Спорт | 20:24 / 11.11.2021
10086
8 дақиқада ўқилади

Қатар-2022. Бугун Европада навбатдаги тур бошланади

Фото: Getty Images

2022 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Қатарда футбол тарихида илк бор жаҳон чемпионати қиш фаслида бўлиб ўтади. Ўзига хос қизиқарли лаҳзаларни тақдим этиши кутилаётган 4 йилликнинг энг ёрқин футбол мусобақаси саралаш баҳсларининг навбатдаги тури бугундан старт олади. Қуйида ЖЧ-2022 Европа саралаш босқичи сўнгги турлари превьюси.

Регламент бўйича дунёнинг ФИФАга аъзо 211та давлатидан атиги 32таси ушбу нуфузли турнирга йўл олади. Шу йўлланмалардан энг кўпи кўҳна қитъа – Европа ҳиссасига тўғри келади. Ушбу қитъадан 13 терма жамоа Қатар мундиалига йўлланма олади (Осиёдан 4-5та, Африкадан 5та, Шимолий Америкадан 3-4та, Жанубий Америкадан 4-5та, Океаниядан 0-1та ва битта мезбон жамоа). 11-16 ноябрь кунлари ФИФА кунлари доирасида миллий жамоалар саралашнинг сўнгги баҳсларини ўтказишади.

Айни дамда гуруҳларда вазият қандай? 

ЖЧ йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритганлар: Германия, Дания;

Гуруҳни биринчи ўринда якунлаш имконияти сақланиб қолмоқда: Албания, Англия, Босния ва Герцеговина, Испания, Нидерландия, Норвегия, Польша, Туркия, Украина, Уэльс, Финландия, Франция, Швеция;

Иккинчи ўрин учун кураш олиб боради: Арманистон, Греция, Исроил, Исландия, Руминия, Шимолий Македония, Черногория, Чехия, Шотландия.

Саралаш якуни ҳақида

Саралашнинг 10та гуруҳида ғолиб бўлган жамоалар келаси йилнинг 21 ноябридан 18 декабрига қадар Қатар мезбонлик қиладиган ЖЧ-2022 финал босқичига тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлади. 2022 йилнинг 24-29 март кунларида эса 10та гуруҳнинг 2-ўрин соҳиблари ва Миллатлар Лигасидаги қониқарли натижалари учун ЖЧнинг сўнгги саралаш босқичига йўлланма олган 2 миллий жамоа плей-оффда иштирок этади. Унда 12 давлат миллий жамоалари битта ўйиндан иборат яримфинал ва финалда иштирок этади. 3та ғолиб жамоа Қатарга йўлланма олади.

Турнир жадваллари 

A гуруҳидаги вазият: Португалия Сербияга қарши

A гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

 

Навбатдаги ўйинлар:

11 ноябрь: Озарбойжон – Люксембург, Ирландия – Португалия;

14 ноябрь: Португалия – Сербия, Люксембург – Ирландия.

В гуруҳидаги вазият: Испания эса икки ўт орасида

B гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

Навбатдаги ўйинлар:

11 ноябрь: Греция – Испания, Грузия – Швеция;

14 ноябрь: Испания – Швеция, Греция – Косово.

Гуруҳда вазият анча кескин. Ҳатто 3-ўриндаги Грецияда ҳам ЖЧга йўлланма олиш учун имконият мавжуд. Бунинг учун улар Испания ва Косово устидан фақат ғалаба қозониши зарур. Швеция Грузия ва Испания билан ўйинларда очко йўқотган тақдирда биринчи ўринни бой бериши мумкин. Испания эса икки ўт орасида: бирйўла 1-ўринга кураш ва шу вақтнинг ўзида 2-ўринни сақлаб қолиш. Бу бизга қизиқарли қарама-қаршиликларни юзага келтириши аниқ.

С гуруҳидаги вазият: Италия Швейцарияга қарши 

C гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

Навбатдаги ўйинлар:

12 ноябрь: Италия – Швейцария, Шимолий Ирландия – Литва;

15 ноябрь: Швейцария – Болгария, Шимолий Ирландия – Италия.

Гуруҳ пешқадамлари номи маълум, фақат биринчи ўрин масаласи очиқ турибди. Бу ўрин ғолиби номига Италия ва Швейцария ўзаро ўйинда ойдинлик киритади.

D гуруҳидаги вазият: Франция пешқадамликни кафолатлайдими?

D гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

Навбатдаги ўйинлар:

13 ноябрь: Франция – Қозоғистон, Босния ва Герцеговина – Финландия;

16 ноябрь: Финландия – Франция, Босния ва Герцеговина – Украина.

Бу гуруҳда Франция Қозоғистонни мағлуб этса, 1-ўрин кафолатланади. Умуман олганда, французлар камида 2-ўринни нақд қилиб улгурган. Шунингдек, Финландия ва Украина ҳам йўлланма учун кураш олиб боради. Бунинг учун улар фақат ғалаба қозониши, Франция эса фақат ютқазиши лозим.

E гуруҳидаги вазият: Бельгия деярли ЖЧда

E гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

Навбатдаги ўйинлар:

13 ноябрь: Бельгия – Эстония, Уэльс – Беларус;

16 ноябрь: Уэльс – Бельгия, Чехия – Эстония.

Бельгия ҳам энг камида 2-ўринни нақд қилган. Агар улар Эстонияни мағлуб этса ёки Уэльс Беларусни мағлуб эта олмаса, Мартинес шогирдлари ЖЧ учун йўлланмага эга бўлади. Эстония ва Беларусда эса ҳеч қандай имконият мавжуд эмас. 

F гуруҳидаги вазият: Данияда йўлланма нақд 

F гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

Навбатдаги ўйинлар:

12 ноябрь: Дания – Фарер ороллари, Австрия – Исроил, Молдова – Шотландия;

15 ноябрь: Шотландия – Дания, Исроил – Фарер ороллари, Австрия – Молдова.

Бу гуруҳда 1-ўрин соҳиби аниқ. Кураш 2-ўрин учун кечади. Агар Исроил Австрия ва Фарер оролларини енгса, Шотландия эса очко йўқотса, улар 2-ўринга эга чиқиши мумкин. Акс ҳолда шотландлар 2-ўринни сақлаб қолади.

G гуруҳидаги вазият: Нидерландия, Норвегия ва Туркия ўртасида кураш

G гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

Навбатдаги ўйинлар:

13 ноябрь: Туркия – Гибралтар, Норвегия – Латвия, Черногория – Нидерландия;

16 ноябрь: Нидерландия – Норвегия, Черногория – Туркия, Гибралтар – Латвия.

Бу гуруҳда йўлланмалар учун Нидерландия, Норвегия ва Туркия кураш олиб боради. Асосий ўйин эса нидерландлар ва норвеглар ўртасида бўлиб ўтади.

H гуруҳидаги вазият: Хорватия - Россия – ҳал қилувчи баҳс

H гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

Навбатдаги ўйинлар:

 

11 ноябрь: Россия – Кипр, Словакия – Словения, Мальта – Хорватия;

14 ноябрь: Хорватия – Россия, Словения – Кипр, Мальта – Словакия.

Гуруҳ пешқадамлари номи аллақачон маълум: Россия ва Хорватия бу ўринларни эгаллайди. Фақатгина биринчи ўрин номига улар ўзаро учрашувда ойдинлик киритишади.

I гуруҳидаги вазият: Англия пешқадамликни расмийлаштириш арафасида

I гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

Навбатдаги ўйинлар:

12 ноябрь: Англия – Албания, Венгрия – Сан-Марино, Андорра – Польша;

15 ноябрь: Албания – Андорра, Сан-Марино – Англия, Польша – Венгрия.

Бу гуруҳда интрига сақланиб қолган, 3-ўриндаги Албания ҳам 1-ўринга даъвогарлик қилмоқда. Лекин имкониятлар инглизларда кўпроқ, сабаби улар 8 ўйиннинг барчасида мағлуб бўлган Сан-Маринога қарши ўйин ўтказади ва катта эҳтимол билан бу баҳсни ўз фойдасига ҳал қилади. Польша эса 1-ўринга чиқиши учун Андорра ва Венгрияни таслим этиб, «уч шерлар»нинг очко йўқотишини кутишга мажбур.

J гуруҳидаги вазият: 2-ўрин учун 4 жамоада имконият бор 

J гуруҳи

Фото: Telegram / FIFAWorldCup

Навбатдаги ўйинлар:

11 ноябрь: Арманистон – Шимолий Македония, Германия – Лихтенштейн, Руминия – Исландия;

14 ноябрь: Шимолий Македония – Исландия, Арманистон – Германия, Лихтенштейн Руминия.

Гуруҳ пешқадами Германия ЖЧ йўлланмасини биринчилардан бўлиб нақд қилган. Лихтенштейндан ташқари қолган 4 жамоада эса 2-ўрин учун курашиш имконияти мавжуд.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид