Жаҳон | 15:23 / 23.11.2021
17702
4 дақиқада ўқилади

Бир ой ичида Жанубий Кореянинг иккинчи собиқ президенти вафот этди. У Квангжудаги қўзғолонни қонга ботирганди

Корея Республикасининг собиқ президенти Чон Ду Ҳванг узоқ вақт давом этган сурункали касалликдан кейин 91 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар бермоқда.

© AFP 2021 / JoongAng Ilbo

Чон Ду Ҳванг маҳаллий вақт билан соат 8:40да Сеулдаги ўз уйида оламдан ўтган. Собиқ президентнинг котиби айтишича, Чон Ду Ҳванг Шимолий Корея билан чегарадаги тепаликка дафн этилишини васият қилганди. Унинг жасади кремация қилинади (крематорийда ёқилади), дафн жойи кейинроқ маълум бўлади.

Чон Ду Ҳванг 1931 йилда туғилган, мамлакатни амалда 1979 йилдан бошқара бошлаган, ўшанда у Корея президенти Пак Чон Ҳининг («Корея Сталини» номини олган, 1961 йилдан мамлакатни бошқарган диктатор) Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича бошқармаси бошлиғи бўлганди.

Ҳаёти давомида қатор суиқасдлардан омон қолган Пак Чон Ҳи 1979 йил октябрида президент саройидаги кечки овқат вақтида ўзининг яқин одами, Корея разведка бошқармаси бошлиғи Ким Же Кю томонидан отиб ташланади. Мамлакатни бош вазир Чхве Гю Ҳа бошқара бошлайди. Кўп ўтмай ўтказилган президентлик сайловларида унинг номзоди ғалаба қозонади.

Президент Пак Чон Ҳининг ўлими юзасидан текширувлар вақтида 1979 йил декабрида Чон Ду Ҳванг бир қатор гумонланувчиларни қўлга олади, жумладан президентни ўлдириш учун фитна уюштиришда айбланган армий штаби бошлиғи Чон Син Ҳвани ҳам, шундан сўнг у амалда ҳарбий давлат тўнтариши амалга оширади. 

Чон Ду Ҳвангга давлат тўнтариши амалга оширишда бошқа бир генерал Ро Дэ У ёрдам кўрсатади, улар мактаб чоғидан дўст бўлишган, кейинроқ ҳарбий академияда бирга ўқишган ва Корея урушида сафдош бўлишган.

Пак Чон Ҳидан фарқли равишда Чон Ду Ҳванг коррупциялашган тизим яратади ва унда ўзи ҳам иштирок этади.

Унинг буйруғи билан 1980 йил баҳорида Квангжудаги исён бостирилади, бу шаҳар аҳолиси Чон Ду Ҳвангнинг ҳарбий ҳокимиятига ва у йўл қўйган коррупцияга қарши норозилик билдириб кўчаларга чиққанди. Yonhap агентлигининг қайд этишича, расмий маълумотларда ўша исён бостирилиши чоғида ҳарбийлар томонидан 200дан ортиқ киши ўлдирилган, 1800 киши яраланган.

Исён бостирилгач, 1980 йил августида президент Чхве Гю Ҳа ҳокимиятни генералларга топшириб истеъфо беради ва Чон Ду Ҳванг Корея Республикаси президентига айланади - у тўғридан тўғри сайловларда қатнашмаган. Айнан Чхве Гю Ҳа Жанубий Корея тарихидаги суд қилинмаган ва ўлдирилмаган ягона президент ҳисобланади. 

Чон Ду Ҳванг (Фото: Lee Jae-Won / Reuters)

1988 йилда Чон Ду Ҳванг мамлакатда тўғридан тўғри сайлаш тизимини жорий этиш талаблари фонида истеъфога кетади.

Чон Ду Ҳванг ҳукуматдан четлаштирилса-да, демократик мухолифат бўлиниб кетади ва сайловларда ғалабага эриша олмайди, натижада Ҳвангнинг маслакдоши Ро Дэ У президентликка сайланади. 

1993 йилда президентлик фуқаровий ҳукумат қўлига ўтгач, 1996 йилда ҳар икки генерал қамоққа олинади. Чон Ду Ҳванг ҳокимиятни суиистеъмол қилганини тан олади, кейинроқ у давлатга хиёнатда, президент Чхве Гю Ҳани истеъфога чиқишга мажбурлашда айбланади. Сеул суди Чон Ду Ҳвангни 1979 йилги давлат тўнтаришини уюштириш, Квангжу шаҳридаги демократик намойишни қонга ботириш ва қотилликларда айбланади. Ро Дэ Уга ҳам коррупция бўйича айбловлар қўйилади. Чон Ду Ҳванг ўлим жазосига, Ро Дэ У эса 22,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Кейинроқ суд ҳукмни ўзгартириб, ўлим жазосини умрбод қамоқ жазосига, йигирма икки ярим йиллик қамоқ жазосини эса ўн икки йилга алмаштиради.

Улар 1998 йилда президент Ким Дэ Жун томонидан афв қилинади.

2021 йилнинг октябрида Ро Дэ У 88 ёшида шифохонада оламдан ўтди.

Мавзуга оид