19:30 / 19.07.2022
15351

Кичик Шумахер билан тақдири ўхшаш шарҳловчи

«Шарҳловчи» лойиҳасининг 4-сонида серқирра ижодкор, «Эвертон» ҳимоячиси Майкл Киннинг қиёфадоши, отасига муносиб давомчи бўлишга интилаётган Ҳасан Турдиалиев билан суҳбатлашдик.

.

«Шарҳловчи бўламан» деган ниятим йўқ эди

– Шу соҳанинг ичида катта бўлганман, десам ҳам бўлади. Дадам – Давлат Турдиалиев бу касбнинг етук вакилларидан эди. Мактаб ва институтда ўқиб юрган кезларимда телевидениега бориб юрардим, лекин у пайтда «шарҳловчи бўламан» деган ният йўқ эди. Чунки дадам ҳам айтарди: «Яхши касб. Кўча-кўйда кўпчилик танийди, аммо бизда бу соҳа ривожланиб кетмаган. Универсал бўл». Маданият ва санъат институтига киришимга сабаб ҳам шу эди.

– Шу соҳанинг ичида катта бўлганман, десам ҳам бўлади. Дадам – Давлат Турдиалиев бу касбнинг етук вакилларидан эди. Мактаб ва институтда ўқиб юрган кезларимда телевидениега бориб юрардим, лекин у пайтда «шарҳловчи бўламан» деган ният йўқ эди. Чунки дадам ҳам айтарди: «Яхши касб. Кўча-кўйда кўпчилик танийди, аммо бизда бу соҳа ривожланиб кетмаган. Универсал бўл». Маданият ва санъат институтига киришимга сабаб ҳам шу эди.

  Аммо дадам кутилмаганда оламдан ўтдилар. Ҳаммаси тезда бўлиб кетди. Ўша пайтда тентираб қолдим. «Энди нима қиламан?» деган савол 24 соат миямдан кетмади. Нимадир қила олишимни билардим, танлов имконияти қолганди. Дадамнинг ҳамкасблари, шогирдлари «Sport» телеканалига киришни маслаҳат беришди. Шу ўринда Жамолиддин Бобожонов, Элдор Мустафоев ва Даврон Файзиевларга раҳмат айтмоқчиман. Ўша пайтда қўлимдан келадигани шу эди. Институтни энди битиргандим, театрда ойлик жуда паст эди. Рўзғор ташвиши сабаб телевидениени танладим. «Хабарлар»да ишладим, турли кўрсатувларда бошловчилик қилдим, анонслар ўқидим, дубляжларда қатнашдим. Биатлон шарҳлаш орқали кўпроқ ўсдим, деб ўйлайман. Кейин футболга ўтдим. Бошида оддий ўйинларни шарҳладим, умуман вазият бўлмайдиган баҳслар бўларди.

  Футбол бу касбнинг энг чўққиси эканлигини тушунардим. «UzReport»га ўтишимга сабаблардан бири ҳам шу бўлди, чунки «Sport»да у пайти трансляциялар кам, шарҳловчилар кўп эди. Ўсиш учун кўпроғини хоҳлар экансиз. Даврон акага истагимни айтдим, «Айтиб кўраман» дедилар. Бошида кўзим етмаганди. Ўша вақтда телеканал қишки олимпиада трансляциясини сотиб олганди. Универсаллигим қўл келди, ўша мусобақа орқали ўзимни кўрсатиб олдим. Шу орқали ишончга кирдим.

«Санъат йўналишида ўқиганимдан афсусланмайман»

– Санъат соҳасида ўқиганимдан афсусланмайман. Чунки институтгача бўлган Ҳасан билан ундан кейингиси ўртасида жуда катта фарқ бор. У ерда яширин қирраларимни кашф эта олдим. Бир гап бор: «Санъат институтига халқ артисти бўлиб кирасан, якунда ҳеч ким бўлиб чиқиб кетасан». Менда аксинча бўлди, яъни «халқ артисти» бўлдим демоқчи эмасман, лекин ўзимни таний олдим.

  Курсдошларим ичида ҳозирги кунда ўз ўрнига эга бўлган машҳурлар ҳам бор. Энг машҳуримиз – Юлдуз Ражабова. Шунингдек, Аҳрор Алижонов ва Миркамол Қорабоевни айтишим мумкин.

Фото: AP

Шарҳловчи ким?

– Шарҳловчи – томошабин учун дўст. Футболни ўзингиз кўрсангиз, зерикасиз. Шарҳловчи воситачи бўлади, тушунмаган вазиятларингизга аниқлик киритиб беради. Ҳеч йўқ сўкиб туришингиз учун ҳам керак.     

  Шарҳловчилик мактаби йўқ. Бу яхши деб ўйлайман. Чунки ҳамма ҳар хил йўналиш билан кириб келади, ранг-баранглик бўлади.

  Шарҳловчида журналистлик билан бирга артистизм ҳам бўлиши керак. Мен дастлаб артистизмни ўрганганман, қолганларда тескариси. Артистизм бу фақат актёрлик эмас. Нутқ ва овоз ҳам унинг ичига киради.

«Қорним очиб кетди» (қизиқ воқеалар)

– «Sport»да ишлаб юрган пайтим, шарҳлар кассетага ёзиларди. Қандайдир техник муаммо бўлиб қолди, қайтадан ёзишга тўғри келди. Тушлик вақти бўлиб, қорин очганди. Шунда «тезроқ бўлайлик, қорним очиб кетди-ку» деганим ёзилиб қолган ва эфирга кетган.

  Қовун туширишлар бошида ҳамма шарҳловчида бўлади. «Гол» кўрсатувида гапириб турганимда, студияда бомба портлагандек кучли овоз жаранглади. Ўшанда кулворгандим.

  Бундай ҳолатлар жонли эфирда кўп бўлади. Масалан, «Футбол студияси»да. «Нега кулиб бошлайсизлар? » деб савол беришади. Сирни очай: Хайрулла ака ва Бобур ака қитмирлик қилишади, эфир бошланиши ёки тугашида кулдириб қўйишади. Лекин жонли эфирнинг гашти бор, унда кичик хатолар кечирилади.

Устозлар, улардан ўрганиш керак бўлган жиҳатлар

– Асосий устозим сифатида дадамни биламан. Айтган гаплари шарҳловчиликка оид бўлганини ҳам тушунаман. «Нимадир қилсанг, юрагингни ҳам қўш. Юрагингни қўшмасанг, ўзинг ҳам, қолганлар ҳам маза қилмайди», – дердилар. Самимий бўлиш кераклигини ҳам кўп уқтирганлар.

Фото: Tribuna.uz

  Бир устоз танлаганман, десам ҳам хато бўлади. Хайрулла ака, Даврон ака ва рус шарҳловчиларидан ҳам ўрганганларим бор.

 Камчиликларим? Саҳна нутқида ўрганганларимни такрорламай қўйдим. Дадам 90 дақиқа темпни бир хилда ушлардилар. Жойи келади: шарҳ пайтида пауза ушлаб, дам оляпман. Аслида мухлисни қизиқтириб, темпни ушлаб туришимиз керак.  

 Даврон ака ўйин пайтида зўр анализ қиладилар. Шу жиҳатни ўргана олмаяпман. Анализ қиламан десам, ўйин қолиб кетяпти. Нормани топишга қийналяпман.

Энг яхши шерик?

– Аслида одам танламайман. Аммо кўпроқ ўзимни Даврон ака билан эркинроқ ҳис қиламан. Хайрулла ака билан бўлса, сал чегарадан чиқиб кетиб қоламиз. Бобур ака билан шарҳда эса чегара йўқ, деса ҳам бўлади. Шарҳ қолиб, ҳазил-ҳузул кўпайиб кетади. Ўзим маза қиламан, лекин томошабинлар «бўлдие» деб юборади-да ичида.

Кўп танқид қилмаслиги

– Сабаблари бор. Ўтган йили «Пахтакор» ОЧЛда гуруҳда қолиб кетганида, танқид қилдим. Лекин кейин ўзимга ёқмади. Дадам «Бировнинг хатосини тўғрилай олишга кўзинг етса, танқид қил» деган маънода кўп гапирардилар.

  Яна бир марта қўнғироқ бўлган. «Оқтепа» 0:6га ютқазди. «Бу жамоада ҳимоя борми?» деб гапириб юбордим. Сўнг ўша жамоа ҳимоячисидан телефон бўлди: «Отам курашмадинг, деб уришди», – деди. «0:6га ютқазган жамоани қандай қилиб оқлайман? » деб жавоб бердим. Лекин унинг гапидан сўнг «оширвордимми?» деб ўйладим. Чунки бировнинг кўнглига озор беришни ёқтирмайдиган инсонман.

