Жаҳон | 11:51 / 06.12.2021
2978
4 дақиқада ўқилади

БМТ: одамларнинг 37 фоизи интернетдан ҳеч қачон фойдаланмаган

Фото: AP News

Интернет фойдаланувчилари сони ўсмоқда. Бироқ сайёра аҳолисининг 37 фоизи ҳали ҳам ундан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Бу эса 2,9 млрд киши бутун дунё тўри афзалликларидан ҳеч қачон фойдаланмаганини англатади. Халқаро электралоқа иттифоқининг (ХЭИ) янги ҳисоботида келтирилган маълумотларда келтирилишича, кўпчилик учун жуда қиммат, бошқалар эса рақамли кўникмаларга эга бўлмагани учун ундан фойдалана олмайди.

Прогнозларга кўра, 2021 йил якунига келиб, тармоққа уланганлар 4,9 млрд кишини ташкил этади. 2019 йилда мазкур кўрсаткич 4,1 млрд кишидан иборат эди. ХЭИ экспертлари глобал ривожланиш нуқтайи назаридан буни яхши янгилик деб ҳисоблашмоқда. Бироқ умумий маълумотлар рақамли технологиялар соҳасида улкан тенгсизликни кўрсатмоқда.

Интернетга ҳали уланмаган 2,9 млрд кишининг қарийб 96 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Ҳатто интернет фойдаланувчиси деб ҳисобланган 4,9 млрд киши орасида бир неча юз миллион киши интернетга доимий равишда кириш имкониятига эга эмас.

“Ҳозирги вақтда интернетга Ер аҳолисининг қарийб учдан икки қисми уланган. Бироқ унга ҳар бир кишини улаш учун ҳали кўп иш қилиш керак. ХЭИ қолган 2,9 млрд кишини интернетга улаш борасида барча зарурий тузилмавий механизмлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш учун барча томонлар билан иш олиб боради”, - дея маълум қилди ХЭИ бош котиби Хоулинь Чжао.

Экспертларнинг қайд этишича, пандемияда кўрилган чоралар интернетга уланишлар сони ўсишига ҳисса қўшган. Икки йил ичида тармоқ фойдаланувчилари сони 17 фоизга ўсди. Кўпчилик унга уланишга мажбур бўлди, чунки бу таълим олиш, ишлаш, янгиликлардан бохабар бўлиш ва коммунал хизматлар учун ҳақ тўлашнинг ягона имконияти эди. Бироқ ҳамманинг ҳам бунинг учун мос келадиган телефон, компьютер ёки лэптоплар сотиб олиш ёки интернет хизматлари учун ҳақ тўлашга қурби етмади.

Пандемиянинг биринчи йилида интернет фойдаланувчилари сони 10 фоиздан кўпроққа ўсди. Бу эса сўнгги ўн йилликда энг юқори йиллик ўсишдир. Экспертларнинг қайд этишича, янги уланишлар ривожланаётган мамлакатларда амалга оширилган.

Бироқ муаммо ҳал этилмади. Кам ривожланган мамлакатларда одамларнинг деярли тўртдан уч қисми интернетга кирмаган. Асосий сабаб – қашшоқлик, саводсизлик, электр энергиясидан фойдаланишнинг чеклангани, шунингдек, рақамли кўникма ва рақамли технологиялар ҳақида маълумотга эга эмаслик. Шу билан бирга, асосан аёллар рақамли дунёдан ташқарида қоляпти.

Шаҳар ва қишлоқ районлари ўртасида тафовут сақланиб қолмоқда, гарчи ривожланган мамлакатларда бу унчалик бўлмаса ҳам. Глобал миқёсда интернет фойдаланувчилари сони шаҳарликлар орасида қишлоқ районлари аҳолисига қараганда икки марта кўп.

Дунёнинг барча минтақаларида авлодлар тафовути яққол намоён бўлмоқда. Дунё аҳолисининг 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган ўртача 71 фоизи интернетдан фойдаланади. Бошқа барча ёш гуруҳларида бу кўрсаткич 51 фоиздан иборат.

Компьютер, телефон ва бошқа қурилмалар нархи, шунингдек, уланиш хизматлари қиймати интернетдан фойдаланиш йўлида жиддий тўсиқ бўлмоқда. Дунёнинг айрим қашшоқ мамлакатларида интернетга уланиш нархи аҳоли жон бошига Ялпи миллий даромаднинг (ЯМД) 20 ёки ундан кўпроқ фоизини ташкил этади.

Яна бир жиддий муаммо – рақамли кўникмалар мавжуд эмаслиги ва интернет берадиган афзалликларни тушунмасликдан иборат. Кўпинча мазкур ҳолат маҳаллий тилларда онлайн контент мавжуд эмаслиги туфайли янада мураккаблашади.

Мавзуга оид