Дунёдаги энг бефойда мегалойиҳалар маълум қилинди
АҚШдаги Top Luxury видеоблоги дунёдаги бефойда ва зарар келтирган энг йирик лойиҳалар ҳақида видео тайёрлади.
Видеоблог муаллифи дунёдаги энг баҳсли мегалойиҳалардан бири сифатида Испанияда қурилган Сьюдад Реал халқаро аэропортини эслаб ўтган. Испания пойтахти Мадриддаги аэропортларга тушадиган юкламани камайтириш учун мўлжалланган аэропорт қурилишига 1,2 млрд евро сарфланган. Бироқ аэропорт Мадриддан 200 км узоқликда жойлашган бўлиб, унинг қурилишида бундай олис масофага на одамлар, на авиакомпаниялар боришни истамаслиги инобатга олинмаган. Охир натижада аэропорт бор-йўғи 10 минг еврога сотиб юборилган. Иқтисодиётга кучли зарба берган пандемия вақтида аэропортнинг учиш-қўниш йўлакларида авиакомпаниялар эҳтиёж сезмаган самолётлар сақлана бошланган.
Бефойда мегалойиҳалар қаторига Мянманинг янги пойтахти – Нейпьидо шаҳри ҳам киритилган. Блогернинг таъкидлашича, мамлакатнинг аввалги пойтахти Янгон ўзига юкланган барча вазифаларни яхши уддалаган бўлса-да, ҳарбийлар тузуми пойтахтни кўчиришга қарор қилган. Нейпьидода ҳашаматли меҳмонхоналар бўлган бир нечта туман, кўплаб савдо марказлари ва 20 полосали шоссе қурилган, бироқ у ерда сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ҳамда иш ўринлари йўқлиги сабабли аҳоли у ерга кўчишни истамаган. Бунинг натижасида Нейпьидо тез орада “арвоҳ-шаҳар”га айланган.
Бироқ энг мантиқсиз мегалойиҳа сифатида Невада штатидаги Юкка тоғида радиоактив чиқиндилар учун ишга туширилмаганча қолиб кетган омбор айтилган. Тоғ одамлар яшаш жойидан олисда жойлашганига қарамай, штат аҳолиси омбор бирорта ядровий реактор мавжуд бўлмаган Невадада қурилишига норозилик билдиришган. Натижада АҚШ ҳукумати омборни қуриш бўйича кўп миллиардлик ишларни маъқуллаган бўлса-да, ўша вақтдаги президент Барак Обама лойиҳа устидаги кейинги ишларни тақиқлаган.
Мавзуга оид
12:10
Ўзбекистон аэропортларида йўловчи ташиш ҳажми 33 фоизга ошди
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
20:25 / 19.09.2024
Москва аэропортларида хорижликлар учун янги қоидалар жорий этилади
10:45 / 12.09.2024