  Ҳаётда яқинларим билан кўп ҳазиллашаман, киноялардан кўп фойдаланаман. Бироқ шарҳда ўзимни тияман.

Фото: Tribuna.uz

«Энг ёмон одатларимдан бири…»

– Коллекция қилмаслигим – ёмон одатларимдан бири. Институтда кўп роллар ўйнадим, кўп спектаклларда қатнашдим, «Халқлар дўстлиги» саройида «Давр» гуруҳининг концертида рақсда чиқдим. Лекин бирортасини сақлаб қолмаганман. На расми бор, на видеоси...

 Ҳозир афсусланаман. Сақлаб қўйиб, келажакда болаларимга кўрсатсам бўларди. Шарҳларда ҳам шунақа. Ҳозир ўзимда шарҳлаган битта ўйиним бор. Уни ҳам курсдошим жўнатган – телеграмдан у билан ёзишмаларимиз ичидан топаман. Ўчириб юборган бўлса, у ҳам йўқ (кулади).    

«Футбол студияси» вақти камлиги

– Кўпчилик айтади. Тўғри, кўпайтиришимиз керак. Ҳеч бўлмаса, бир дастур 1,5 соат бўлиши керак. Баъзида мавзулар кўп – улгурмаймиз. Даврон ака ва Хайрулла акада бир одат бор: бирор мавзуда узоқ тортишув қилишади. Шунчаки таҳлилдан кўра, жонли баҳсни маъқул кўришади. Шуни деб бошқа мавзулар қолиб кетади. Охирги пайт «Мухлисларга ўзинглар жавоб берасизлар» деб гапирадиган бўлдим.

«Ўсишга эришдим, аммо ҳамон дангасаман»

– Олдинлари қўрқув ва босим бўларди. Шу томондан ўсишга эриша олдим. Ривожланиш бўляпти, аммо бундан кўпроғига қодирман. Ялқовлигим бор. Бу одат Хайрулла акадан ташқари барча шарҳловчиларда бор. Қилишим керак бўлган нарсалар кўп, сал ҳафсала бўлиши керак.

«Отам қадрини вафотларидан кейин билдим»

– Ғалати эшитилиши мумкин, аммо дадам қадрини кейинроқ билдим. Ҳатто уларни шахсан танимаганлар келиб, ҳамдардлик билдиришди. Эрта вафот этишларини ўйламасдим. Якка ўғил бўлганим учун ўшанда эсанкираб қолдим.

  Ҳозир дўстларим ота-онасидан нолишса, «еҳ» деб қўяман. Чунки ўзим ҳам вақтида қадрламаганман.

  «Формула-1»нинг машҳур автопойгачиси Михаэль Шумахер – кумирим. Ҳозир фалаж ҳолатида, тирик мурда деса ҳам бўлади. Ўғли Мик ҳам пойгачи бўлди ва яқинда бир гапини ўқиб қолдим: «Нега ҳаёт бундай бешафқат? Энди гаплашишга умумий мавзуларимиз бўлганида…». Менда ҳам худди шундай ҳолат. Ҳозир шарҳловчилик соҳасини яхши биламан, аммо гаплашишга дадам йўқ.

  Дадам айтарди: «Касбим туфайли оиламга кўп вақт ажрата олмадим. Ўғилларинг бўлса, биттасини менга берасан, ўзим тарбиялайман. Сенга ажрата олмаган вақтимни унга бераман». Бунга рози бўлгандим. Энг қизиғи, дадам ҳатто мендан кўра Даврон акага кўпроқ вақт ажратганлар. Баъзида бундан жаҳлим чиқарди, рашк қилардим.

«Турдиалиев» фамилияси босими

– Турдиалиев фамилияси билан чиққанимда, «Отасининг ортидан кириб олди-да» деб гапирганлар бўлди. Яна Шумахерни мисол қилиб келтирсам бўлади. Унинг ўғлини «Формула-1»га тез олишди. Ваҳоланки, у ҳозирги даражасига «Формула-3», «Формула-2»ни ютиб чиқди. Одамлар эса фамилиясига урғу беришаверади.

  Тўғри, дадамнинг шогирдлари қўллаб юборишди. Фамилиям фойда бўлди, аммо кейинчалик эплаб кетиш ҳам бор-ку? Агар уддалай олмаганимда, фамилиямга қараб ўтиришмасди. «Тўғри келмас экансан» деб тушунтиришарди.

