Ўзбекистон | 07:52 / 17.11.2021
3253
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар томонидан очиладиган бизнес мактабларига давлат томонидан субсидия ажратилади

Президентнинг “Таълим масканларида бизнесга ўқитиш ва молиявий саводхонликни оширишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Савдо-саноат палатаси томонидан тажрибали тадбиркорларни мактаб, профессионал таълим муассасалари ва олийгоҳларда мотивация дарслари, мастер класслар ўтказиб бориши, бизнес юритиш ва тадбиркорлик бўйича мактаблар ташкил этган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан мактаблар ташкил этиш амалиёти жорий этилади.

Бизнес юритиш ва тадбиркорлик бўйича мактабларининг асосий вазифалари этиб:

  • тажрибали тадбиркорлар томонидан бизнес юритишни ўргатиш, тадбиркорлик фаолияти турлари бўйича малака ошириш курслари ташкил этиш;
  • тадбиркор фаолиятига тегишли ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар тизими, кредит олиш, инвестиция жалб қилиш, бизнес-режалар тайёрлаш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, савдо бозорларини топиш ва бошқалар учун зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий билим эгаллашига кўмаклашиш;
  • тадбиркорлик ва бизнес бошқаруви оид фанларни пухта ўзлаштиришда асосий бизнес кўникмаларини шакллантириш учун кейслар, веб-саҳифалар ва бошқа ўргатувчи контент яратилишини ташкил этиш;
  • ёшлар орасида молиявий саводхонликни оммалаштириш ва уларни мукаммал ўзлаштириш учун зарур шароитлар яратиш, тадбиркорлик ва бизнесни бошқариш соҳасида ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини мувофиқлаштириш ва замонавий бизнес таълими кўникмаларини ривожлантириш белгиланади.

Тадбиркорлар таълим муассасаларига мотивация дарслари ва мастер класслар ўтказишга жалб этилганда давлат таълим муассасаларининг ушбу жараён билан боғлиқ харажатлари бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан Бизнес юритиш ва тадбиркорлик бўйича мактабларни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш учун ушбу мактабларни ташкил этиш учун бюджет маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид