Бугун инсоният ўз эҳтиёжи учун Ер қаърида жойлашган барча бойликни “сўриб” олмоқда. Улар орасида айниқса нефтга талаб катта бўлмоқда. “Қора олтин”ни инсоният ҳаттоки денгизлар ва океанлар тубидан ҳам қазиб олмоқда.

Қуруқликда жойлашган нефтни олиш бирмунча осон. Бурғилаш йўли билан нефт жойлашган ергача қудуқ қазилади. Сўнг сўриб олувчи ускуналар ёрдамида нефт ер юзасига чиқарилиб, қувурлар ёки танкерлар билан қайта ишлаш заводларига ҳайдаб берилади.

Денгиз ва океанларда жойлашган конлардан нефт олиш бошқачароқ. Бунда энг аввал нефт топилган жойда платформа қуриш керак бўлади. Сўнг барча ишлар ана шу платформалардан туриб бажарилади.

Платформа тўлқинларга бардошли бўлиши учун бетон устунлар устига ўрнатилади ва уларни асосан кемасозлик компаниялари тайёрлаб беради.

Бугунги кунда энг йирик платформаларнинг оғирлиги бир неча ўн минг тонна, баландлиги бир неча юз метр чиқади.

Дунёдаги илк нефт платформаси 1949 йилда Каспий денгизида, Озарбойжоннинг Апшерон яриморолидан 40 км узоқликда қурилади. У энг биринчи қурилган платформа сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган.

Кейинчалик, ёқилғига талаб ошиб боравергач, дунёнинг бошқа давлатлари ҳам денгизлар ва океанлар остидан нефт қазиб олишга ўтишади. Бугун дунёнинг жуда кўплаб ҳудудларида нефт платформалари бор.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда дунёда қазиб чиқарилаётган нефтнинг 30 фоизга яқини нефт платформалари ёрдамида сув тубидан олинмоқда.

Кемасозлик компаниялари битта нефт платформасини ясаб, белгиланган жойга ўрнатиши учун миллиард доллардан ҳам зиёд маблағ олади. Шу сабабли уларни денгиз остида жуда катта нефт захиралари аниқланган жойларга ўрнатишади.

Қуйида нефт платформаларининг энг йириклари ҳақида сўз юритамиз.

Draugen

Норвегия қирғоқлари яқинидаги илк нефт кони 1967 йилда топилган. Кейинчалик геологик қидирувлар натижасида ҳудудда жуда йирик нефт конлари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг Норвегия кўплаб нефт платформалари ўрнатди ва кўп ўтмай дунёдаги нефт қазиб олувчи давлатлар рўйхатининг юқори қисмидан жой олди.