Спорт | 19:01 / 15.11.2021
20221
8 дақиқада ўқилади

Португалия ва Россия тўғридан тўғри йўлланма ололмади. Энди ўтиш ўйинлари қандай бўлади?

ЖЧ-2022 Европа саралашида гуруҳ босқичи ўйинлари якунланишига икки кун қолди.

Фото: Спорт-Экспресс

Европада ЖЧ-2022 саралаши ўйинлари доирасида тўрт гуруҳда сўнгги турлар бўлиб ўтгач, Сербия, Испания ва Хорватия (J гуруҳида Германия олдинроқ вазифани уддалаганди) тўғридан тўғри йўлланма орқали Қатарга борадиган бўлди. A гуруҳида Португалия, B гуруҳида Швеция, H гуруҳида Россия, J гуруҳида Шимолий Македония плей-оффда йўлланма учун курашни давом эттирадиган бўлди.

Ўтиш ўйинлари нима дегани? Унда кимлар қатнашади?

Бу Қатардаги мундиал йўлланмаси учун ўзига хос плей-офф босқичидир. Ўтиш ўйинларида жами 12 терма жамоа бўлади. Бу саралаш босқичидаги 10 гуруҳда иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар ва Миллатлар Лигасида яхши иштирок этган, аммо жаҳон чемпионати саралашидаги гуруҳларда биринчи ёки иккинчи ўринларни эгаллай олмаган жамоалардир.

Улар кўҳна қитъадан яна қайси уч терма жамоа жаҳон чемпионатига боришини аниқлашади.

Қуйидагилар ўтиш ўйинларидаги иштирокини кафолатлаб бўлган:

  • Португалия
  • Швеция
  • Россия
  • Шимолий Македония
  • Шотландия
  • Уэльс
  • Чехия
  • Австрия.

Ўтиш ўйинларидаги тўрт ўрин ҳали вакант, чунки саралаш босқичида бир неча гуруҳда ҳали сўнгги тур бўлиб ўтмади ва якуний кўриниш шаклланмади. Бу ўринларни қуйидагилар эгаллаши мумкин:

  • Италия ёки Швейцария
  • Финландия ёки Украина
  • Нидерландия, Туркия ёки Норвегия
  • Англия ёки Польша.

Ўтиш ўйинлари учун қуръа 26 ноябрь куни ўтказилади. Қуръада 12 иштирокчи тўрттадан бўлиб уч қисмга ажралади («уч йўл») ва олтита яримфинал жуфтлиги ҳосил қилинади. Бу жуфтликларнинг ўзаро ўйинларида (фақат бир ўйин) олтита ғолиб финалга чиқади. Финалдаги уч ўйинда ғолиб бўлганлар Қатарга йўл олади.

Ўтиш ўйинлари 2022 йил баҳорида ўтказилади: яримфиналлар — 24 ва 25 март кунлари, финаллар — 28 ва 29 март.

Қуръадан олдин барча жамоалар «сараланган» ва «сараланмаганлар»га ажралади, бунда уларнинг саралаш босқичидаги натижалари ҳисобга олинади. «Сараланганлар» яримфинал ўйинини ўз майдонида ўтказади.

Рейтингни тузишда қуйидаги мезонларга амал қилинади:

— гуруҳ босқичида тўпланган очколар сони;
— урилган ва ўтказиб юборилган голлар фарқи;
— урилган голлар сони;
— ғалабалар сони;
— сафардаги ғалабалар сони;
— интизомий баллар (сариқ ва қизил карточкалар ҳисобга олинади).

Олти жамоа иштирокидаги гуруҳларда қатнашган жамоаларнинг гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган жамоаларга қарши ўйинлардаги натижаси инобатга олинмайди.

Жамоалар рейтинги
Айни вақтда, барча гуруҳларда ўйинлар якунланмаган ҳолатда рейтинг қуйидагича кўриниш олган:

  1. Португалия — 17 очко
  2. Россия — 16 (Мальтага қарши ўйинлардаги 6 очко чиқариб ташланган)
  3. Швейцария (гуруҳда Италиядан ўзиб кетиши мумкин) — 15
  4. Швеция — 15
  5. Польша (назарий жиҳатдан Англияни ортда қолдириши мумкин, агар инглизлар Сан-Маринога йирик ҳисобда ютқазса) — 14
  6. Уэльс (иккинчи ўринни Чехияга бой бериши мумкин, аммо Миллатлар Лигасидаги натижаси орқали плей-оффга ўтади) — 14
  7. Шотландия — 14
  8. Туркия (гуруҳда Нидерландияни ортда қолдириши мумкин) — 12
  9. Шимолий Македония — 12
  10. Финландия (иккинчи ўринни Украинага бой бериши мумкин) — 11
  11. Австрия (Миллатлар лигаси орқали)
  12. Чехия (агар гуруҳда Уэльсни қувиб ўтолмаса, Миллатлар лигаси орқали)

Португалия иккинчи ўринлар орасидаги энг кўп очкога эга ва плей-оффнинг биринчи босқичида португалларга Шотландия, Туркия/Нидерландия/Норвегия, Финландия/Украина, Шимолий Македония, Австрия ва Чехиядан бири рақиб бўлади. Лекин финал босқичида «сараланганлар» ўзаро тўқнашиши (масалан, Португалия ва Швеция) эҳтимоли юқори.

