У – Ўзбекистоннинг 5 марта чемпиони.

У – Ўзбекистон кубоги, чемпионатнинг кумуш ва бронза медалларига кўп марта эга чиққан.

У – Ўзбекистонда 5 марта энг яхши мураббий.

У – МДҲ кубоги кумуш медали эгаси.

У – Осиё чемпионлари кубоги бронза медали совриндори.

У – «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденларига лойиқ кўрилган.

У – «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» Юрий Вазгенович Саркисян!

Ўзбекистон футболи, хусусан, Фарғона футболи учун катта сиймо бўлмиш Юрий Саркисян билан суҳбат уюштирдик. 74 ёшли мутахассис Tribuna.uz билан интервьюда олдин айтмаган бор ҳақиқатларни очиқлади.

Ўзбекистонга келиши ва Термиздан келган хат

- Москвада Собиқ иттифоқ ёшлар жамоаси йиғинида иштирок этаётган пайтим «Олмалиқ» бош мураббийи мени Ўзбекистонга таклиф қилган. «Юрий, сен менга жуда ёқиб қолдинг. Ўзбекистонга келсанг-чи? Барибир, Арманистонда етарли ўйин амалиётига эга бўлмаяпсан. Ўзбекистон жуда чиройли давлат. Агар сенга ёқса, ўйнашда давом этасан», - деганди у. Шундан сўнг, 1968 йилда Ўзбекистонга келдим. 1968 ва 1969 йилларда Олмалиқда ўйнадим. Очиғини айтганда, менга Ўзбекистон жуда ёқиб қолди. Айниқса, палов!

Ўша пайтда отам менга футболни йиғиштириб, институтга киришим ва ўқишим кераклигини айтди. Совет даврида олий маълумотли бўлиш жуда муҳим ҳисобланарди. 1969 йилда мен ҳамма нарсаларимни йиғиштириб, Ереванга учиб кетишга ҳозирлик кўрдим. Тошкентдаги аэропортда ўтирсам, бир киши олдимга келди ва сўради:

- Салом, сиз Юрий Саркисянмисиз?

- Салом, ҳа менман. Сиз кимсиз?

- Мен Термиз клуби бош мураббийи Виктор Михайлович Тихоновман. Сизнинг ўйинингиз менга жуда ёқади. Бизнинг жамоага қўшилмайсизми?

- Йўқ, мен институтга киришим керак. Отам шундай деди. Футболни ташламоқчиман.