Ўзбекистон | 18:34 / 09.12.2021
6270
4 дақиқада ўқилади

БМТ мутахассиси Ўзбекистонга экстремизм ва терроризмга қарши қонунларни ислоҳ қилишни тавсия этди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн Ўзбекистон ҳукуматининг Яқин Шарқдан аёллар ва болаларни қайтариш чора-тадбирларини юксак баҳолашини айтган. Шу билан бирга, мамлакатда экстремизм ва терроризмга қарши қонунларни тубдан ислоҳ қилиш кераклигини тавсия қилди.

7 декабрь куни БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонасида ушбу мутахассис иштирокида ташкилотнинг Ўзбекистондаги миссиясининг дастлабки кузатувларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Фионнуала Ни Аолайн 10 кунлик ташрифи якунида Ўзбекистон ҳукуматини асосий инсон ҳуқуқларини, шу жумладан, ўз фикрини эмин-эркин ифода қилиш, йиғилиш эркинлиги, одил судлов, озодликдан маҳрум қилишда ҳимоя, қийноқлар қўлланишидан озод бўлиш, диний эркинлик ва эътиқод қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни кучайтиришга чақирди.

Мутахассис 2019 йил май ойидан бошлаб ҳукумат томонидан юзлаб аёллар ва болаларни Сурия ҳамда Ироқ ва Афғонистондаги жанг майдонларидан олиб чиқиш ва реинтеграция қилиш бўйича амалга оширган “Меҳр” операцияларини юқори баҳолади.

«Оила бирлиги ва жамиятни қўллаб-қувватлашига асосланган ўзбек модели репатриация қилиш, боланинг манфаатини кўзлаш ва сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳаракатлар марказида хавфли ҳудудлардан қайтган аёлларни самарали реинтеграция қилиш бўйича энг яхши амалиётнинг намунасидир», деди у.

Ни Аолаин ҳукумат томонидан стигматизацияни бартараф этиш, асосий ҳуқуқлар, шу жумладан, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни таъминлашга қаратилган амалий чораларини мақтади ва ҳукуматнинг ЮНИСEФ ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа ташкилотлари билан ҳамкорлиги аҳамиятига урғу берди.

Махсус маърузачи шунингдек, Ўзбекистоннинг аксилтеррорчилик ва экстремизмга қарши қонунларини яқиндан ўрганиб чиқиб, Жиноят кодексининг кўплаб моддаларида кенг ва ноаниқ мазмундаги хавотирларни аниқлагани ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, терроризм ва инсон ҳуқуқларига қарши курашиш бўйича халқаро ҳуқуқ ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш учун муҳим ўзгаришлар зарур. У FATF (Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳи — Financial Action Task Force on Money Laundering) тавсиялари ва инсон ҳуқуқлари стандартларини инобатга олиб, фуқаролик жамияти ва нотижорат ташкилотларга салбий таъсир етказаётган терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича амалдаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш заруратини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, у ўтмишдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши масаласида ҳисобдорлик ва шаффофлик ҳозирги ислоҳотлар ҳаракатларини мустаҳкамлаши ва чуқурлаштиришини таъкидлади.

БМТ махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн жорий йил 29 ноябрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан, 7 декабрь куни эса президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, фуқаролик жамияти институтлари ўрнини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшлар ўрнини кучайтириш, қонунчиликни такомиллаштириш ва бошқа йўналишлардаги масалаларни муҳокама қилган эди.

Мавзуга оид