21:42 / 09.11.2021
34554

Олий суд ҳамма кўриб турган ҳақиқатдан кўз юмди. Қамчиқдаги “Бургут”га ким “харидор” бўлмоқда?

Тошкентни водий билан боғлаб турувчи Қамчиқ довонидаги йўловчилар “Бургут” деб атайдиган “Бир зумда” кафеси ва унинг ҳудудини тадбиркордан олиб қўйиш бўйича ҳаракатлар давом этмоқда.

Фото: Kun.uz

Поп туман ҳокими қарорларига ишониб, узоқ йиллар давомида обод қилинган ушбу маскан туман ҳокимининг аввалги қарорларини бекор қилиши натижасида бузилиш хавфи остида қолди.

Кейинчалик Поп туман маъмурий суди “Бургут” масканини бузиш ҳақидаги ҳоким қарорини бекор қилди.

Поп туман ҳокимлиги курашдан чиққанидан сўнг, “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси “Бургут” масканини буздириш ҳаракатига тушиб қолади.

Хусусан, “Қамчиқавтойўл” Норин туман маъмурий судига шикоят билан мурожаат қилиб, Поп туман ҳокимлигига нисбатан ҳокимнинг 2016 йил 25 октябрдаги 1803-сонли, 2018 йил 10 декабрдаги 2425-сонли, 2019 йил 14 сентябрдаги 4526-сонли ҳамда 2019 йил 18 декабрдаги 4966-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаришни сўрайди.

“Қамчиқавтойўл” судда Поп туман ҳокимининг тадбиркорга ер ажратиш бўйича қарорлари Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сонли “Автомобил йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига зид равишда қабул қилинганини, йўл четидаги қурилишлар автомобил йўлининг меъёрий норма ва қоидаларига номувофиқ тарзда қурилганини билдиради.

Норин туман маъмурий судининг 2020 йил 24 декабрги ҳал қилув қарори билан аризачи “Қамчиқавтойўл” шикояти рад қилинади. Суд бунга асос сифатида Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 186-моддасида белгиланган судга мурожаат қилиш учун 3 ойлик муддатни узрли сабабларсиз ўтказиб юборганини келтиради.

“Қамчиқавтойўл”нинг апелляция шикояти ҳам Наманган вилоят маъмурий судининг 2021 йил 17 март кунги қарори билан қаноатлантиришдан рад этилади.

Шундан сўнг, “Қамчиқавтойўл” Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилади.

Буни қарангки, Олий судда 8 ноябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида қуйи инстанция судларининг қарорлари бекор қилиниб, тадбиркорнинг зарарига ишлайдиган қарор қабул қилинди.

Судни бевосита кузатган жамоатчилик вакиллари Олий суднинг қарорига қўшилмаслигини билдирди. Хусусан, ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев давлат ташкилотлари фойдасига келганда сўзсиз ишлайдиган даъво муддатлари тадбиркорга келганда ишламай қолганини афсус билан қайд этди.

Даъво муддати ўтмаган деб ҳисоблашди, қойил. Агар мана шу вазиятда тадбиркор шикоятчи, давлат ташкилоти эса жавобгар ёки манфаатдор шахс бўлиб қолганида нима бўлар эди? “Даъво муддати ўтиб кетган” дейишмасмиди? Бунга кўп гувоҳ бўлиб келяпмиз. Ҳохласак, туяни учади деймиз, ҳохласак учмайди деймиз.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасида “суд ишни кассация тартибида кўриш чоғида биринчи ва апелляция инстанциялари суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлиги ва процессуал қонун талабларига риоя қилинганлигини иш материаллари бўйича текширади. Кассация инстанцияси суди янги далилларни текшириш ва янги фактларни аниқлашга ҳақли эмас” дейилган. Бироқ, кечаги кассация судида биринчи ва апелляция судида кўрилмаган янгидан-янги далиллар асосий роль ўйнагандек бўлди.

Шундай қилиб, кеча Олий суддагилар бургутчи тадбиркорнинг "қанотини бир уринишдаёқ синдириб ташлашди”, – дейди Саидали Мухторалиев.

Шунингдек, блогер Баҳодир Аҳмедов ҳам ўз саҳифасида мазкур ҳолат бўйича фикрларини билдирди.

“Қамчиқавтойўл” ўзи бу ишлар қоидага зид дегани билан, ўзи томонидан 2019 йил августда техник шарт берилган. Ўша йили июл ойида қурилиш кўздан кечирилиб "Қамчиқавтойўл" раҳбарияти томонидан далолатномага имзо чекилган (хужжатлар билан танишиб, шу ерига ҳайрон қолдим).

Суд мажлиси жуда қизиқ бўлди. Ташкилот ўз важларини келтирди. Ҳокимлик юристи судга келиб жудаям шубҳали тарзда барча қилинган ишларни нотўғри қилганмиз, ҳокимликдан айб ўтган деб турибди-ю! “Қамчиқавтойўл” эса қурилиш мухофаза зонасида (25 метр) бўлган деган фикрни илгари сурди (ваҳоланки “Қамчиқавтойўл”ни ўзининг биноси 10-15 метр яқинликда турибди экан).

Олий суд кутилмаган қарор қабул қилди. Тадбиркор мулки ноқонуний ажратилган деган тўхтамга келинди. Тадбиркор куйди.

Менда савол: демак тадбиркор ҳоким қарори асосида жой олса, “Қамчиқавтойўл” ҳам хужжатларга имзо чекиб берса ва тадбиркор чўнтагидан қурилишлар қилинса. Маълум вақт ўтиб, ҳокимлик қарори нотўғри бўлиб чиқиб, “Қамчиқавтойўл” ўзи имзо чеккан хужжатларга қарши бориб, суд уларни қўллаб қувватлаб, "еб қолган" тадбиркор бўлиб қолаверарканда? Ҳокимлик вакили келиб нотўғри қилганмиз деб турса, давлат иши ўйинчоқ экан-да. Шунақалар ишлаяптими ҳали давлат ишида?” – дейди Баҳодир Аҳмедов.

Амонжон Маткомилов ва унинг адвокати Олий суднинг ушбу қарорини абсурд, қонунларга намойишкорона тарзда ҳурматсизлик дея баҳоламоқда.

Уларнинг фикрича, айнан шу манзилдаги жой кимгадир керак бўлиб қолган ва улар бу мақсадига эришишда суддан “восита” сифатида фойдаланишмоқчи.

Маълум қилинишича, Олий суднинг бу ажрими устидан тез кунларда шикоят киритилади.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Top