Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев Facebook саҳифасида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовни депутатларга таҳдид қилишда айблади.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси/Xabar.uz
«ИИВ матбуот бошлиғи, сендан жавоб кутаман. Ким сенга топшириқ бериш ваколатини берган, қайси қонун? Сен ваколатингдан чиқмаяпсанми? Ғиёсов, вазирингга [Пўлат Бобожонов – таҳр.] шахсан талаб қўяман, бу таҳдид. Ким ҳақида гапиряпман, деб ўйлаяпсанми? Погонни ҳаммаям кўтаролмайди, сендақалар», деб ёзган айни вақтда Қонунчилик палатаси матбуот котиби вазифасини бажарувчи ҳам бўлган депутат.

Наврўз Ризаев яна бир постида Шоҳрух Ғиёсов қонунга қарши чиқиб қўйганини таъкидлаган.
«ИИВ матбуот хизмати Шоҳрух. Сен депутатларга қанақа таҳдид қилмоқчисан? Эҳтиёт бўл, қонунга қарши чиқиб қўйдинг. Сен билан алоҳида суҳбатлар бўлади», деган у.
Маълум бўлишича, депутатнинг постлари 25 ноябрь куни Шоҳрух Ғиёсовнинг навоийлик журналистлар ва блогерлар билан мулоқоти давомида айтган гапларига жавобан ёзилган.
Навоийдаги учрашувда ИИВ матбуот котиби ЙПХ ходимлари йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган депутатлар ўз дахлсизлигини пеш қилишини танқид остига олганди.
«ЙҲХ ходимлари билан қанақа муаммолар борлигини билиш учун ўтириб суҳбатлашдик. Улар депутатлар билан боғлиқ бўлган масалани кўтаришди.
Шунақа ҳолат эканки, айрим депутатлар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузиб туриб, шундоқ ўзининг дахлсизлигини пеш қилиб, «мен депутатман, мен дахлсизман», деб ўтиб кетаркан. Ходимларимиз уларга нисбатан чора кўрилмайдими, ростдан шунақами дейишди.