Италия плей-оффга қолиб кетиши, Нидерландия плей-оффга чиқа олмаслиги мумкин

А гуруҳи. Якшанба куни Португалия ва Сербия биринчи ўрин учун ўзаро баҳс олиб боришди. Португалларни дуранг қониқтирарди, аммо ўйин сўнггида серблар ғалабани илиб кетишди ва ЖЧга чиқишди, Криштиану Роналду жамоаси эса ўтиш ўйинларида қатнашадиган бўлди.

В гуруҳи. Якшанба куни Испания ва Швеция биринчи ўрин учун ўзаро ўйин ўтказишди. Испанларни дуранг ҳам қониқтирарди, ўйин охирида улар ғалаба голини уришди, энди шведлар ўтиш ўйинларида қатнашади.

С гуруҳи. Биринчи ўрин учун Италия ва Швейцария даъвогар, икки жамоада ҳам очколар сони тенг. Ҳал қилувчи учрашувда Швейцарияни енга олмаган Италия охирги тур натижасига кўра иккинчи ўринга тушиб кетиши ҳам мумкин. Гуруҳда барчаси сўнгги турда ҳал этилади, 15 ноябрь оқшомида Манчини шогирдлари Шимолий Ирландияга сафар қилади, швейцарияликлар Болгарияни қабул қилади. 

Италияликлар агар биринчи ўринни сақлаб қололмаса, 2-ўрин билан «сараланганлар» сафидан жой олади (фақат йирик мағлубият уларни «сараланмаганлар» қаторига қўшиши мумкин), Швейцария ҳам иккинчи ўринда қолса — плей-оффда топ-6да бўлади.

D гуруҳи. Биринчи ўринни Франция эгаллаган, сўнгги тур олдидан иккинчи ўрин учун Финландия ва Украина даъвогар. Украина ниҳоят саралаш ўйинларидаги илк ғалабасига эришиб, иккинчи ўринни олган ҳолда, плей-оффга чиқса ҳам, Россияга рақиб бўлмаслиги аниқ.

Е гуруҳи. Биринчи ўринни Бельгия эгаллаб бўлган, иккинчи ўрин учун Чехия ва Уэльс ўртасида кураш кечади. Лекин сўнгги турдан кейин вазият қандай кўриниш олмасин, бу икки жамоа ҳам плей-оффда қатнашади — иккинчи ўринни ололмаса ҳам, Миллатлар Лигасида ўз гуруҳида ғолиб бўлгани эвазига.

F гуруҳи. Дания муддатидан аввал биринчи ўринни, Шотландия эса иккинчи ўринни кафолатлаб бўлган.

G гуруҳи. Сўнгги тур арафасида ҳам кўп нарса чалкаш — бу гуруҳда нидерландлар ҳам, турклар ва норвегияликлар ҳам биринчи ўринга даъвогар. Норвегия сафарда ғалаба қозониб, Нидерландияни гуруҳда қолдириб кетиши мумкин.

I гуруҳи. Англия де-факто биринчи, уч очко ортда қолаётган Польша эса иккинчи ўриндан пастга тушиб кетмайди. Полякларда англияликларни қувиб ўтиш имкони амалда йўқ. Фақат назарий жиҳатдан, Гарет Саутгейт жамоаси сўнгги турда Сан-Маринодан йирик ҳисобда мағлуб бўлса ва поляклар ўз ўйинида Венгрия устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонсагина ўринлар алмашиши мумкин.

J гуруҳи. Германия биринчи ўринни, Шимолий Македония иккинчи ўринни эгаллади.

15-16 ноябрь кунлари яна олти гуруҳда сўнгги тур ўйинлари ўтказилади. C, F ва I гуруҳларида бугун, D, E ва G гуруҳларида эртага.

15 ноябрь кунги ўйинлар
C гуруҳи

Шимолий Ирландия — Италия
Швейцария — Болгария.

F гуруҳи
Шотландия — Дания
Исроил — Фарер ороллари
Австрия — Молдавия.

I гуруҳи
Сан-Марино — Англия
Польша — Венгрия
Албания — Андорра.

16 ноябрь кунги ўйинлар
G гуруҳи
Нидерландия — Норвегия
Черногория — Туркия
Гибралтар — Латвия.

D гуруҳи
Финландия — Франция
Босния — Украина.

Е гуруҳи
Уэльс — Бельгия
Чехия — Эстония.

Гуруҳ босқичи якунларига кўра рейтинг тахминан шундай кўринишда бўлади:

  1. Италия/Швейцария — 18 очкодан
  2. Польша — 17
  3. Португалия — 17
  4. Россия — 16
  5. Швеция — 15
  6. Туркия — 15
  7. Уэльс/Чехия — 14
  8. Шотландия — 14
  9. Шимолий Македония — 12
  10. Украина — 12/Финландия — 11
  11. Австрия — Миллатлар Лигаси орқали
  12. Уэльс/Чехия — Миллатлар Лигаси орқали

Агар Уэльс ва Норвегия сенсация қайд этмаса, сараланган жамоаларнинг илк эҳтимолий рақиблари қуйидагилар бўлади: Уэльс, Чехия, Шотландия, Шимолий Македония, Австрия, Финландия (ёки Финландиясиз беш жамоа). Бу рўйхатга Туркия қўшилиши мумкин.

Биринчи раунддан кейин қуръа тўпланган очколарни ҳисобга олмаган ҳолда ташланади ва исталган жамоалар бир-бирига рақиб бўлиши мумкин, масалан, топ-6да Португалия ва Италия тўқнаш келиши ҳам мумкин бўлади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид