Жамият | 16:18 / 05.12.2021
14522
2 дақиқада ўқилади

Қаршида пиёдалар йўлакчасида она ва унинг аравачадаги фарзандини уриб юборган ҳайдовчи 6 йилга қамалди

Қаршида пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган она ва унинг аравачадаги фарзандини уриб юборган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 10 август куни пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган аёл ва унинг аравачадаги фарзандини Nexia уриб юборгани хабар қилинганди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси автомашина ҳайдовчисига суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар қилди.

10 август куни кечки 21:10да шаҳарнинг Мустақиллик кўчасида ҳайдовчи Фирдавс Эргашев бошқарувидаги Nexia йўлнинг пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган аёл ва унинг болалар аравачасидаги ҳали бир ёшга ҳам етмаган фарзандини уриб юборганди. Оқибатда бола оғир тан жароҳати олиб, шаҳар шифохонасига ётқизилган. Чақалоқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, шифохонада вафот этганди.

«Қамалсин. Қонуний жазо олишини хоҳлайман», деган суд жараёнида айбдорга қонуний жазо кўрилишини сўраб ЙТҲ оқибатида фарзанди вафот этган аёл.

Суд тўпланган ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиқиб, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва далилларга қонуний баҳо бериб якуний тўхтамга келди. Унга кўра, ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбдор деб топилган ва 2 йил-у 6 ой муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид