Жаҳон | 22:59 / 03.12.2021
14307
2 дақиқада ўқилади

Олимлар улкан медузани видеога муҳрлашди

Америкалик олимлар гуруҳи океанда бир километрдан чуқурроқда яшовчи улкан медузани тасвирга олишга муваффақ бўлишди. Ушбу медузалар тури жуда кам учрагани сабабли “арвоҳ медузалар” деб ҳам аталади.

Калифорниядаги Монтерей-Бей аквариуми тадқиқот институти олимлари Stygiomedusa gigantea деб номланувчи турга мансуб медузани тасвирга олиш учун ROV Doc Ricketts сувости қурилмасини 900 метр чуқурликка туширишган.

Олимларнинг таъкидлашича, медузанинг ўлчамлари ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада катта: унинг боши диаметри кўндаланг кесимда бир метрдан кўпроқни ташкил қилади, 4 та пайпаслагичидан ҳар бирининг узунлиги эса 10 метрдан ошади.

Олимлар минглаб шўнғишларга қарамай, дунё океанининг турли қисмларида яшовчи ушбу турни жуда кам учратишган: “арвоҳ медуза” илк бор 1899 йилда қайд қилинган ва олимлар ўшандан бери уни 100 мартагина кўришга муваффақ бўлишган.

Шу сабабли бундай камёб сувости “махлуқи”ни тирик ҳолида тасвирга олиш катта омад ҳисобланади, чунки одатда биологлар тўрларга тутилган ўлик жонзотлар билан иш кўришларига тўғри келади.

Мавзуга оид