08:28 / 20.11.2021
5906

Ўзбекистон ва Қирғизистон Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашди

2021 йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Таалатбек Масадиков билан учрашув ўтказди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, мулоқот чоғида икки томонлама муносабатлар ва халқаро сиёсат кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган очиқ ва ишончли мулоқот туфайли Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг ижобий суръатларда ривожланаётгани қайд этилди.

Афғонистондаги бугунги вазият, унинг халқаро хавфсизликка таъсири, мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви, шунингдек, афғон халқига фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Таалатбек Масадиков билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар давомида икки давлатнинг Афғонистон йўналишидаги ўзаро ҳамкорлигига оид айрим масалалар муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Top