  Бошида гап-сўзлардан хафа бўлардим. Ҳозир бунга эътибор бермайман. Чунки дадам «фақат шарҳловчи бўламан» деган мақсадда Тошкентга келганлар. Шунинг учун бу томондан улардан ўта олмасам керак.

«Дадам билан шарҳда ақллилик қилиб юборганман»

– Дадам билан биатлон шарҳлаганим эсимда. Ишлари кўп бўлгани учун айрим босқичларни кўра олмаганлар, мен эса қолдирмай кузатардим. Шарҳда адашганларида, «Ундай эмас» деб юборганман. Менга қараб қўйганларида ҳам тушунмаганман. Кейин билдимки, шарҳловчи ёнидаги шеригининг хатосини беркитиб ўтиб кетиши, юмшоқроқ айтиши керак экан. Ўшанда ёш бўлганимдан «ақллилик» қилиб юборганман.

Фото: Tribuna.uz

  1-2 марта бўлса ҳам шарҳга бирга кирганимдан хурсандман. Қизиғи, «Юр, менга ёрдам берасан. Сен қолдирмай кўрасан-у» дея олиб кетардилар. Баъзида хоҳламай борардим. Ҳозир эсласам, бекор қилган эканман, дейман.

«Дадам «МЮ» мухлиси эканликларини сезиб қолганман»

– Мен бирор жамоага жонимни бериб мухлислик қилмаганман. Кимгадир симпатиям бўлиши мумкин. Дадам эса Ўзбекистон миллий жамоасига мухлис эдилар. Ютқазса, уйга кайфиятсиз қайтардилар. Асосан миллий жамоамизда сезардим.

  Яна бир ҳолатда билиб қолганман. 2013 йили ЕЧЛ 1/8 финалида «Манчестер Юнайтед» ва «Реал» ўйнаганди. «МЮ» 1:0га олдинда бораётганида, ҳакам Нанига қизил карточка кўрсатган. Қизил бермаса ҳам бўларди. Шунда дадам кайфиятсиз ҳолда: «Реал» қандай ҳисобда ютганини айтарсан» дедилар-да, кўрпани ёпиб ухладилар. Мадрид клуби 2та гол уриб, кейинги босқичга ўтиб кетди. Шунда «МЮ»га бефарқ эмасликларини сезганман.

«Онам ота касбни танлашимга қаршилик қилмаган»

– Онам санъатни танлаганимда ҳам, шарҳловчи бўлганимда ҳам умуман қаршилик қилмаганлар. Яхшиям, онам бор. Чунки бирор видео тайёрласам, дастлаб уларга кўрсатаман. Камчиликларини кўрсатадилар. Монологлар тайёрлашимда ролга киришни ўргатадилар. Доим мени қўллаб-қувватлаб келганлар.

«Оиламга доим вақт ажратаман»

– Бошида аёлимнинг кўникиши қийин бўлди, чунки айни дам олиш кунлари ишга кетардим. Шанба-якшанбада ўйинлар бўлади. Ҳозир кўникиб қолган.

  Мен ҳам хафа қилиб қўймайман. Илтимос қилиб, якшанба кунги энг биринчи ёки охирги ўйин шарҳини оламан. Болаларим ҳали ёш. Уларни айлантириб, кейин шарҳга келаман. Ёки тескариси. Оиламга доим вақт ажратаман.

Шарҳловчиликдан ташқари даромад

– Шарҳдан ташқари, режиссёр Ойбек Ортиқовга дастур тузишда ва шарҳлар тақсимотида ёрдам бераман. Қолган шарҳловчиларга нисбатан «UzReport»да кўпроқ бўламан.

  Ижтимоий тармоқларга видеолар тайёрлайман. Youtube`дан озроқ даромад келади, телеграм каналимга реклама олиб тураман. 

  Бу соҳа анча ривожланди. Даромадим ҳозир учун яхши, лекин фарзандлар катта бўлаётганини инобатга олсак, барибир келажакда қўшимча иш қилмасам бўлмайди. Дадам ҳам шу сабаб АҚШда 4 йил ишлаб келганлар. Ўшандан кейин уй ва машина олдик.

