Барчаси 2007 йилда оммага унча таниш бўлмаган Жон Малуф (John Maloof) исм-шарифли кўчмас мулк агенти Чикаго шаҳрида ўтказилган аукционда оддий бир қоғоз қутини сотиб олишидан бошланади.

Ўша пайтда бу агентга Чикагодаги ҳар бинонинг тарихи ва қурилган вақти, унинг эски суратлари қизиқ эди. Чунки у бинолар узоқ йиллик ва тарихий аҳамиятга эга бўлса шунча яхши нархга баҳоланишини биларди.

Шу сабабли у ёзувчилардан бири билан ҳамкорликда Чикаго шаҳри ва ундаги бинолар тарихи ҳақида каталог-китоб тайёрлаётганди. Агент китобга киритиш учун шаҳар бинолари тасвирланган эски фотосуратлар қидириб юрганди.

Кунларнинг бирида Малуф турли тарихий буюмлар ва фотосуратлар савдоси ўтказилган аукционда қатнашади ва у ерда ичида эски фотосуратлари бўлган қоғоз қутини сотиб олади.

Малуф қутини очиб кўрганида унинг ичида тўла оқ-қора тасвирда кадрга туширилган эски суратлар ва плёнкалар борлигини кўради. Суратлар агент учун хазинанинг ўзи эди. Қутиларнинг сони кўп эди ва Малуф аукцион давомида уларнинг қарийб барчасини сотиб олади.

Шундан сўнг у суратларни кадрга туширган одам ҳақида маълумот тўплай бошлайди. Маълум бўлишича, суратлар 1950-йиллар бошидан 1980 йиллар бошигача нафақат Америка, дунёнинг кўплаб давлатларида туширилган бўлиб, уларни Вивиан Майер исм-шарифли аёл кадрларга олгани маълум бўлади.

Виван Майер кўзгулар олдида туриб ўзини ҳам суратга олган
Фото: vivianmaier.blogspot.com

Вивиан Майер ким эди?

Жон Малуф Вивиан Майер ҳақидаги барча маълумотларни излаб топади ва ҳайратдан ёқасини ушлайди. Чунки у профессионал фотограф эмас, оддий энага бўлиб чиқади. Аёл суратларни бўш пайтларида турли шаҳарлар ва хорижий давлатларга саёҳат қилиб юрганида туширган экан.

Вивиан Майер 1926 йилда Ню-Йоркда туғилган бўлиб, унинг отаси австриялик, онаси эса франциялик муҳожирлар бўлишган. Вивиан болалигида ота юрти Австрия ва она юрти Францияга бир неча мартадан борган у ерда маълум муддат яшаган эди.

Аёлнинг болалиги ҳақида маълумотлар жуда кам. 1950 йилда Вивианнинг Франциядаги бувиси вафот этади ва у Европага боради. У ерда бувиси Вивиан ва унинг онасига ўз фермасини мерос қолдирганди.

У 1951 йилда, 25 ёшида Франциядан Ню-Йоркка келади ва корхоналардан бирига ишга киради. Бир неча йилдан сўнг у Чикагога кўчиб ўтади ва оилалардан бирига энага бўлиб ёлланади.