АҚШ «омикрон» сабабли мамлакатга кирувчилар учун талабларни кучайтириши мумкин — ОАВ
Оқ уй маъмурияти АҚШ ҳудудида коронавируснинг омикрон-штамми тарқалиши олдини олиш мақсадида мамлакатга кирувчилар, жумладан америкаликларга қатъийроқ талаблар киритишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда The Washington Post манбаларга таяниб хабар берди.
Нашрнинг маълум қилишича, АҚШга келишни истовчилар эмланган-эмланмагани ва қайси давлатдан учиб келаётганидан қатъи назар, парвоздан бир кун олдин коронавирусга тест топширишлари керак бўлади. Янги қоидалар кучга киргунга қадар парвозгача уч кун қолганда тест топшириш талаби сақланиб қолади.
Бундан ташқари, АҚШга келгандан кейин 3-5 кун ичида қайта тест топшириш ва манфий тест натижага қарамай бир ҳафталик карантинни ўташ вариантларини киритиш ҳам кўриб чиқилмоқда. Қоидабузарлар жаримага тортилиши мумкин.
Ушбу чоралар АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) томонидан тайёрланган буйруқ лойиҳасига киритилган бўлиб, ушбу ҳужжат айни вақтда соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Оқ уй мансабдор шахслари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Кузатувчилар АҚШ президенти Жо Байден ушбу чоралар киритилишини 2 декабрдаёқ эълон қилиши мумкинлигини айтишмоқда. Таъкидланишича, Байден шу куни қишки мавсум учун коронавирусга қарши кураш стратегиясини тақдим қилишни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Байден Мичигандаги нутқида стратегиянинг асоси иқтисодий фаолиятни чеклаш бўйича чоралар эмас, балки эмлаш ва қайта эмлаш бўлишини айтган. Унинг таъкидлашича, омикрон-штамм хавотир уйғотади, бироқ саросимага сабаб ҳисобланмайди.
Бироқ шунга қарамай, АҚШ 29 декабрдан Африканинг янги штамм тарқалган 8 та давлати билан авиаалоқани тўхтатиб қўйди.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024