Жаҳон | 14:33 / 18.11.2021
6388
3 дақиқада ўқилади

Деҳлидаги заҳарли тутун: Ҳиндистон пойтахтидаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси қабул қилинган стандартлардан юқори

Ҳиндистон пойтахти ҳукумати вакиллари ҳаво ифлосланишининг кескин даражаси туфайли барча мактаб ва коллежларни ноаниқ муддатга ёпди. Мегаполисда қурилиш ишлари ҳам тўхтатилган, ўн битта кўмир электрстанцияларидан фақат бештаси ишлаяпти.

Фото: Reuters

Деҳлида PM2,5 – одамларнинг ўпкасига кириши мумкин бўлган ҳаводаги майда заррачалар даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган нормалардан анча юқори.

Масалан, PM2,5нинг 0дан 50гача бўлган даражаси ҳаво тоза эканини, 51дан 100гача бўлган даражаси эса қониқарли эканини англатади. Деҳлида мазкур даража 400ни, шаҳарнинг айрим туманларида эса 500ни ташкил этмоқда.

Фото: Getty Images
Фото: Reuters

Автомобиль ва саноат чиқиндилари, чанг ҳамда об-ҳаво шароитлари каби омиллар Деҳлини дунёдаги энг ифлосланган шаҳарга айлантиряпти. Қиш ойларида қўшни штатлардаги фермерлар ҳосил йиғиб олингач, бошоқли дон поялари қолдиқларини ёқиб юборганида ҳаво айниқса заҳарли бўлади.

Ноябрь ойида ҳиндларнинг беш кун давом этадиган Дивали фестивалидан кейин ҳам ҳаво сифати ёмонлашади.

Фото: Getty Images
Фото: Getty Images

Деҳли аҳолиси қиш фасли яқинлашганда ҳар йили бир хил ҳолатни бошдан кечиради: ҳаво кулранг тус олади, одамларнинг бурни битиб, кўзлари ачишади, касалхоналар йўтал ва нафас қисиши шикояти билан келган беморлар билан тўлади. Деҳлида ҳатто нафас олиш ҳам хавфли бўлиб қолади.

Ҳар йили Ҳиндистон Олий суди штат расмийлари ва федерал ҳукуматни масъулиятли бўлишга чақириб, ҳавони тозалаш учун режалари ҳақида сўрайди.

Ҳар йили Деҳли расмийлари ҳавони тозалаш учун бир хил чора қўллайди, бироқ улар узоқ муддатли истиқболда ҳаво сифатини яхшилашга деярли ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Фото: Reuters
Фото: EPA

Экологларнинг фикрига кўра, ҳавони тозалаш кескин чораларни талаб этади. Бу эса мамлакат раҳбарияти учун ҳозирча устуворликка эга эмас.

Жорий йилда ҳавонинг ифлосланиши шу даражада даҳшатли бўлдики, Ҳиндистон Олий суди Деҳли, қўшни штат ва федерал ҳукумат расмийларига муаммони ҳал қилиш учун шошилинч ва фавқулодда чоралар кўришни буюрди.

Шундан кейин Деҳли ҳаво сифатини назорат қилиш комиссияси шошилинч чоралар ҳақида эълон қилди.

Фото: Getty Images

Мактаблар ноаниқ муддатга ёпилишидан ташқари расмийлар Деҳли ва қўшни штатлар – Уттар-Прадеш, Панжоб, Харьяна и Рожастҳан штатларига 21 ноябрга қадар юк машиналари киришини тақиқлади. Истисно фақат биринчи эҳтиёж товарлари ортилган юк машиналари учун амал қилади.

Комиссия автомобилларнинг чиқинди газлари билан ҳавонинг ифлосланиш даражасини камайтириш учун Деҳли ва қўшни штат расмийларига компанияларнинг 50 фоизигача бўлган ходимларига яқин кунларда уйдан ишлашга рухсат беришни тавсия қилди.

Мавзуга оид