
Худойберган Девонов 1879 йилда Хивада, бадавлат оилада туғилган. Отаси Нурмуҳаммад девон (мирза) Хива хонининг Хўжайлидаги мулклари бошқарувчиси бўлган.
Худойберган Хивадаги мадрасада саводини чиқарган, араб тилини ўрганган. Адабиёт билан ошно бўлиб, шеърлар ёзиб турган. Соатсозга шогирдликка тушган. Кўплаб мусиқа асбобларини чалишни билган. Боғдорчиликка қизиқиб, боғида атиргулларнинг 40га яқин навларини ўстирган. Аммо унинг тақдирига фотография ва кинематография соҳасида ном қозониш ёзилган эди.

Худойберган ҳаётида туб бурилиш ясаган воқеа – Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғида яшайдиган меннонит немислар жамоаси вакили Вилҳелм Пеннер билан учрашув бўлган.
Меннонит немислар (ёки Менно Симмонс муридлари) 1882 йилда Хива хони Саид Муҳаммад Раҳимхон II таклифи билан Россиядан кўчиб келишган. Улар анъанавий насронийликдан фарқ қиладиган диний эътиқоди туфайли Нидерландия, Германия ва Польшада сиқувга олинган ва яшаш жойини ташлаб, кўчиб кетишга мажбур бўлишган. 1884 йилда Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғида меннонит немисларининг 40 оиладан иборат жамоаси қўним топган.
Меннонит немислари орасида хиваликлар учун янгилик бўлган кўплаб замонавий касб эгалари бор эди. Фотография билан шуғулланувчи Вилҳелм Пеннер шулардан бири бўлган. У ёш, қизиққон хоразмлик йигитни маҳаллий аҳоли учун ғаройиб бўлган касбга қизиқтирган. Худойберганнинг дастлаб фотография, кейинчалик кинематография билан бир умрга ошно бўлиб қолишига сабабчи бўлган.

Ортодоксал ислом жамиятида, инсон ва тирик жонзотлар суратини тасвирлашга асрлар давомида тақиқ қўйилган шароитда йигитча қандай қилиб Хива хонлигининг илк фотосуратчиси, кейинчалик кинооператори бўлганини тасаввур қилиш қийин.
Албатта бунда Хива хони, маърифатпарвар Муҳаммад Раҳимхон II Ферузнинг ҳомийлиги асосий рол ўйнаган. Унинг ўлимидан кейин эса тараққийпарвар ғоялари ва ишлари билан машҳур бўлган бош вазир Исломхўжа ёш фотосуратчини ўз ҳимоясига олган. Айнан унинг ташаббуси билан Хивада илк шифохона, илк пахта тозалаш заводи қурилган, почта, телеграф, дорихона очилган эди. Унинг маблағларига дастлабки дунёвий мактаб қурилган. У ерда математика, физика, химия ва бошқа гуманитар фанлардан дарс берилган. Шунингдек, Исломхўжа ўз девонхонаси котиби Худойберган Девоновнинг фотосуратчилик соҳасидаги илк ишлари, тажрибасини қўллаб-қувватлаган.












