Спорт | 10:43 / 14.11.2021
21323
9 дақиқада ўқилади

Яна икки жамоа Қатарга йўлланма олди, Нидерландия яна ҳалокат ёқасида

Европада шанба оқшомида ЖЧ-2022 саралаши доирасида навбатдаги учрашувлар ўтказилди. Германия, Дания ва Бразилия ортидан Франция ҳамда Бельгия ҳам Қатардаги мундиалга йўлланмани расмийлаштирди.

Фото: AFP

Мбаппенинг покери ва Босниянинг муваффақиятсизлиги

D гуруҳи
Франция — Қозоғистон — 8:0
(Мбаппе, 6, 12, 32, 87. Бензема, 55, 59. Рабьо, 75. Гризманн, 84, пенальтидан)
Босния — Финляндия — 1:3 (Менало, 69 — Форсс, 29. Лод, 50. О'Шонесси, 73)

Интрига нуқтайи назаридан бу гуруҳда турнинг асосий ўйини Зеницада эди, бу учрашувда нафақат Босния ва Финландиянинг келажаги, балки бу турда дам оладиган Украина тақдири ҳам ҳал қилинарди. Болқонликлар майдон эгаси сифатида ўйинни кучли босим билан бошлашди, финнлар эса тезкор қарши ҳужумлар билан жавоб қайтаришди ва натижада тўп жарима майдони ичида Пьяничнинг қўлига теккач, пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Боснияликлар ҳимоясини ўйин давомида алғов-далғов қилган Пукки Шехични алдай олмаган бўлса-да, тезда хатосини тўғрилаб, кейинги ҳужумда қанотдан Форссга голли узатмани амалга оширди.

Кейин икки жамоа ҳам муҳим футболчиларини йўқотди — жароҳат олиб оёқда тура олмай қолган Колашинац ва унинг оёғига тепган Райтал майдонни тарк этди. Аммо Боснияга бу ёрдам бермади ва Пукки камчилик ҳолатида ҳар бир эпизоддан самара чиқар олиш қандай бўлишини кўрсатиб берди. Унинг ўзи гол урмаган бўлса-да, ўйинда ҳал қилувчи иккинчи гол урилишида «Норвич» форварди майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўпга етиб бориб, уни чизиқ устида тўхтатиб, ҳужумни давом эттиргани муҳим рол ўйнади.

Майдон эгалари таркибидаги юлдузлар — Пьянич ва Крунич — трибунадаги ҳуштакбозликлар остида алмаштирилди. Уларнинг ўрнига тушган жокерлар Гояк ва Менало жарима зарбасидан кейин жавоб голини юзага келтиришди, аммо финнларнинг учинчи голи уйғонган трибуналарни яна сукутга чўмдирди. Маркку Канерва жамоаси Украинани икки очколик фарқ билан ортда қолдириб, иккинчи ўринга кўтарилди. Сўнгги турда украинлар мотивациядан мосуво бўлган Боснияга сафар қилади, бу жамоа иккинчи ўринни эгаллаб плей-оффга чиқиши учун саралаш босқичидаги илк ғалабасига (имкон қадар икки тўп фарқи билан) эришиши ва финнларни қабул қиладиган Франциянинг муваффақиятига умид қилиши керак бўлади.

Йўлланмани ҳал қилиб бўлган Европа чемпионлари Финландияга меҳмонга боради. Дешам шогирдлари бу вазифани ишонч билан, кучли ва чиройли қилиб уддалашди. Мбаппе 32-дақиқага келиб терма жамоадаги илк ҳет-тригини расмийлаштирди. Статистикага кўра, француз футболчилари расмий ўйинларда бундай «шляпа билан трюк» 1985 йилдан, Доменик Рошто давридан буён ижро этилмаганди, француз футболчиси жаҳон чемпионатлари саралашидаги ўйиннинг биринчи бўлимида уч гол уриши эса сўнгги бор 65 йил муқаддам рўй берган.

Французлар рақибнинг заиф нуқталарини билиб олгач, барчасини чиройли ижро этишга киришиб кетди. Масалан, Гризманнинг «рабона»сидан кейин Бензема тўпни дарвозага чалқанча усулдаги зарба билан йўллашга ҳаракат қилди. «Реал» форвардининг бу номери амалга ошмади, аммо у барибир иккинчи бўлимда ўз мақсадига эришиб, икки гол урди ва Давид Трезегени ортда қолдирган ҳолда Франция термаси тарихидаги энг яхши бешинчи тўпурар бўлиб олди (35 гол). Агар Бензема можаро туфайли миллий жамодан бир неча йилга четлатилмаганида, унинг натижаси қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин. Аммо бу назария, амалда эса Қатарда французлар кучли ҳужум учлиги билан иштирок этишади.

Жамоа ичидаги муҳит ажойиб экани кўриниб турибди. Буни ўйин сўнггида Мбаппе пенальти тепиш ҳуқуқини Гризманнга берганида ҳам кўриш мумкин, Антуан дарвозани ишғол этгач, футболкасини кўтарди ва 13/11/15 ёзувини намойиш этиб, «Сен-Дени» стадионидаги теракт қурбонларини хотирлади. Мбаппе эса барибир покерсиз қолмади, у бу билан 1958 йилги жаҳон чемпионатида бронза учун баҳсни бенефисига айлантирган Жюст Фонтенни ёдга солди. Айтиш мумкинки, ҳозирги Франция Қатарда ўз титулини ҳимоя қилишга қатъий қарор қилганини кўрсатмоқда.

16 ноябрь. Финландия — Франция, Босния — Украина.

