13:00 / 08.12.2021
7377

“Ўйнаб юрган болаларни кўриб эзиламан” – хаста фарзанд ғамида яшаётган она

“Ўғлим бир ёшга тўлди, лекин танасини тутолмайди, ҳаракатлана олмайди. Уни хорижда даволатиш мумкин экан. Лекин бунга имконимиз йўқ. Болаларнинг ўйнаб юрганини кўрсам боламнинг ўрнидан туролмаслигини ўйлаб ичим эзилади”, — дейди болакайнинг онаси.

“Икки нафар ўғил фарзандим бор. Иккинчи фарзандимга ҳомиладорлигимда коронавирус инфекциясига чалиндим. Кейин ўғлим туғилди. Жуда кўп йиғларди, бирданига шишиб кетадиган бўлиб қолди. Бир кун чўмилтираётиб умуртқасида кичкина шиш кўрдим ва кўп ётиш оқибати бўлса керак деб ўйладим. Аммо бу шиш катталашиб, кўпая бошлади”, — дейди беморнинг онаси Мафтуна.

Унинг ўғли Муҳаммадали бир ёшга тўлди. Лекин у ўз танасини тутиш, эмаклаш, ҳаракатланиш имкониятига эга эмас. Унга ҳиндистонлик шифокорлар нейрофиброматоз ташхиси қўйган бўлиб, бу хасталикни даволатиш учун хорижга бориш тавсия қилинган.

Оила бошлиғи ҳайдовчилик орқасидан оила тебратади. Мурғак гўдакни хорижда даволатиш улар учун мушкул иш бўлиб турибди. Барча имкониятларини ишга солиб маблағ тўплашга киришган оила яхшиларнинг кўмагига муҳтож.

Кунлари ҳадик ва хавотир билан ўтаётган она энг катта орзуси – фарзанди соғайиб кетиши эканлигини айтади: “Болаларнинг ўйнаб юрганини кўрсам боламнинг ўрнидан туролмаслигини ўйлаб ичим эзилади. Она учун бу азоб экан. Боламни йўқотиб қўйишдан жудаям қўрқдим, яшашини шунчалар истайманки...

Оёққа туриб, акаси каби югуриб юришини орзу қиламан”.

Ҳар бир фарзанд ўз ота-онаси учун нақадар азизлиги аён. Шуни ҳис қилганлар бу онанинг дардини тушуниб, ёрдам қўлини чўзиши, бир болакайнинг соғлом болалар қаторига қўшилишида ўз ҳиссаларини қўшишларига ишонамиз.

Муҳаммадали Ҳабибуллаевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 3329 4876 5676 бувиси Марғуба Тошмуҳамедова номида

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top