Ўзбекистон | 08:55 / 18.11.2021
3782
1 дақиқада ўқилади

Россия ўзбекистонлик талабаларнинг бепул таълим олиши учун квоталар миқдорини уч баробарга оширади

Россия кейинги ўқув йилида ўзбекистонлик талабалар учун РФ олий ўқув юртларида бепул таълим олиш квоталари миқдорини 750 ўринга ошириши мумкин. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Россия-Ўзбекистон иккинчи таълим форумида маълум қилди.

Фото: jopus

«Сўнгги уч йил ичида Россия томони ҳар йили федерал бюджет ҳисобидан Ўзбекистон фуқароларига Россия олий ўқув юртларида ўқиш учун ажратиладиган грант ўринларини босқичма-босқич ошириб бормоқда», - деди вазир. 

Келгуси 2022/2023 ўқув йилида Россия ҳукумати томонидан тақдим этилган квоталар сони 750 ўринни ташкил этиши кутилмоқда, бу 2018 йилга нисбатан уч баравар кўпдир. 

«Биз буни Россия томонининг мамлакатимиз иқтисодиёти учун малакали кадрлар тайёрлашга қўшган салмоқли ҳиссаси деб биламиз. 

Россия университетларининг улкан илмий салоҳияти муҳандислик, тиббиёт ва гуманитар соҳалардан бошлаб, жуда кенг йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор бўлиш имконини беради», — деди Абдуқодир Тошқулов. 

Вазир бугунги кунда Ўзбекистонда Россиянинг 15 та етакчи олий ўқув юртларининг филиали фаолият юритаётганини, улардан 12 таси 2018 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда очилганини таъкидлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид