Юрий Саркисян Фарғонадаги 26 йиллик фаолияти давомида «Нефтчи» жамоасини Ўзбекистоннинг етакчи клубига айлантирган эди. Водий клуби нафақат Олий лигада, Ҳамдўстлик кубоги ва Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки билан ҳам МДҲ ва Осиёда ном қозона олганди. Tribuna.uz Саркисян мураббийлигидаги «Нефтчи» сафида жавлон уриб, клуб етакчилари даражасига чиқа олган Анвар Бердиев, Носир Отақўзиев ва Мансур Саидов билан учрашиб, интервью олди. Суҳбат давомида жамоанинг собиқ ўйинчилари 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошидаги воқеаларни эслаб ўтишди.

Ўша номдор таркибдаги «Нефтчи»дан Носир Отақўзиев ҳозирда Фарғона вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти сифатида ишлаётган бўлса, Анвар Бердиев «Турон» клуби бош мураббийи сифатида фаолият бошлаган. 38 ёшли яримҳимоячи Мансур Саидов эса жонажон клубини тарк этган бўлса-да, футболчилик фаолиятини расман якунлагани йўқ.

«Фамилияларни эшитсам, бошқача бўлиб кетардим». Энг кучли «Нефтчи» ҳақида

Анвар Бердиев: «Нефтчи»да энг кучли жамоа сифатида биздан олдин ўйнаган таркибни айта оламан. 90-йиллар бошидаги таркиб ҳужумида Рустам Дўрмонов, Равшан Бозоров, кейинчалик Шуҳрат Мақсудов ҳаракат қилганди. Самарқанд футбол мактабида ўқиб юрган кезларимда бу фамилияларни эшитсам, бошқача бўлиб кетардим.

1995 йилда «Машъал» кетма-кет Олий лига ва Ўзбекистон кубогида «Нефтчи» билан ўйнашига тўғри келиб қолади. Биринчи ўйиндан кейин Степан Атоян олдимга келиб, Юрий Саркисян менга қизиқиш билдираётганини айтди. Ўша вақтда «Нефтчи» Ўзбекистоннинг энг донгдор жамоаси эди ва бу мен учун алоҳида воқеа бўлган».

Фото: ҲасанПирмуҳамедов

Носир Отақўзиев: «Ўзимдан олдинги таркибни «Нефтчи»нинг энг кучли жамоаси, деб биламан. Лекин мен фахрланадиган нарса шуки, ўша жамоада Сергей Лебедев каби катта футболчилар билан ўйнашга муваффақ бўлганман. 2003 йилда «Цементчи Қувасой» клубидан Фарғонага ўринбосарлар вакили сифатида келганман. Улар биз учун ҳақиқий афсоналар бўлганди, улар билан битта машғулот базасида яшаганимиздан, битта ошхонада овқатланганимиздан фахрланардик».

Мансур Саидов: «Нефтчи»нинг энг кучли таркиби сифатида ўтган асрнинг 90-йилларидаги таркибни айтган бўлардим. Охирги марта биз 2001 йилда чемпион бўлгандик. Лекин биламанки, улар ҳақиқий «олтин авлод» эди ва биздан кучли бўлишган».