Ўзбекистон | 09:20 / 09.09.2024
3675
3 дақиқада ўқилади

Сув ҳавзаларида моторли транспорт воситалари ҳаракатига рухсат берилади

Ҳукумат қарорига асосан, 2025 йил 1 майдан бошлаб табиий ва сунъий сув ҳавзаларида моторли транспортлардан фойдаланишга рухсат берилади. Бунда транспортлар ё тезлиги 40 км/соатдан ошмайдиган бўлиши, ёки тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланиши, шунингдек, GPS ускунаси орқали миллий GPS мониторинг-навигация тизимига уланган бўлиши керак.

Иллюстратив фото

“Сув ҳавзаларида моторли (ички ёнув двигателли) ва электромоторли сув транспорти воситаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, 2025 йил 1 майдан бошлаб табиий ва сунъий сув ҳавзаларида фақат тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланган (ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 километр/соатдан ошмайдиган моторли қайиқлар бундан мустасно), GPS ускунаси ўрнатилган ҳамда миллий GPS мониторинг ва навигация тизимига уланган моторли ва электромоторли сув транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат этилади.

Таъкидланишича, “сув ҳавзаларида туризм хизматларини ривожлантириш, шунингдек, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш, улардан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш” мақсадида шундай қарорга келинган.

Сув транспорт воситаларининг рухсат этилган ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 километр/соат, кемалар тўхташ жойлари ҳамда аҳоли турар жойлари чегараларида – 20 километр/соат, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида эса – 5 километр/соат этиб белгиланади.

2025 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув транспорти воситаларидан (бундан электромоторли сув транспорти воситалари мустасно) фойдаланиш натижасида атроф -муҳит ифлослантирилгани учун қуйидаги миқдорда йиллик компенсация тўловлари ундирилади:

  • моторли қайиқ ва гидроцикллар учун БҲМнинг 10 баравари;
  • катер учун БҲМнинг 15 баравари;
  • яхталар учун БҲМнинг 25 баравари.

Моторли сув транспорти воситалари компенсация тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганидан сўнг йиллик техник кўрикдан ўтказилади. Компенсация ундиришдан тушган маблағлар Экология жамғармасига ўтказилади ва сув ҳавзалари ифлосланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга сарфланади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 10 июлдаги ҳукумат қарори билан, Чорвоқ сув омборида барча турдаги моторли сув транспорти воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган эди. Лекин бу тақиқ амалда ишламай келди. Фақатгина 2024 йил 20 июл куни сув омборида скутер ва катамаран тўқнашуви рўй бериб, икки киши ҳалок бўлганидан кейингина тақиқ амалиётга татбиқ этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид