1997 йилда капитан Чарлз Мур Шимолий Тинч океани гирдобида Калифорния ва Гавайи ороллари қирғоқлари орасида сузиб юрган пластик чиқиндиларнинг катта майдонига дуч келган, деб ёзади New Аtlas. Бу ҳудуд океандаги пластик тўпланадиган бешта асосий зоналардан бири ҳисобланади.

Ўшандан бери олимлар ўн йиллар давомида Тинч океанидаги улкан чиқинди доғи деб аталадиган майдоннинг кенгайишини кузатиб, океанни бу “яра”дан тозаловчи стратегияни ишлаб чиқишга уринмоқда. Қарийб 30 йил ичида Тинч океани доғи аллақачон ўз валютасига, шунингдек, қайта ишланган пластикдан тайёрланган байроқ ва паспортларга эга бўлиб улгурди. Бундан ташқари, олдинги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, “чиқинди ороли” турли-туман ҳаёт шаклларига тўла.

Бир неча кун олдин The Ocean Cleanup (ТОC) лойиҳаси Тинч океанидаги чиқинди доғини тозалаш бўйича улкан режаларини эълон қилди: олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бунга 10 йил вақт ва 7,5 миллиард доллар маблағ кетади. Тадқиқотчилар, шунингдек, жараённи такомиллаштириш ва стратегияларни янгилаш орқали муддатни 5 йилгача, харажатларни эса 4 миллиард долларгача қисқартиришни ният қилган.

Бу режани амалга ошириш учун долларда муайян маблағнинг белгиланиши тарихий ҳодиса бўлди, чунки чиқинди доғи халқаро сувларда сузиб юради ва ҳеч бир давлатнинг “мажбурияти” ҳисобланмайди.

Тинч океанидаги улкан чиқинди доғи 600 мингдан 1,6 миллион квадрат километргача майдонни эгаллайди. Аввалги тадқиқотлар унинг оғирлигини 88 000 тонна деб баҳолашган. Аммо уни энг катта чиқинди майдони деб бўлмайди, океан тубида ундан анча кўпроқ чиқинди борлиги эҳтимолдан холи эмас.

Улкан чиқинди доғининг асосий қисмини триллионлаб микропластик парчалар ташкил этса-да, бу ерда балиқ овлаш тўрлари, бир марталик шишалар, қадоқлар, ҳожатхона унитазлари, Барби қўғирчоқлари, йўл конуслари, футбол тўплари, резина ўрдакчалар, ишлатилган игналар ва ҳатто телевизорлар ҳам топилиши мумкин.

Сўнгги 30 йил давомида океан ҳаёти ё унга мослашди, ё унинг қурбонига айланди. Кўплаб ҳайвонлар Тинч океанида тўпланган чиқиндилардан зарар кўрди. Масалан, кўпчилик бурун тешигига пластик найча тиқилиб қолган денгиз тошбақаси ёки чиқиндининг фарқига бормай, болаларини пластик қопқоқлар ва зажигалкалар билан боқаётган альбатрослар тасвирларни кўрган.