Жаҳон | 20:05 / 21.11.2021
22457
12 дақиқада ўқилади

Дунёдаги илк метрополитеннинг қурилиши ёхуд шаҳар транспортида содир бўлган инқилоб

Инсоният томонидан темир йўл қурила бошланиши тараққиётни анча тезлаштириб юборган бўлса, ерости темир йўли – метро қурилиши шаҳар транспортида ҳақиқий инқилоб бўлган. Шаҳарсозлик айнан метролар қурила бошлангандан сўнг янада ривожланган.

Йирик шаҳарларда энг муҳим иш жамоат транспортининг тўғри йўлга қўйилиши ҳисобланади. Дунёнинг йирик шаҳарларида бу муаммони ҳал қилиш учун энг яхши ечим сифатида ерости ва ерусти метролари қурилган. Аммо метроларни қуриш ҳазилакам иш эмас: катта маблағдан ташқари узоқ вақт ҳам талаб қилинади. Ўз вақтида дунёдаги илк ерости темир йўли – Лондон метросини қуриш ҳам осон бўлмаган.

Фото: redbubble.com

XIX аср ўрталарига келиб Европа ва Американинг турли шаҳарларида аҳоли сони кўпайиб, кўчаларида ҳаракатланиш қийинлаша бошлади. Ўша пайтларда ҳали автомобил кашф этилмаган, шаҳарларнинг тор кўчаларига темир йўлларни олиб киришнинг мутлақо иложи йўқ эди.

Шу сабабли шаҳар транспорти вазифасини от қўшилган арава – извошлар бажарарди. Сон-саноқсиз извошлар пиёдалар ҳаракатланишига халал бериш билан бирга шаҳар кўчалари от ахлати билан ифлосланишига сабаб бўларди.

Фото: alamy.com

Ўша пайтда Лондон аҳолиси 2 миллиондан ошган, шаҳар кўчалари тор, извошлар ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши тобора қийинлашарди. Шаҳар кўчалари бўйлаб йўловчи ташиш учун бир қанча от қўшилган махсус арава – омнибуслар хизмат қила бошлаши билан тор йўлларда тирбандлик янада ошади.

Ана шундай ҳолатда, Буюк Британия пойтахтида ер остидан темир йўл линиялари тортишга қарор қилинади.

Фото: alamy.com

Темза остидан ўтказилган тоннел

1818 йил франциялик муҳандис Марк Бюнел Лондон бўйлаб оқадиган Темза дарёси остидан тоннел ўтказиш лойиҳасини ишлаб чиқади. Лойиҳа бўйича 1825-1843 йиллар оралиғида қурилиш ишлари олиб борилади ва дунёдаги илк ерости тоннели қуриб битказилади. Ўшанда тоннелнинг кенглиги 11 метр, баландлиги 6 метр бўлган.

Аввалига мазкур тоннел пиёдалар учун хизмат қилган. Кейинчалик, 1865 йилда Лондонда дунёдаги илк метро ишга туширилгач шаҳар бўйлаб ўтган темир йўлнинг бир қисми шу тоннел орқали ўтказилади. Шу тариқа ундан йўловчи ҳамда юк поездлари ҳам ўта бошлайди.

Фото: alamy.com

Темза остидан ўтказилган тоннелни Лондон метросининг онаси деб аташади. Ўша пайтда қийин шароитда дарё остидан тоннел ўтказилгач муҳандислар ер остидан темир йўл тортиш лойиҳаларини тайёрлай бошлашади.

Лондон метроси қурилиши

Лондонда илк ерости темир йўлларини қуриш режаси 1850 йилда пайдо бўлган. Ўша пайтда Буюк Британия пойтахтида темир йўл тармоқлари кўп эди. Шаҳар аҳолисига олтита темир йўл вокзали хизмат кўрсатган. Булар – Лондон-бридж, Юстон, Паддингтон, Кингс-Кросс, Бишопсгейт ва Ватерлоо.

1855 йилда Парламент акти билан  Metropoliten Railway номли ерости темир йўли қурилишига рухсат берилади. Бу ерости темир йўли Паддингтон ва Кингс-Кросс темир йўл вокзалларини Фаррингдон бекати билан ўзаро боғлаши лозим эди. Ушбу қурилишни молиялаштиришни Great Western Railway темир йўл компанияси зиммасига олади.

Қурилиш ишлари маблағ етишмовчилиги туфайли режадагидан бироз кечикиб 1860 йил февралда бошланади. Ўшанда ерости темир йўли қурилиши бекор қилиниши ҳам мумкин эди. Аммо бу ишни амалга ошириш тарафдори бўлганлар шаҳар ҳокимлигидан маблағ ажратишни ва қурилишни қўллаб-қувватлашни сўрашади. Бунда маҳаллий адвокат Чарлз Пирсоннинг ҳиссаси катта бўлади. Шу сабабли бу инсонни Лондон метросининг отаси деб ҳам аташади.

Пирсон шаҳар транспорт корпорациясини қурилишга маблағ ажратишга кўндиради. Шу тариқа ишлар бошланади. Қурилишнинг бош муҳандиси этиб Жон Фоулер тайинланади. Пирсон эса илк метро линияси очилишидан бир неча ой аввал вафот этади.

Лондон метросида тоннеллар хандақ усулида қазилган. Аввал бўйи 10 метрли чуқур қазилган. Чуқурга темир йўл ётқизилиб, усти аркасимон ғиштли гумбаз қилиб ёпилган. Сўнг гумбазларнинг тепаси тупроқ билан тўлдирилган.

Фото: alamy.com

Дунёдаги илк метронинг очилиши

Ниҳоят 1863 йил 10 январь куни Metropoliten Railway’нинг илк йўналиши Metropoliten Line очилади. Линиянинг узунлиги 6 километр, бекатлар сони эса еттита эди: «Бишопс Роуд» (аввалги «Паддингтон»), «Эджвер-роуд», «Бейкер-стрит», «Портленд-роуд» (аввалги «Грейт-Портленд-стрит»), «Гауэр-стрит» (аввалги «Юстон-сквер»), «Кингс-Кросс» (аввалги «Кингс-Кросс Сент-Панкрасс») ва «Фаррингдон-стрит» (Фаррингдон).

Метрода ҳаво сўриш ускуналари ўрнатилмагани учун вагонларни тортиб юрадиган тепловоз ҳамма ёқни тутунга тўлдириб юборади. Шундай бўлса-да ер ости темир йўли қисқа муддатда лондонликлар учун оммабоп транспорт турига айланади.

Метро илк очилган пайтда кунига ўртача 26 000 нафар йўловчига хизмат кўрсатган. Бир йил давомида эса 9,5 миллион нафар йўловчи ташиган. 1864 йилда бу кўрсаткич 12 миллион нафарни ташкил этган.

Метрополитен қурилиши билан шуғулланаётган компания Лондон аҳолисининг метродан фаол фойдаланаётганини кўриб 1863 йилда янги линия қурилишини бошлаб юборади. 1864 йил 30 июнда иккинчи линия ҳам ишга туширилди ва бекатлар сони 13тага етади.

Фото: digilander.libero.it

Шундан сўнг турли қурилиш компаниялари томонидан бирин-кетин янги линиялар, янги бекатлар қурила бошланади. 1890 йилдан бошлаб Лондон метрополитенида илк марта электр билан ҳаракатланадиган локомотивлардан фойдалана бошланади.

Лондон метросини қуришда турли компанияларга имконият берилган. Ҳатто АҚШдан келган инвесторлар ҳам унинг бир қисмини қуришган.

ХХ аср бошларида Лондон метрополитенидаги турли йўналишларга бир-биридан мустақил, еттита компания хизмат кўрсатган. Шу сабабли турли линиялар бир-бирига ўзаро боғланмаган эди.

Аҳоли бир линиядан иккинчисига ўтиш учун ер юзасига чиқиб, сўнг иккинчи линияга тушиши керак эди. Бу ҳолат Лондон аҳолисига ноқулайлик келтириб чиқара бошлайди.

Шундан сўнг Лондон метрополитенининг турли йўналишларига эгалик қилаётган компаниялар келишиб уларни ўзаро боғлай бошлайди. Шу тариқа метрополитеннинг маълум қисми яхлит транспорт тизимига айланади. Шунингдек, иккинчи тарафдан метрони электрлаштириш ишлари ҳам олиб борилади.

1933 йилда Лондон шаҳар ҳокимлигининг қарори билан метрополитенда хизмат кўрсатаётган барча компаниялар «Лондон йўловчи транспорт департаменти»га бирлашади. Кейинчалик унинг номи London Transport’га қисқартирилади.

Иккинчи жаҳон уруши бошланганда Лондонда янги метро йўналишларини қуриш ишлари тўхтаб қолади. Германия авиацияси Буюк Британиянинг турли шаҳарларини бомбардимон қилганда ҳукумат Лондон метросига вақтинчалик бошпана сифатида 200 минг аҳолини жойлаштиради.

Фото: maxpark.com

Урушдан сўнг 1948 йилда Лейбористлар партиясидан Бош вазир этиб сайланган Клемент Эттли Лондон метрополитенини национализация қилади ва метрополитен бошқарувини Транспорт вазирлигига ўтказади.

1970 йилда метрополитен бошқаруви Лондон шаҳар кенгаши ихтиёрига ўтказилади. 1994 йилда Лондон метросидаги линиялар яна хусусийлаштирила бошланади. 2000 йилдан метрополитен давлат-хусусий сектор шерикчилиги асосида бошқариб келинмоқда.

Лондон метрополитенида паравозлар қатнови 1961 йилга келиб тугатилади. Аммо яна 10 йил давомида паравозлардан хўжалик ишларида фойдаланишади.

Лондон метрополитени ҳақида қизиқарли маълумотлар

1948 йилда Лондон метрополитенида жами 720 миллион нафар йўловчи ташилади. Бу ўша давр учун етиб бўлмас натижа эди. Бу рекорд 1985 йилга келиб янгиланади ва шу йили 762 миллион нафар йўловчи ташилади.

