Фан-техника | 09:19 / 06.02.2022
137275
5 дақиқада ўқилади

Электромобилларни қувватлайдиган йўл ва йилнинг энг кўп автомобиль сотган компаниялари – ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технология ва илм-фанга оид хабарларни жамлади.

Электромобилларни ҳаракат пайтида қувватлайдиган йўл

Бош офиси Исроилнинг Тел-Авив шаҳрида жойлашган Electreon Wireless компанияси АҚШнинг Детройт шаҳрида электр транспорт воситаларини ҳаракатланаётган вақтида зарядлаш имконини берувчи йўл қуради. Лойиҳа 2023 йилгача тўлиқ ишга тушиши режа қилинган.

Фото: Electreon Wireless

Йўл электр транспорт воситаларини ҳаракатланаётган ёки тўхтаб турган ҳолатда индуктив зарядлаш деб аталадиган тизим орқали қувватлайди.

Электрлаштирилган йўл тахминан 1,5 километрга чўзилади, лойиҳага 1,9 миллион доллар ажратилиши кўзда тутилган.

Electreon Wireless ушбу инфратузилмани Швеция, Исроил ва Италия йўлларида синовдан ўтказган.

Бундан кейин Volkswagen фақат электромобиллар ишлаб чиқаради

Цвиккау шаҳридаги Volkswagen автозаводи ички ёнув двигателли автомобилларни ишлаб чиқаришни тўхтатди ва дунёда биринчи бўлиб фақат электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтди.

Фото: Volkswagen

Қайд этилишича, шу вақтга қадар ҳеч бир ишлаб чиқарувчи бундай қилмаган. Заводни мослаштириш учун 1,2 млрд евро сарфланган ва йилига 300 минг дона электромобил ишлаб чиқариш қуввати яратилган.

Цвиккауда Audi Q4 e-tron ва Q4 e-tron Sportback, Cupra Born ҳамда ID.3, ID.4 ва ID.5 электромобиллари ишлаб чиқарилади.

Tesla автомобилларидаги носозлик

Tesla Inc компанияси хавфсизлик камари тақилмаганлиги тўғрисидаги овозли сигнал билан боғлиқ муаммо сабабли 817 минг 143 дона (2021-2022 йилларда ишлаб чиқарилган Model S ва Model X, 2017-2022 йилларда ишлаб чиқарилган Model 3s ва 2020-2022 йилларда ишлаб чиқарилган Model Y) моделларини чақириб олади.

Фото: Tesla 

АҚШ трассалардаги ҳаракат хавфсизлиги миллий бошқармасининг (NHTSA) билдиришича, компания автомобилларида хавфсизлик камари тақилмаганлиги тўғрисидаги овозли сигнал ҳар доим ҳам ишламайди.

2021 йилда энг кўп автомобиль сотган компаниялар

Toyota 2021 йил дунё бўйлаб энг кўп автомобиль сотган компания бўлди. Автоконцерн савдоси 10,5 миллион донани ташкил этган.

Фото: Игорь Иванко / Коммерсантъ

Иккинчи ўринни 8,9 миллион дона автомобиль савдоси билан Германиянинг Volkswagen компанияси эгаллаган.

Шунингдек, ўтган йилда Renault-Nissan-Mitsubishi альянси 7,8 миллион дона автомобиль билан глобал автомобиль савдоси бўйича учинчи ўринни банд қилган.

Telegram'нинг янгиланган 8.5 версияси

Telegram жамоаси илованинг янгиланган 8.5 версиясини тақдим қилди. Ушбу янгиланишларда осон яратиладиган видеостикерлар, ихчам анимацияли реакциялар, кўрилмаган реакцияларни текшириш тугмаси, чатлар орасидаги яхшиланган навигация ва бошқа янгиликлар мавжуд.

Фото: Telegram

Telegram оддий видеолардан ўгириладиган стикерларни ҳам қўллаб-қувватлаш имкониятини қўшмоқда. Натижада, исталган фойдаланувчи исталган видеомуҳаррир дастури ёрдамида батафсил анимацияли стикерларни осон яратиши мумкин.

Реакциялар анимациялари ихчамлашмоқда, каттароқ эффект юбориш учун менюдаги реакцияни босиб туриш керак бўлади.

Шунингдек, интерактив эможилар каби реакциялар энди синхронланади, натижада қабул қилувчилар анимацияларни реал вақт режимида кўради.

Реакциялар фақат ҳиссиётларни ифодалашдан ташқари саволларга ҳам жавоб бериши инобатга олиниб, энди улар ўқилганлик белгисига ҳам эга бўлади.

Ўзбекистонда энг кўп фойдаланувчига эга ижтимоий тармоқлар

Сенат маълумотларига кўра, “Facebook”да 4,7 млн, “Instagram”да 3,7 млн, “Linkedln”да 288 минг, “Телеграм”да 18 млн, “Odnoklassniki”да 16,7 млн, “Twitter”да 51,6 минг ва “В-контакте”да 2,6 млн ўзбекистонлик фойдаланувчилар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилмоқда.

Шу билан бир қаторда, охирги йилларда шиддат билан оммавийлашиб бораётган ТikTok тармоғида қанча фойдаланувчи борлиги очиқланмаган.

Шимолий Кореянинг товушдан 16 баробар тез учган баллистик ракетаси

Шимолий Корея рекорд масофани босиб ўтган баллистик ракета учирди.  30 дақиқа мобайнида Ер юзаси бўйлаб 800 километр масофага учган ва денгизга қулашдан аввал 2000 километр юқорига чиққан ракета Япония иқтисодий зоналари чегараларидан ташқарига тушган.

Жанубий Кореянинг Yonhap агентлигига кўра, учиш вақтида ракетанинг максимал тезлиги 16 Мах’ни ташкил этган, бу товуш тезлигидан 16 марта юқори. Манба сўзларига кўра, ракета КХДР 2017 йилда синовдан ўтказган «Хвасон-12»га ўхшаш бўлган.

Шимолий Корея 2017 йил охиридан буён қитъалараро ҳаракатланувчи баллистик ракеталар ва ядровий синовлар мораторийсига амал қилган ҳолда бу каби синовларни ўтказмаётганди.

Мавзуга оид