Ўзбекистон | 14:58 / 17.11.2021
4625
2 дақиқада ўқилади

“Фарзандларингга нимадир кўтариб келолмасанг алам қилади” — ногиронлик аравачасида қолаётган бекободлик йигит ўкинчи

“Турмуш ўртоғим баъзида кечалари мендан бекитиб йиғлайди. Буни кўриш азоб. Бир ўзимга ҳам рўзғор тебратиш, ҳам уларни даволатиш қийинлик қиляпти. Чунки даволатиш учун катта маблағ керак экан”, — дейди беморнинг турмуш ўртоғи.

Меҳнатда тобланган, хасталикка қадар оиласини ҳеч нарсадан зориқтирмаган бекободлик Баҳрилло бугун ногиронлик аравачасида, мустақил ҳаракатлана олмайди. Унда умуртқа чурраси сабаб умуртқа поғонасидан ўтган орқа мия нерв толалари қисилиб қолади. Шунинг оқибатида беморнинг қўл-оёқлари ҳаракатдан тўхтаган.

“Ногиронлик нафақаси эвазига кун кечирамиз. Нафақа ўзимнинг дориларимдан ортмайди. Кўчага чиқиб пул топиб келолмайман. Фарзандларингга нимадир кўтариб келолмасанг алам қилади одамга. Ҳиндистонда операция қилдирсам тузалиб кетишимни айтишди шифокорлар”, — дея ўкинади у.

Баҳрилло икки нафар фарзанд – бир ўғил ва бир қизнинг отаси. Отасининг хасталигидан эзилаётган қизалоқнинг кўзёшлари инсон қалбини титратади.

Фото: Kun.uz

Ҳозир оилада ҳеч ким ишламайди, чунки беморга мунтазам парвариш зарур. Турмуш ўртоғи шу сабабдан ҳеч қаерда ишлай олмаслигини айтади: “Оилада эркак киши бош бўлсин экан, аёл оилани эплаши, рўзғорнинг кам-кўстини қилиши қийин экан.

Турмуш ўртоғим баъзида кечалари мендан бекитиб йиғлайди. Буни кўриш азоб. Бир ўзимга ҳам рўзғор тебратиш, ҳам уларни даволатиш қийинлик қиляпти. Чунки даволатиш учун катта маблағ керак экан. Ўзлари оиламизга бош бўлиб, болаларимизни етаклаб юришларини сўрайман фақат. Ўша кунларни кўриш орзуси билан яшаяпмиз.

Илгари соғлом пайтларида кўчадан тўлиб-тошиб кириб келардилар. Нима топсалар болаларига илинардилар. Қанийди, ўша кунлар қайтиб келса. Ўша вақтларни соғинамиз.

Шифокорлар операцияни тезлаштиришимизни айтишяпти. Баъзан мазалари қочади, касаллик хуруж қилади. Шунда қайтмай қолишларидан қўрқаман”, — дейди турмуш ўртоғи Шаҳло Ҳасанова.

Баҳриллонинг оёққа туришига, жамиятда ўз ўрнига қайтишига ҳисса қўшишни истаган саховатли инсонлар кўпчилик эканига умид қиламиз.

Фото: Kun.uz

Баҳрилло Ҳасановга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0451 5201 0676 Баҳрилло Ҳасанов номида

Сбербанк: 5336 6903 9913 3901 қариндоши Ғаффор Муҳсинжонов номида.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид