳаракатларини қайтариб турган. Компания келгусида пойгаларни одамлар иштирокида ўтказишни режалаштирмоқда.

Дунёдаги илк бошқарувчисиз сув таксиси

Нидерландия пойтахти Амстердамдаги каналлар бўйлаб бошқарувчисиз сув таксиси Roboat III хизмати йўлга қўйилди. ZDNet нашрининг хабар беришича, бошқарувчисиз сузиш мосламаси 5 нафаргача йўловчини ёки 1500 кг юк таший олади.

Қайиқ-таксини АҚШнинг Массачусетс технологик институти ва Амстердам илғор шаҳар ечимлари институти ходимлари ишлаб чиққан.

Қайиқнинг 2015 йилда яратилган ва синовдан ўтказилган модели такси сифатида тўлақонли хизмат кўрсатиши учун анча яхшиланган. Электр қайиқ тўлиқ қувватланганда 10 соат ишлайди. У соатига 12 км тезлик билан ҳаракатлана олади.

Энг кучли Android смартфонлар рейтинги

Xiaomi Black Shark 4S Pro AnTuTu бенчмарки версияси бўйича октябрь ойининг энг кучли смартфони бўлди.

Xiaomi компаниясининг янги флагмани бозордаги энг самарадор смартфон деб топилди. Xiaomi Black Shark 4S Pro Snapdragon 888+ процессори, 16 гигабайт тезкор ва 512 гигабайт доимий хотирага эга.

Шунингдек, рейтингнинг юқори учталигидан Nubia Red Magic 6S Pro ва Vivo iQOO 8 Pro ўрин олган.

Аввалги етакчиси Xiaomi Black Shark 4 Pro тўртинчи ўринга тушган бўлса, бешинчи ва олтинчи ўринларга Vivo X70 Pro+ ва Asus ROG Phone 5s жойлашган.

Юқори ўнталикка киритилган барча қурилмалар Qualcomm Snapdragon 888+ ва Snapdragon 888 процессорлари базасида ишлайди.

Яндекс роботлар ёрдамида маҳсулотлар етказиб берилишини йўлга қўяди

Яндекс Яқин Шарқ, Африка ва Марказий Осиё савдо марказлари операторлари билан бошқарувчиси бўлмаган технологияларни ривожлантириш мақсадлари бўйича шартнома имзолади.

Шартнома доирасида Дубайда маҳсулотларини Carrefour супермаркетларидан етказиб бериш хизмати 2022 йилда синов дастури доирасида ишга туширилади. Мижозлар MAF Carrefour иловасида реал вақт режимида буюртмани олиб келаётган роботнинг ҳаракатланишини кузатишлари мумкин.

Carrefour ҳудудлардаги буюртмаларни етказиш учун бошқарувчисиз роботлардан фойдаланган илк озиқ-овқат ритейли бўлади.

Яндекснинг автоном етказиб берувчи роботлари мустақил равишда хавфсиз маршрутни режалаштиради, яқинлашиб келаётган транспорт воситалари ва пиёдаларни кўради ҳамда тротуар ва бошқа пиёдалар юришига мўлжалланган ҳудудларда соатига 8 км тезликда ҳаракатланиши кўзда тутилган.

Ёруғлик ёрдамида ҳаводан ёнилғи ишлаб чиқарадиган қурилма ихтиро қилинди

Швейцариялик ва германиялик олимлар қуёш нуридан фойдаланиб ҳаводан ёнилғи ишлаб чиқарувчи қурилма яратишди

Ҳаводан олинган сув ва углерод гази реакторга тушади, бу ерда ёруғлик таъсирида углерод монооксиди ва водородга айланади. Сўнгра аралашма керосин ёки метанолга айлантирилади.

Қурилма турли об-ҳаво шароитларида ишлай олади. У етти соат давомида 32 миллилитр метанол ишлаб чиқариши мумкин.

Оддий машинани электрокарга айлантирадиган электродвигателлар

Ford машинани электрокарга айлантирадиган электродвигателларни сота бошлади. Eluminator e-crate электродвигатели қувватни 281 от кучигача ривожлантиради. Тизим нархи 3900 доллар.

Компания ички ёниш двигателига эга машиналарни электрокарга айлантиришни осонлаштириш учун келажакда аккумулятор тизимлари, контроллерлар, инверторлар ва бошқа эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни режалаштирган. Шу йўл билан кўплаб автомобиль эгалари учун машиналарни модернизация қилишни осонлаштирмоқчи.

5G тармоғига ўтиш экологияга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин

Ericsson компанияси 5G тармоғини жаҳон бўйлаб жорий этиш борасида тадқиқот ўтказиб, бешинчи авлод стандарти сайёрамиз экологиясига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда компания ҳисоботида қайд этилган.

Ҳужжатда айтилишича, маълумотлар узатишнинг янада самарадор усули атмосферага карбонат ангидрид ажратиш камайишига хизмат қилади.

«5G тармоғининг энг «ифлос» соҳалар — электр энергетикаси, транспорт, ишлаб чиқариш ва қурилишда фаол жорий этилиши натижасида Европа минтақасида CO2 ажралиб чиқиши йилига 55–170 миллион тоннагача камаяди. Бу эса йўллардан 35 миллионта автомобилни олиб ташлаш билан тенг», дейилади ҳисоботда.

Мавзуга оид