Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2026 йил июни Украина учун энг оғир ойлардан бири бўлди — БМТ
2026 йил июн ойи Украинада тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони бўйича Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён энг оғир ой сифатида қайд этилди. БМТ маълумотларига кўра, Россия ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони кетма-кет учинчи ой ўсишда давом этмоқда.
Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгашининг 9 июл куни бўлиб ўтган йиғилишида ташкилот бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш бўйича ўринбосари Розмари Дикарло маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, июн ойида Россия ҳужумлари натижасида камида 265 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна 1816 киши турли даражада жароҳат олган.
Дикарло таъкидлашича, бу рақамлар ҳозирча дастлабки ҳисобланади ва кейинги текширувлар натижасида қурбонлар ҳамда жабрланганлар сони янада ортиши мумкин.
Уруш бошланганидан бери 16 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган
БМТ маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери мамлакатда камида 16 402 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Улар орасида 802 нафар вояга етмаган бола ҳам бор.
Шунингдек, тўрт йилдан ортиқ давом этаётган уруш мобайнида 48 428 нафар тинч аҳоли жароҳатланган.
Июл ойида ҳам қурбонлар сони ўсишда давом этмоқда
БМТ вакилларининг таъкидлашича, ташвишли вазият июл ойида ҳам сақланиб қолмоқда.
Розмари Дикарлонинг айтишича, Россиянинг 2, 6 ва 8 июл кунлари Украина шаҳарлари марказларига берган зарбалари ўнлаб тинч аҳолининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган. У бу ҳужумлар муайян такрорланувчи характерга эга эканини қайд этди.
БМТдаги Латвиянинг доимий вакили Санита Павлюта-Десланде маълум қилишича, фақат июл ойининг биринчи ҳафтасидаёқ Украинада Россия ҳужумлари натижасида камида 93 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 500 нафардан ортиқ киши жароҳат олган.
БМТ зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди
БМТ кузатувларига кўра, Украинада тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони ҳар йили баҳор ва ёз ойларида кўпайиб келган. Бироқ 2026 йилдаги кўрсаткичлар аввалги йилларга нисбатан анча юқори даражага чиққан.
Шу муносабат билан Розмари Дикарло Украинада зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз ўт очишни тўхтатишга чақирди.
Унинг таъкидлашича, бундай қадам БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ ва БМТнинг тегишли резолюцияларига мувофиқ адолатли, барқарор ва кенг қамровли тинчликка олиб келиши лозим.
Мавзуга оид
09:30
Саратов НҚЗдаги асосий қурилма ишдан чиқди — Reuters
22:47 / 09.07.2026
Ҳиндистон Хитойни ортда қолдириб, Россия нефтининг асосий харидорига айланди
21:30 / 09.07.2026
Украина Азов денгизида Россиянинг 20 дан ортиқ кемасига зарба берди. Бу ҳақда нималар маълум?
20:36 / 09.07.2026