Суданда давом этаётган фуқаролик урушида нафақат ички сиёсий рақобат, балки ташқи давлатлар манфаатлари ҳам муҳим рол ўйнайди. Таҳлилчиларга кўра Миср, Саудия Арабистони, БАА, Исроил ва Россия каби давлатлар Судандаги табиий ресурслар, сув тақсимоти ҳамда геосиёсий манфаатлари йўлида фойдаланишга интилмоқда. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Судан атрофидаги сўнгги жараёнлар хусусида сўз юритди.

Суданда ташқи кучларнинг қандай манфаатлари мавжуд?

Жаҳонгир Акрамов: Судандаги ҳозирги инқирозда ташқи ўйинчилар ҳам муҳим рол ўйнайди. Улардан бири Миср, қадимдан Суданга таъсир қилишга интилган Миср, собиқ президент Умар ал-Баширнинг 1973 йилдаги урушларида Исроилга қарши курашган шахс сифатида тарихий алоқага эга. Шунингдек, Миср марказий ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш орқали геосиёсий манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Жанубий Судан ҳам бу ерда муҳим ўрин тутади. Жанубий Судан Кордофан вилоятидаги олтин конлари ва бошқа табиий ресурслар бўйича бир неча марта тўқнашувларга гувоҳ бўлган. Шу сабабли у тезкор ҳаракат кучларини қўллаб-қувватлайди. Агар марказий ҳокимият кучли бўлса, қўшни давлатларнинг нефт, олтин ва контрабанда бўйича манфаатларига зарар етиши мумкин, шунинг учун баъзи қўшни давлатлар Суданда марказий ҳокимиятнинг кучайишини истамайди. Бу борада Чад ва Уганда мисол бўла олади. Судандаги асосий низолардан бири ҳам айнан Миср ва Эфиопия билан боғлиқ, яъни Нил дарёсининг тақсимоти борасида. Агар ягона тизимли давлат юзага келса, Суданнинг сув ресурсларини бошқариш имконияти ошади, бу эса геосиёсий манфаатларга бевосита таъсир қилади. Шу сабабли ҳудудда Мисрнинг роли катта. Ташқи ўйинчилардан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг Судандаги манфаатлари ҳам катта. Шу билан бирга, Ямандаги можаро натижасида уларнинг манфаатлари баъзан тўқнашади. Исроил ҳам бу ўйинчилардан бири, масалан, 2019 йилда Умар ал-Башир ағдарилганидан кейинги ҳукумат Исроил билан алоқаларни тан олган. Исроил ва Саудия ҳамкорлиги минтақавий фронтни шакллантиришга хизмат қилади. Россиянинг роли ҳам муҳим. Россия–Украина уруши бошланганидан кейин, у Африка давлатларида Ғарб манфаатларига қарши ҳаракат қилаётган кучларни қўллаб-қувватлаш орқали таъсир доирасини кенгайтиришга интилмоқда. Бунинг яққол мисолини Мали, Нигер ва Буркина-Фасода ёш ҳарбий капитанлар ва хунталарнинг ҳокимият тепасига келиши орқали кўриш мумкин. Шу йўл билан Россия Судандаги “Тезкор ҳаракат кучлари” билан ҳамкорлик қилади, прокси гуруҳлар орқали ўз таъсирини кучайтиради. Судандаги вазият шундай қилиб мураккаблашган: нафақат давлатлар, балки прокси гуруҳлар ҳам фаол қатнашмоқда. Миср, Жанубий Судан, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Исроил ва Россия каби ўйинчилар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли вазият чигаллашиб, назоратдан чиқиб кетган.