Жаҳон | 09:48 / 18.03.2023
5593
3 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп Facebook ва YouTube’га қайтди

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube видеохостингига икки йиллик тақиқдан сўнг илк постларини эълон қилиб қайтди. У 2024 йилда ўзининг янги президентлик кампаниясини эълон қилмоқчи экани тўғрисидаги видеони жойлаштирди. 

Фото: Getty Images

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп 17 март, жума куни Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube видеохостингига икки йиллик тақиқдан сўнг илк постларини эълон қилиб қайтди. Иккала платформадаги постларда у «Мен қайтдим!» деб ёзди ва 2016 йилги президентлик сайловидаги ғалабаси акс этган видеони жойлаштирди. Видеода у шундай деган: «Сизни куттириб қўйганим учун узр. Мураккаб масала». Видеонинг охирида унинг 2024 йилги янги президентлик кампанияси қуйидаги шиор билан эълон қилинган: «Американи яна буюк қиламиз!» («Make America great again!»). 

YouTube’да Трампнинг видеоси ушбу янгиликни ёзиш пайтида, яъни эълон қилинганидан тахминан етти соат ўтиб, 200 мингдан ортиқ кўрилди. Facebook’да бир вақтнинг ўзида эълон қилинган пост тахминан 470 минг кўрилган ва 112 минг лайк йиғган.

YouTube кеча Трампнинг аккаунтини тиклади. Компания ўз твитини жойлаштирди, унда «ҳақиқий зўравонликнинг давом этаётган хавфи синчковлик билан баҳолангани», шунингдек, сайловчиларга сайлов олдидан асосий номзодларнинг фикрларини тенг эшитиш имкониятини бериш муҳимлиги таъкидланган.

Собиқ президентнинг Facebook ва Instagram’даги аккаунтлари февраль ойи бошида тикланган эди. Meta компаниясининг глобал масалалар бўйича президенти Ник Клегг, агар Трамп яна қоидаларни бузса, у икки йиллик тақиқ таҳдидига дуч келишини айтди. Twitter Трампнинг аккаунтини 2022 йилнинг ноябрь ойида, микроблоглар хизматининг янги эгаси Илон Маск ушбу масала бўйича фойдаланувчи орасида овоз бериш жараёнини ўтказганидан кейин блокдан чиқарган эди.

2021 йил январида Капитолийга ҳужум рўй берганидан сўнг энг йирик ижтимоий тармоқлар сиёсатчининг саҳифаларини блоклаб қўйиб, уни «зўравонликка ундаш хавфи»ни яратишда айблади. Ҳужумга Трамп тарафдорларининг АҚШ президентлик сайловлари натижаларига қарши чиққани сабаб бўлган, ўшанда у демократ Жо Байденга ютқазган. Популист республикачининг ўзи овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортди. 2022 йил декабрь ойида Конгресс қўмитаси уни Капитолийга бостириб киргани учун жиноий жавобгарликка тортишга чақирди. 

Январь ойи охирида Доналд Трамп навбатдаги сайловларда иштирок этиш ниятида эканлигини маълум қилди. Март ойи бошида Флорида штатининг Орландо шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ Консерваторлар конференцияси (CPAC) сўровида у 62 фоиз овоз билан ғолиб чиқди. 

Мавзуга оид