500 сўм, Мурод Ризаевнинг канстоварида ишлагани, илк маоши

– Биринчи топган пулим 500 сўм бўлган – Юнусобод бозорида қариндошимиз билан сабзи сотганмиз. У пайтда ҳали мактабда ўқирдим. Кейин лицейда ўқиб юрган кезларимда дадам Мурод Ризаевнинг канстоварига ишга киритиб қўйдилар. 2 ойча ишладим, пул қадрлашни ўргандим. Сўнг телевидениега ўтдим. Илк маошим 380 минг сўм атрофида чиқди. «Вой, шу билан оила боқаманми?» деб қўрқиб кетдим. Ойнинг ўртасидан келганим учун камроқ эди. Кейинги ойдан 900 минг сўм маош ола бошладим. Иш кўпайгани сари маош ҳам ортиб борди.

«Sport»га қайтиш

– «Sport»дагилар мен учун бегона эмас. Барча бўлимдагилар билан танишман. Ҳаммага ёрдам бериб кетаверардим. Барча учун «свой» эдим. Шунинг учун қайтишим муаммо эмас, лекин ҳозирги иш жойимдан қониқяпман.

  Таклифлар? Йўқ, ҳозирча жиддий таклифлар бўлмади. Лекин ўша ердаги танишлар «Қайтсанг, яхши бўларди» дейишади.

ЖЧ-2022 трансляцияси

– Молиявий томонга бориб тақалади. Рақобат пайдо бўлди, ҳамма кўриб турибди. Ким кўпроқ пул тикса, тендерда ўша сотиб олади. Бу борада давлат телеканали билан рақобатлашиш қийин.

  ЖЧ-2022 трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритамиз, деб тургандик. Лекин МТРК каррасига кўпроқ пул берди. Чемпионлар Лигасида ҳам шундай бўлди. Айнан қанчалигини билмайман.

Киракаш: «Сен Реалчисан» (танқидлар)

– Таксига чиққанимда, киракаш «Сен Реалчисан» деган. ЕЧЛ-2019 яримфиналидаги «Ливерпуль» – «Барселона» (4:0) ўйинидан кейин Каталония клуби мухлислари хафа бўлишган. Кўп эмоция берганман, сабаби – биринчи ўйинда «Барса» 3:0 ҳисобида ютган ва жавоб баҳсига кераксиздек қараб. шарҳни менга беришган. Аслида «Аякс» – «Тоттенҳэм» ўйинини шарҳлашим керак эди. Бундан жаҳлим чиққанди. Воқеалар ривожи эмоцияларга сабаб бўлган. Аммо фанатлар «Сен «Барселона» ютқазгани учун маза қилиб шарҳладинг», дейишган.

 Баъзида «МЮ»чилар ёзиб қоларди. Моуриньо даврида жамоа прагматик ўйнарди ва шунда кўп танқид қилардим, «МЮ»ни ёмон кўрасан», дейишарди. Лекин ҳозир аксини ёзишади: «Сиз шарҳлаган ўйинларда Роналду гол уряпти» деб.  

   Танқидларни оддий қабул қиладиган бўлганман. Жаҳлим чиқиши мумкин, лекин тезда ўтиб кетади. Комментларни ўқиб тураман, тўғри танқидларни оламан. Шахсиятга ўтиб, гап бошлаганларга қараб ўтирмайман.

Caption

Мотивацион видеолар тайёрлаши, Роналдуга симпатия

– Мотивацион видеоларни дастлаб пул учун қилардим. Кейин қарасам, жуда кам пул келаркан. Пул мақсад бўлмаслиги керак экан. Ўша видеолар тушкунликка тушган ва руҳан синиққан қайсидир футболчига ёрдам берса, хурсанд бўламан. Нани ва Эвра ҳақидаги видеолар анча таъсирли.

  Кўпчилик билади – Роналдуга симпатиям бор. Ўз вақтида унинг ҳаётидан мотивация олганман. Бу билан Мессини ёмон кўраман, демоқчи эмасман. Шунчаки Роналду кўпроқ мотивация беради, чунки у танқидлар ичида юради. Бизнинг соҳамизда ҳам шунақа. «Танқидлардан маза қиламан» деган гапини эшитиб, илҳомланганман. Танқид синдиришга эмас, сизни олдинга ундашга куч бўлиб хизмат қилиши керак. 

  

Ўзбек футболига қизиқмаслиги, Майкл Кинга ўхшашлиги

– «Sport»да ишлаб юрган пайтларим қизиқардим. Лекин охирги пайтда қизиқиш йўқолди. «Навбаҳор», «Пахтакор» ва «Насаф» иштирокидаги катта ўйинларни кўриб тураман, аммо кўп эмас. Шунинг учун Бобур ака кўп кесатадилар.

Фото: AP

  Майкл Кин билан ўхшашлик? Айтишади. Лекин ўзимга бу ҳимоячи ёқмайди. Жуда оддий ўйнайди, кўп хато қилади. Бу билан ёмон футболчи демоқчи эмасман, ҳар ҳолда АПЛда тўп тепади.

«ДАН ходими таниб, жарима солмаган»

– Шарҳловчилик баъзида ёрдам бераркан. 3-4 бор машинада қоида бузганимда, ДАН ходимлари таниб қўйиб юборган. Охиргиси яқинда бўлди. Тоғга боргандик. Мумкин бўлмаган жойдан қайрилдим, кўприк тагида ДАН ходими турган экан. «Ёзаман» деди. Кейин таниб қолди. Футбол мухлиси экан. «Интер» – «Ливерпуль» ўйинида ким ютишини сўради. «Ливерпуль» десам, қўйиб юборди.

  Бундай воқеалар кўп бўлади. Яқинда «Ипподром» томондан чиқаётиб, белгини кўрмадим. Йўл бор экан деб чиқсам, ходим турган экан. Кепкани бостириб олиб, ниқоб ва кўзойнак таққан бўлишимга қарамай, овозимдан таниб қолди ва «кетавер» деди. Шунингдек, банкда ҳам таниб ичкарига тезроқ киргизиб юборишган.

Мухлислар, Аҳрор эксперт

– Расмга тушадиган, ижтимоий тармоқлардан ёзадиган мухлислар бор. Уларнинг кўнглини оғритмасликка ҳаракат қиламан. Лекин ҳамманинг кўнглини бирдек олиб бўлмас экан. Бир марта жавоб қайтариб, кейингисида ёзмасангиз, кибрга йўйишади.

  Аҳрор эксперт? (Ҳ.Турдиалиевни «акам», «энг яхши шарҳловчи» деб айтган мактаб ўқувчиси) «Офсайд»га келганида кўриша олмадик. Ўша пайтда меҳнат таътилида эдим. Қариндошларим ўзимга жўнатиб, «Ким эди?» дейишди. Ота томоним Фарғона, она томоним Навоийдан. Иккала тараф ҳам нариги томондан қариндош деб ўйлашибди.

Энг катта орзу

– Ҳамма шарҳловчида энг катта орзу миллий жамоанинг муҳим турнир финалидаги ўйинини шарҳлаш бўлса керак. Ўшанда бемалол барча ҳис-туйғуларингизни чиқарсангиз бўлади. Тўғри, унгача етиб бориш ҳам бор.  

 Стадиондан туриб шарҳласангиз, янада гашти бўлади. Аммо шу ўринда айтишни истардимки, бизнинг стадионларда шарҳловчиларга яратилган шароит, ажратилган хоналар қониқарли эмас.

Фото: Tribuna.uz

Қисқа савол-жавоблар

– Энг яхши футболчи?

– Месси.

– Энг чиройли 3та гол?

– Роналдунинг «Ювентус»га ва Бэйлнинг «Ливерпул»га қайчи услубида урган голи, учинчиси – Жирунинг «Кристал Пэлас»га чаён услубида киритган тўпи.

– Ҳоланд «Манчестер Сити»га мос келадими?

– Менимча, қийналади.

– Энг кучли жамоа?

– Гвардиоланинг «Барселона»си.

– Эсда қоларли сенсация?

– «Лестер»нинг чемпионлиги.

– Роналду «МЮ»да қолиши керакми?

– Қолгани маъқул. Ҳамон унинг атрофида ўйин қурса бўлади.

– Сиз энг ёқтирмайдиган мураббий?

– Унаи Эмери. Услуби ёқмайди.

– ЖЧ-2022 фаворити?

– Испания.

– Энг кучли ҳимоячи?

– Ван Дейк.

– Кутилганини оқламаган юлдуз?

– Кака.

– Лэмпард ё Жеррард?

– Жеррард.

Рамзий терма жамоа: Жанлуижи Буффон – Серхио Рамос, Виржил ван Дейк, Дани Алвес, Роберто Карлос – Патрик Виейра, Лука Модрич, Роналдиньо – Муҳаммад Салоҳ, Килиан Мбаппе, Луис Роналдо.

Бош мураббий – Алекс Фергюсон.

Аъзамжон Иззатиллаев суҳбатлашди,

Оператор – Азимжон Воҳидов,

Монтаж устаси – Асадбек Курязов

Top