Норвегия Латвияда қоқилди, нидерландларга Депайнинг дубли етарли бўлмади

G гуруҳи
Черногория — Нидерландия — 2:2
(Вукотич, 82. Вуйнович, 86 — Депай, 25, пенальтидан, 54)
Туркия — Гибралтар — 6:0 (Карим Оқтуркўғли, 11. Халил Девишўғли, 38, 41. Мерих Демирал, 65. Сердар Дурсун, 81. Мерт Молдур, 84)
Норвегия — Латвия — 0:0

Бу олтиликдаги кун ўйинлари Қатар йўлланмаси учун давогар икки жамоанинг гуруҳ аутсайдерларига қарши ўйинлари билан бошланди. Турклар танаффусга қадар Бурак Йилмазнинг ассистлар борасидаги ҳет-триги эвазига Гибралтар устидан йирик ҳисоб қайд этган бўлса, жароҳат туфайли сафдан чиққан Ҳоландсиз қолган норвегияликлар Латвия мудофаасини ёриб ўта олмади.

Скандинавларнинг босими танаффусдан кейин пикка чиқди, мезбонларнинг зарбаларига гоҳ аниқлик етишмади, гоҳ Озолс тўпни қайтарди, дарвозабон тўп учун курашга чиққан паллада ҳимоячи дарвоза чизиғида тўпни тўхтатган ҳолат ҳам бўлди. Элюнусси барибир тўпни дарвозага йўллаганида эса, видеотакрор офсайд қайд этди. Арбитр ўйиннинг асосий вақтига саккиз дақиқа қўшиб бергани ҳам ёрдам қилмади, натижада Норвегия тўплар нисбати Туркияникидан ёмонроқлиги туфайли иккинчи ўринни бой берди.

Луи ван Гаал жамоаси эса, барча прогнозларга зид ўлароқ, финишга қадар интригани сақлаб қоладиган бўлди. Жамоанинг ушбу саралаш циклидаги энг яхши тўпурари Депай (11 гол) икки гол ургач, кўплар нидерландлар Қатар йўлланмасини ҳал қилиб бўлганига ишониб, ушбу юлдузнинг персонал ютуқларини муҳокама қилишга киришиб кетганди.

Биринчидан, Депай жами 14 аниқ зарба билан мамлакатнинг жаҳон чемпионатлари учун квалификация ўйинларидаги асосий тўпурарига айланди, у бу борада Руд ван Нистелрой ва Робин ван Персини ортда қолдирди. Иккинчидан, энди у терма жамоа тарихидаги энг яхши пенальтист - тўққиз бор 11 метрдан аниқ зарба йўллади ва собиқ устози Роналд Кумандан ўзиб кетди.

Бундан ташқари, бу оқшомда Депай терма жамоадаги жами голлари сонини 37тага етказиб, Деннис Берхкамп ва Арьена Роббенга етиб олди, олдинда эса фақат ван Перси (50), Клас-Ян Хунтелар (42) ва Патрик Клюйверт (40).

Подгорицадаги ўйин якунига 10 дақиқа вақт қолганида ҳам таблода 0:2 ҳисоби ёниб турарди, аммо черногорияликлар таслим бўлишни истамади ва меҳмонларнинг байрамини бузишга қарор қилишди. Энди сўнгги турда Норвегиядан мағлуб бўлишса ва  турклар  черногорияликлардан устун келишса, Нидерландия гуруҳда учинчи ўринда қолиб кетиши мумкин. Дуранг ҳисоб эса фантастик даражадаги тўплар нисбати туфайли биринчи ўринни кафолатлайди (+23).

16 ноябрь. Нидерландия — Норвегия, Черногория — Туркия, Гибралтар — Латвия.

Фаворитларнинг кутилган ғалабалари

Е гуруҳи
Бельгия — Эстония — 3:1
(Бентеке, 11. Феррейра-Карраско, 53. Т.Азар, 74 — Сорга, 70)
Уэльс — Беларусь — 5:1 (Рэмси, 2, 50, пенальтидан. Н.Уильямс, 20. Дэвис, 77. Робертс, 89 — Концевой, 87)

Бу гуруҳда барчаси кутилган сценарий бўйича кечди. Бельгия  ЖЧ-2022нинг навбатдаги иштирокчисига айланди, жамоада ўйиндан олдин ҳам байрам муҳити ҳукмрон эди, Мертенсга «қизил иблислар» сафидаги юбилей 100-ўйин учун хотира совғаси топширилди. Ушбу фахрий футболчи бошланғич таркибдан ўрин олмади, аммо Лукаку йўқлигидан Бентеке фойдаланиб қолди, у ўзи ҳисобни очиб, иккинчи бўлимда Феррейра-Карраско узоқ масофадан ажойиб зарбаси билан ҳисобдаги устунликни таъминлашида ассистентлик қилди.

Уэльс ҳам кутилганидек беларусларни осонлик билан таслим этди, икки ой давомида жароҳат туфайли ўйнай олмаган Бэйл учун шанба оқшомидаги ўйин миллий жамоа сафидаги 100-ўйин бўлди. «Реал» форварди юбилейни голли пас билан нишонлади ва танаффусда алмаштирилди, сардорлик боғичи эса бу ўйинда дубль қайд этган Рэмсига ўтди.

Эндиликда сўнгги турда Чехия иккинчи ўринга чиқиши учун эстонларни сафарда йирик ҳисобда мағлуб этиши талаб этилади. Уэльс эса иккинчи ўринни ўзида сақлаб қолиши учун ўз уйида иложи борича Бельгияга мағлуб бўлмаслиги керак, мағлубият ҳам — ҳукм эмас. Уэльсликлар ҳам, чехлар ҳам барибир Миллатлар Лигасидаги натижалари туфайли плей-оффда иштирок этади (Австрия каби).

16 ноябрь. Уэльс — Бельгия, Чехия — Эстония.

Мавзуга оид