Ўзбекистон | 08:20 / 08.12.2021
4053
1 дақиқада ўқилади

Яккасарой ҳокими ажрашишлар кўпайгани учун маҳалла раиси ўринбосарларига интизомий жазо чораси қўллади

Жорий йил 6 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфиддинов тумандаги 14та маҳалла вакилларига ҳайфсан тарзида интизомий жазо чораси тайинлаш ҳақидаги фармойишни имзолади.

Фото: Иля Питалев

Ҳужжатга кўра, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ҳар бир оилаларнинг турмуш шароити ва аҳволини ўрганмаганлиги туфайли оилавий ажримлар сони кескин ошиб кетганлиги сабабли, “Армуғон”, “Бошлиқ”, “Қушбеги”, “Дилбулоқ”, “Муҳандислар”, “Мерос”, “Муқимий”, “Яккасарой”, “Ракат”, “Тўқимачи”, “Абдулла Қаҳҳор”, “Юнус Ражабий”, “Белариқ”, “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарларига нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Бундан ташқари, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони кескин ошганлиги муносабати билан барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари қатъий огоҳлантирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид