Фан-техника | 09:27 / 23.01.2022
180367
5 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors’дан «хушхабар», Jeepʼнинг гибрид кроссоверлари – ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технология ва илм-фанга оид хабарларни жамлади.

TikTok ва Instagram’дан пуллик обуна хизмати

Фото: NurPhoto/Getty images

Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли TikTok муаллифларга ўз контентига обуна бўлганлик учун тўлов олиш имконини берувчи янги сервисни синовдан ўтказмоқда.

Ҳозирда мазкур иловада фойдаланувчилар муаллифларга виртуал совға жўнатиши, муаллифлар эса совғаларни ҳақиқий пулга алмаштириш имконияти мавжуд.

Аввалроқ Instagram блогерлар гуруҳи орасида пуллик обуна хизматини синовдан ўтказаётганини маълум қилганди. Янги сервис муаллифларга бевосита трансляция ва сторисларни фақат пул тўлаган обуначиларга кўрсатиш имконини беради. Instagram 2023 йилгача муаллифлардан бу функция учун комиссия олмайди.

Ўтган йили Twitter шунга ўхшаш Super Follows функциясини йўлга қўйганди.

Jeepʼнинг гибрид кроссоверлари

Фото: Jeep

Jeep компанияси Европа бозори учун Renegade ва Compass кроссоверларининг гибрид версияларини тақдим этди.

e-Hybrid версиялар 130 от кучига эга 1,5 литр ҳажмлик бензинли турбо двигатель ва 7 поғонали робот узатиш қутисига бирлаштирилган 20 от кучига эга 48 вольтли электр мотор билан жиҳозланган.

Ҳозирда янги кроссоверларга Италия, Франция ва Германия бозорларида буюртма бериш имконияти мавжуд. Кейинчалик моделлар бошқа мамлакатларда ҳам пайдо бўлади. Jeep эндиликда фақат гибрид моделлардаги автомобиллар ишлаб чиқаришни режа қилмоқда.

Видео ўйинлар сегментидаги энг қимматли савдо хариди

Фото: Reuters

Microsoft рекорд миқдордаги харидни амалга ошириб, видео ўйинлар яратувчиси Activision Blizzard компаниясини 68,7 миллиард долларга сотиб олди.

Бу видео ўйинлар сегментидаги энг қимматли савдо хариди бўлди. Ушбу компания машҳур Call of Duty ўйинининг асосчиси ҳисобланади. Activision Blizzard акцияси эгалари ҳар бир қимматли қоғоз учун 95 доллардан олган. Бу эса акцияларнинг 14 январь ҳолатидаги биржа нархидан 45 фоизга кўп дегани. Microsoft харид ҳақида эълон қилгач, акциялар нархи 88 долларгача қимматлаган.

Зарарли газларни ютадиган «суюқ дарахт»

Фото: Hypergiant Industries

Hypergiant Industries компаниясининг инженер-тадқиқотчилари зарарли газларни ютишда дарахтлардан 400 баробар самаралироқ бўлган биологик реактор прототипи – «суюқ дарахт»ни яратди. Реактор нафақат ҳавони тозалайди, балки қўшимча тарзда хавфсиз ёқилғи ишлаб чиқаради.

90х90х120 см ўлчамга эга, унча катта бўлмаган бундай қурилма 300 квадрат метр майдонда жойлашган дарахтлар ўзига ютадиган газлар миқдори каби самара кўрсатган.

Олимлар бу қурилмани Еos деб номлади. Бундай қурилмаларни шаҳарнинг исталган жойига ўрнатиш мумкин.

UzAuto Motors’дан навбатдаги «хушхабар»

Фото: Ижтимоий тармоқлар

UzAvto Lacetti ва Cobalt'ни магнитоласиз сотишга ўтди. Микрочиплар танқислиги сабаб кореялик ҳамкорлар магнитола етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатди, деб хабар қилди компания. Lacetti ва Cobalt учун пул тўлаб қўйганларга икки хил вариант таклиф этилди:

1. Харидор машинасини салондан олади, магнитолани эса бозордан ўзи сотиб олади. Компания магнитола ва уни ўрнатиш харажатларини қоплаб беради. Қоплаб бериладиган сумма чегараси кўрсатилмаган.

2. Харидор машинасини салондан олади ва магнитоласиз миниб юради. Қачон UzAvto Motors’га бу қурилма етиб келса, ўшанда бепул ўрнаттиради. Лекин у қачон етиб келиши мутлақо номаълум. 

Samsung’дан «энг илғор Galaxy»

Samsung компанияси 2022 йил февраль ойида бўлиб ўтадиган онлайн тадбирида Galaxy S22 Ultra смартфонини намойиш этади. Бу ҳақда компания мобил бўлим мудири Таэ Мун Рон маълум қилган. Янги қурилма ҳақида маълумот йўқ, бироқ компания моделни Galaxy S оиласидаги «энг илғор» смартфон ва «саноат қоидаларини қайта ёзадиган» гаджет деб атаган. Янги Galaxy S22 Ultraʼнинг тунги суратлар ва видеоларни янада тиниқроқ ва ёрқинроқ тақдим этиши ҳамда максимал функционалликни таъминлашига ваъда қилинган.

Ўзбекистоннинг «Лочин» дронлари

Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфида Учувчисиз авиация мажмуаларини илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди.

Мазкур марказ томонидан халқаро техник талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган «Лочин» номли учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Таъкидланишича, икки хил мақсадда фойдаланишга мўлжалланган мазкур миллий лойиҳа Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўзлаштирилган. Марказ учувчисиз авиация мажмуаларини ишлаб чиқариш, йиғиш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун зарур йиғув жамланмалари, технологик ва махсус ускуналар, текшириш (тест лаборатория) мосламалари каби технологик жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.

Мавзуга оид