Лондон метрополитенида чиптасиз юрган йўловчиларга 80 фунт стерлинг жарима солинади. Жарима 21 кунгача тўланса, унинг 50 фоизи ҳисобланади.

Лондон метрополитенида биринчи эскалатор 1947 йилда ўрнатилган. Бугун бу метрода жами 426 та эскалатор, 164 та лифт бор. Энг узун эскалатор 60 метр ва у 27,4 метр баландликка олиб чиқади.

Фото: digilander.libero.it

Лондон метрополитени бугун дунёдаги энг тиқилинч ер ости йўли ҳисобланади. Бу ерда ҳам поездларнинг ўз вақтидан кечикиб келиши ҳолатлари тез-тез учрайди. Шу сабабли йўловчилар маълум вақтини метро поездларини кутиш учун йўқотади.

2010 йилда 330 минг йўловчи поездлар кечиккани учун вақт йўқотганини айтиб метрополитендан товон пули ундириш талаби билан чиқади. Ўшанда уларга жами 2 миллион фунт стерлинг тўлаб берилади.

Лондон метрополитенида хавфсизлик масалалари бўйича ишлар жуда яхши ташкил этилган. Йўловчилар эҳтиёт бўлишлари ҳақидаги эълонлар доимий равишда бериб борилади.

Лондон метрополитенида хавфсизлик ва жамоат тартибини Буюк Британия транспорт полицияси ходимлари таъминлайди. Бу ердаги бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти одамлар ўз жонига қасд қилишга уриниши ортидан келиб чиқади. Бу ерда ҳар йили ўртача 50 киши ўз жонига қасд қилади.

Лондон метрополитени ногиронларга яратилган шароитлар бўйича сўнгги ўринларни эгаллайди. Бу ердаги кўплаб бекатларда ногиронлар ҳаракатланиши учун махсус зина ёки йўлаклар қилинмаган. Ногиронлар учун бошқа қулайликлар ҳам йўқ.

Лондон метрополитени бекатлари ҳам дид билан безатилган.

Фото: digilander.libero.it

Лондоннинг турли қисмларида жойлашган бекатларда шаҳарнинг ўша қисмида жойлашган машҳур бинолар ёки бошқа объектларнинг рамзи ва у ҳақдаги маълумотлар берилган.

Масалан, Бейкер-стрит бекатида Артур Конан Дойл асарлари қаҳрамони бўлган машҳур изқувар Шерлок Холмснинг тасвири туширилган. Бунга сабаб асарда Шерлок Холмс яшаган уй айнан Бейкер-Стрит кўчасида жойлашган. Шунингдек, Лондон метрополитенида кўплаб фильмларнинг эпизодлари суратга олинган.

Фото: alamy.com

Лондон метрополитени 24 соат давомида фаолият кўрсатади.

Лондон метросида поездларнинг тўқнашуви ҳам содир бўлиб туради. Биринчи ҳодиса 1938 йилда содир бўлган ва унда 12 нафар йўловчи тан жароҳатлари олган.

Лондон метрополитенида...

Энг узун йўналиш 54,9 километр, «Уэст Раислип» ва «Эппинг» бекатлари оралиғи. Бу ерда поезд тўхтамасдан 1 соат 28 дақиқа ҳаракатланади.

Бекатлар орасидаги энг узун ўтиш йўлаги 6,26 километр, «Челфонт-энд-Лэтимер» ва «Чешем» бекатлари орасида жойлашган.

Энг қисқа йўлак 260 метр, «Лейстер Сквер» ва «Ковент Гарден» бекатлари оралиғида.

Энг узун эскалатор 60 метр узунликда «Энджел» бекатида, энг қисқа эскалатор «Стратфорд» бекатида 4 метр узунликда ўрнатилган.

Энг чуқур шахта лифти 55 метр, «Хампстед» бекатида жойлашган.

Энг чуқур бекат кўча юзасидан 59 метр чуқурликда жойлашган, «Хампстед» бекати.

Фото: coqrafiya.info

Энг юзаки қурилган бекат кўча юзасидан 5,9 метр чуқурликда жойлашган, «Редбридж» бекати.

Шаҳар марказидан энг узоқда «Амершам» бекати жойлашган,  38,1 километр,

Энг кўп йўловчи «Ватерлоо» бекатидан ўтади, йилига 100 миллиондан кўпроқ.

Лондон метросининг узунлиги 420 километр, бекатлар сони 270 тани ташкил этади.

Фото: coqrafiya.info

Ушбу метрополитендан кунига 3 миллион киши фойдаланади ва бу кўрсаткич бўйича Москва ва Париж метросидан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

Лондон метросида чекиш 1987 йилда, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш эса 2008 йилда тақиқланган.

Лондон метросидан ҳатто Буюк Британия қироличаси ҳам фойдаланган. У 1969 йилда янги очилган «Виктория» йўналишининг фахрий йўловчиси бўлган.

Лондон метросида жами 19 минг нафар ходим меҳнат қилади.

Фото: stock.adobe.com
Фото: Depositphotos

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

 

Мавзуга оид