20:42 / 07.12.2021
3940

Суданда қуролли ҳужумдан кейин 50га яқин одам ҳалок бўлди

Фото: ТАСС

Суданнинг Ғарбий Дарфур штатидаги Жабал-Мун туманида қуролланган кишилар ҳужумидан кейин камида 48 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Dabanga маҳаллий радиоси маълум қилди.

Гувоҳларнинг хабар беришича, босқинчилар Кереинек шаҳрини қуршаб олиб, уни оғир қуролдан ўққа тута бошлаган, сўнгра қочқинлар лагерига ўт қўйган. Судан шифокорлари марказий қўмитаси ҳужумдан кейин воқеа жойида 48 жасад ва кўплаб яраланганлар аниқланганини маълум қилган.

Охирги ойларда Жабал-Мун қуролли тўқнашувлар маркази бўлиб қолмоқда. Улар оқибатида 100га яқин одам ҳалок бўлган.

2003 йилда таркибига Шарқий ва Ғарбий Дарфур штатлари кирувчи Дарфур регионида фуқаролик уруши бошланган. Ўшанда “Судан озодлик ҳаракати” ва “Адолат ва тенглик учун ҳаракат” гуруҳлари регионнинг “иқтисодий камситилиши”га норозилик сифатида марказий ҳукуматга қарши исён кўтарган. БМТ маълумотларига кўра, ушбу ихтилоф давомида 300 минг киши ҳалок бўлган, 2,5 млндан кўпроқ киши қочқинга айланган.   

Top