Ўзбекистон | 10:37 / 17.11.2021
4188
5 дақиқада ўқилади

Қандли диабет бу чорасизлик эмас: ушбу хасталикка чалинганлар учун концерт тадбири ўтказилди

Самарқанд шаҳрида Халқаро диабетга қарши кураш куни муносабати билан Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиали, Эндокринология кафедраси ва “Умид Д” хайрия жамғармаси ҳамкорлигида қандли диабет билан оғриган беморлар учун “Уч авлод учрашуви” концерт дастури ташкил қилинди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

Тадбирда Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаев ва вилоят бош эндокринологи, эндокринология кафедраси мудири Гулзода Негматова иштирок этди ва сўзга чиқди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, 1921 йилда бир гуруҳ канадалик олимлар инсулин молекуласини кашф этишган ва бу кашфиёт натижасида, қандли диабетни даволашнинг янги усулига асос солинган. Бу даво усули минглаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолди.Инсонларҳаётини сақлаб қолишга қодир бу кашфиёт онкологик касалликларни даволашдаги антибиотикларни кашф қилиш билан бир қаторга қўйилди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

1991 йилда Халқаро диабет федерацияси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бутун дунёда диабет касаллигининг ошиб бораётгани сабабли 14 ноябрь “Диабетга қарши кураш куни” сифатида эълон қилинди. 2006 йилда Ўзбекистон БМТнинг қандли диабет бўйича конвенциясига аъзо бўлди ва “Ноябрь – диабетга қарши кураш” ойлиги деб эълон қилинди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

Ҳозирги кунда вилоятда жами аҳоли ўртасида қандли диабет билан назоратда турганлар сони 32768 нафарни ташкил қилади. Шундан қандли диабетнинг биринчи тури билан 1534, иккинчи тури билан 31234 киши оғриган ва 346 нафар бола ҳам ушбу касалликка чалинган. 2738 нафар фуқарода янги ҳолат аниқланган.

“1980 йилдан бери дунёда қандли диабет билан оғриган беморларнинг умумий сони 5 баробар ошди. 2018 йилдаги маълумотларга кўра, 422 миллион киши ушбу касалликдан азият чекмоқда, бу Ер юзидаги аҳолининг деярли 10 фоизини ташкил қилади. Касаллик сонининг кўпайишига асосий сабаб, аҳоли турмуш тарзининг ўзгариши (жисмоний ҳаракатсизлик, нотўғри овқатланиш, чекиш ва спиртли ичимлик истеъмол қилиш). Агар ҳозирги ҳолат сақланиб қолса, 2030 йилга бориб касалланишлар сони икки баравар кўпаяди ва ер юзидаги умумий аҳолининг 20 фоизини ташкил қилади, деб тахмин қилинади. Қандли диабетнинг олдини олиш ва профилактикаси учун аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш талаб этилади. Айниқса, ортиқча тана вазнига эга, наслий мойиллиги бўлган инсонлар доимий жисмоний ҳаракатда бўлишлари, парҳезга қатъий амал қилишлари ва ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари тавсия қилинади” дейди тиббиёт фанлари номзоди, доцент Назира Каримова.

Ноябрь ойида бир қанча тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, «Умид-Д» вилоят қандли диабет беморлари ва ногиронларига ёрдам берувчи хайрия маркази ўзининг 25 йиллигини нишонламоқда. «Умид-Д» хайриямаркази 1996 йилда Самарқанд вилоят эндокринология диспансериврачлари, қандли диабети бор болаларнингота-оналари билан биргаликда ташкил этилган бўлиб, 25 йил давомида қандли диабети бор беморларга амалий ёрдам бериб келмоқда. Бугунга келиб Самарқанд вилоят эндокринология диспансери Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиали номини олди. Марказда умумий эндокринология, диабетология, тиреоидология, диабетик тўпиқ, болалар реанимацияси, лаборатория диспансер бўлимлари, шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт институти эндокринология кафедраси фаолият олиб бормоқда.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

Қандли диабет билан оғриган болаларга тиббий муассасалар, хусусан, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиали томонидан мунтазам кўмак бериб келинмоқда. Жумладан, беморлар йил давомида бепул инсулин аналоглари левемир, новорапид, апидра, лантус каби дори воситалари билан таъминланмоқда. Йил давомида филиалда стационар шароитда 2998 нафар бемор даволаниб чиқди. 

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

Тадбир сўнгида кўришда муаммоси бўлган беморлар кўриги ташкил этилиб, уларга кўзойнаклар, қандли диабет 2-тури билан оғриган беморларга қанд миқдорини туширувчи ва гипотензив дори воситалари бепул тарқатилди. Болажонларга совғалар улашилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид