Ўзбекистон | 14:19 / 02.12.2021
5478
2 дақиқада ўқилади

ХТВ тизимида 88 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланди

2021 йилнинг 11 ойида аниқланган молиявий хато ва камчиликлар сабабли Халқ таълими вазирлигидаги 243 нафар раҳбар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда Kun.uz’га вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, халқ таълими тизимида 2021 йилнинг 11 ойи давомида 88 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,5 млрд сўмлик ўғрилик ва камомад аниқланган.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Ҳисоб палатаси билан биргаликда ўтказилган тадбирларда Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 11,5 млрд сўм, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 11,0 млрд сўм ҳамда ушбу вилоятнинг Гулистон шаҳрида 4,0 млрд сўм миқдорда бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган.

Йил бошидан ҳозирги кунга қадар вазирлик томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 368,6 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар олди олинишига ва бартараф этилишига эришилган.

“Ҳозирга қадар соҳада аниқланган йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан 243 нафар раҳбар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 3 минг 415 нафарига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган, 151та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилган.

Таркибида жиноят аломатлари бўлган 159та 72,9 млрд сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.

Ўтган давр давомида вазирлик томонидан 264 минг 41 нафар ходим ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, 963 нафарининг ҳуқуқи тикланган бўлса, 188та ҳолатда бошқа давлат органлари томонидан фаолиятга ноқонуний аралашув ва текширувларнинг олди олинган”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, халқ таълими тизимида ноқонуний харажатларни амалга ошириш хавфи мавжуд бўлган ҳудудларнинг “қизил” рўйхати шакллантирилиши маълум қилинган эди.

Мавзуга оид