Илк меҳмонимиз – йилдан йилга ҳар томонлама ўсишга эришаётган шарҳловчи, муҳаррир, мухбир, блогер Ориф Толипов. Ёш шарҳловчи билан футбол, шарҳ, ундаги қизиқ воқеалар ва бошқа мавзуларда суҳбатлашдик. 

Фото: Tribuna.uz

Шарҳловчиликка кириб келиши

– 2015 йили «Sport» телеканалида танлов кўринишидаги кўрсатув ташкил этилган. Финал босқичигача етиб борганман. Ўша кўрсатувда экспертлар орасида бўлган Даврон Файзиев ўзи учун бир неча иштирокчини белгилаб қўйган экан. Даврон ака 2016 йили «UzReport»да фаолиятини бошлаган. Ўшанда каналга спорт мухбири керак бўлган. Улардан «Сизда вариантлар борми?» деб cўрашганида, мени таклиф қилганлар. Ўшанда қизиқ бўлган. Даврон ака қўнғироқ қилганида, овозларидан танимаганман. «Ҳазиллашманг, сиз Даврон Файзиев эмассиз-у», деганман. Кейин Даврон ака бироз тўхтаб, овозларини шарҳ жараёнидаги тонга тушириб: «Нега ўхшамаяптими?» деганлар. 

    Синов тариқасида ишга олинганман. Унгача журналистикада фаолият юритмаганман, газ плитаси сехида ишлардим.  2017 йилнинг ёзида ўртоқлик баҳслари орқали шарҳга кириб борганман. Дебютим «Лацио»нинг ўйинига тўғри келган. Эслаб қолганимнинг сабаби, ўйиндан олдин таркибларни ўқиётганда Иммобилени «Иммобайл» деб талаффуз қилганман. Даврон ака «Яна бир қайтар-чи» деганлар ва хатойимни тўғрилаганлар.

    «UzReport»да мухбирлик, муҳаррирлик ҳам қиламан. Лекин севган касбим – шарҳловчилик. Шарҳни яхши кўраман. Ишхонада бўш бўлиб қолсам ҳам, шарҳ хонасига кириб ўтираман. 

Фото: Tribuna.uz

Танқидлар

– Даврон ака «Яхши шарҳловчи бўлиш учун камида 4-5 йил керак» деб айтганлар. Тўхтаб қолмаса, ўз устида ишлашда давом этса, 5 йилда томошабинларнинг асабига тегмайдиган шарҳловчи бўлиб етишиш мумкин. Негативлар аввалгидан камайган бўлса-да, ҳали ҳaм бор. Ҳозирча ўзимдан тўлиқ қониқаётганим йўқ.

  Юзма-юз танқид бўлмаган. Бир марта маҳалладошим йўлда тўхтатиб, умуман шарҳловчиларга нисбатан бир эътирозни айтган: «Ўзбек тилини бузиб юборяпсизлар». Мен эса футбол терминларини халқаро номи билан айтишимиз шартлигини тушунтирганман. Айримлар «cэйв» сўзини ишлатишимиздан норози бўлади. Лекин агар бунчалик чуқур ёндашсак, «футбол» сўзини ҳам ўйлаб кўриш керак бўлади.