15:45 / 17.11.2021
6482

Facebook биринчиси эмас: номини ўзгартирган гигант компаниялар

Энг йирик медиатармоқлар – Facebook, Instagram ва WhatsApp платформаларига эгалик қилувчи компания ўз номини Facebook'дан Meta'га ўзгартирди. Ҳа, дунёда нафақат кичик ва ўрта, балки гигант компаниялар ҳам турли сабабларга кўра ўз номларини ўзгартириб туришади.

Фото: Kun.uz

LG ҳар доим ҳам LG бўлмаган

Маиший техникалар соҳасида йирик компаниялардан бири LG ҳар доим ҳам шундай аталмаган. Бундан олдин LG'нинг асоси GoldStar компанияси бўлган ва 2003 йилга келиб Lucky ва Goldstar компаниялари қўшилувидан ҳозирги гигант пайдо бўлди. Ҳануз кўп уйларда Goldstar маиший техникаси учраб туради.

Янги ном компанияга катта муваффақият келтирди ва бугунги кунда LG 200 минг ортиқ ходимлар, дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларида 200 дан ортиқ ваколатхоналарга эга.

Google'ми ё Alphabet?

Сергей Брин ва Ларри Пейж 1996 йилда гаражда асос солган қидирув тизими 1998 йилга келиб расман Google номи билан қайд этилди ва шиддат билан ривожлана бошлади. 2004 йилда акциялари биржага чиқарилган Google қиймати муттасил орта бошлади ва анча вақт дунёнинг энг қиммат компанияси/бренди бўлиб турди.

2016 йилда эса компания номи Alphabet'га ўзгартирилди. Google номи эса қидирув тизими сифатида сақланиб қолаверди.

PepsiCola – Брэд ичимлиги

1893 йилда америкалик доришунос Калеб Дэвис Брэд томонидан ўйлаб топилган бу ичимлик дастлаб жуда оддий “Брэд ичимлиги” (Brad’s Drink) номи билан сотувга чиқарилган.

Биз билган “PepsiCola” номини ичимлик таркибидаги пепсин туфайли 1898 йилда олган ва ҳануз шу ном билан сотиб келиняпти.

Nike ҳам Nike эмасди

1964 йилда талаба Фил Найт томонидан асос солинган компания дастлаб Blue Ribbon Sports номи билан аталган. Бутун дунёга танилган ва энг қиммат спорт брендларидан бирига айланган Nike номига эса 1978 йилда ўтилган.

Дарвоқе, биз “найк” деб талаффуз қиладиган бу бренд аслида “найки” деб ўқилади.

Datsun'дан Nissan'га

Datsun компанияси 1981 йилда барча янги маркаларни ягона ном остида бирлаштириш учун янги ном топишга қарор қилди. Лекин ўша пайтда Datsun номидан воз кечилиши миллионлаб доллар зарар келтирган ва кескин танқидларга сабаб бўлган. Аммо вақт ўтиб Nissan номи ҳам кучли брендлардан бирига айланди, компания автомобил саноатининг етакчиларидан бири ҳисобланади.

Meta – янги ном ва янги бош оғриқлар

Facebook компанияси ўз номини Meta дея ўзгартиргани сабаблари энди кўпчиликка маълум. Гарчи Цукерберг Meta эндиликда бутунлай янги босқичга чиқиши ва қатор технологик ишланмаларни тақдим қилишини билдирган бўлса-да, кўпчилик мутахассислар аслида Facebook можаролардан зерикканини тахмин қилмоқдалар.

Лекин ном ўзгариши ҳам ўзига хос муаммоларни келтириб чиқарди. Дастлаб Аризонадаги ноутбуклар ва аксессуарлар сотиш билан шуғулланувчи Meta PCs фирмаси Meta савдо белгисига ҳуқуқни август ойидаёқ қўлга киритгани маълум бўлди ва энди компания ўз номидан фойдаланиш ҳуқуқини Марк Цукербергга 20 млн долларга сотмоқчилигини билдирди.

Бундан ташқари, Оҳайо штати прокуратураси Марк Цукербергнинг Meta (аввалги Facebook) компаниясини судга берди. Даъво компаниянинг собиқ ходимаси Фрэнсис Хауген кўрсатмаларига асосланган. Даъво аризаси штатнинг пенсия компанияси OPERS ва Meta’нинг бошқа инвесторлари томонидан берилган. Улар ўзлари кўрган зарарни 100 млрд долларга баҳолашмоқда.

Даъво аризасида компания ўз алгоритмлари борасида ёлғон хабар бергани ва ўз дастурлари фойдаланувчиларга етказиши мумкин бўлган зарарни яширгани айтилган. Даъвогарларнинг таъкидлашича, компания раҳбарияти акциялар нархини ошириш мақсадида ўз дастурларининг “хавфсизлиги, ҳимоялангани ва маълумотлар махфийлигини таъминлашини” айтиб, қимматбаҳо қоғозлар ҳақидаги қонунни бузган.

Ўзбекистонда

Юртимизда ҳам турли сабабларга кўра номлари ўзгарган гигантлар бор. Уларнинг энг машҳурлари уяли алоқа компанияларидир. Ҳозирги UMS қачондир МТС ва ундан ҳам олдин “Ўздунробита” эди. Билайн фойдаланувчилари орасида ҳануз Unitel атамаси учраб туради. UCELL эса бир вақтлар COSCOM номи билан машҳур бўлганди.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top