Ўзбекистон | 22:33 / 02.12.2024
2831
5 дақиқада ўқилади

“Жиддий асослар талаб қилиниши керак” — фаоллар БААга киритилмаган ўзбеклар воқеаси ҳақида

БААда яҳудий роҳибининг ўлдирилишида ўзбеклар гумонланиб ҳибсга олиниши фонида, ўнлаб ўзбекистонлик эркаклар ҳеч қандай изоҳсиз бу мамлакатга киритилмади. Kun.uz суҳбатлашган ҳуқуқшунослар Абдураҳмон Ташанов ва Ботиржон Шермуҳаммаднинг айтишича, расмийлар бу ҳолат бўйича БААдан асослантирилган тушунтириш сўраши лозим.

30 ноябр куни WizzAir авиакомпанияси рейсида Тошкентдан Абу-Дабига учиб борган ўзбекистонлик йўловчиларнинг 31 нафари БААга киритилмаган. Уларнинг ҳаммаси – 20-40 ёшлар орасидаги эркаклар бўлиб, ёш болалар, кексалар ҳамда аёллар муаммосиз чегара назоратидан ўтган. Амирлик ҳудудига қўйилмаган ўзбеклар бир неча соат аэропортда кутишга мажбур бўлган ва ортига қайтган.

Ўзбекистон ТИВ воқеа юзасидан муносабат бермади. БАА пойтахти Абу-Дабида жойлашган элчихона ва Дубайдаги консуллик вазиятдан хабардорлиги, аэропорт маъмурияти ва амирликларнинг тегишли идоралари билан мулоқотда эканини маълум қилган бўлса-да, фуқаролар ёрдамга келган дипломатик корпус вакилларини кўрмаганини айтмоқда. Аввалроқ Wizz Air йўловчиларни текин чипта билан таъминлаши айтилган бўлса-да, Тошкентга қайтиб келганлар чипталарни ўз ҳисобидан харид қилганини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, ҳолат – инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади. Катта эҳтимол билан бу яҳудий раввинининг ўлдирилиши билан боғлиқ, дейди у.

Ксенофобия ёки радикал руҳдаги қотилликлар, терроризм воқеалари мамлакатларни хавфсизлик чораларини кучайтиришга мажбур қилади. Эслайлик, ўтган йили Москвада бўлган терактдан кейин ҳам инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши кузатилди. Ҳаттоки, демократик давлатларда ҳам бу учрайди. Масалан, бир неча йил олдин ўша серияли қотилликлар бўлган пайтда, ксенофобия мотиви билан Норвегияда худди шундай хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

БАА – инсон ҳуқуқлари тўла таъминланмаган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Амирликнинг ўзида ўзбекларга қарши кайфият йўқ, лекин албатта, яҳудий раввинининг ўлдирилиши кескин норозиликни уйғотди. Бунинг ортидан инсон ҳуқуқлари, айниқса ўзбекларнинг ҳуқуқлари бузилиши давом этади”, – дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммаднинг фикрича, бир ёки бир нечта фуқароларнинг қилмиши учун давлатга муносабатнинг ўзгариб қолиши – нормал ҳолат эмас, бу давлатга ҳурматсизлик ҳисобланади.

Жиноятчилар, ҳуқуқбузарлар ҳар бир миллат вакиллари орасида бўлади. Уларга нисбатан қонуний жазони қўллаш керак. Лекин ҳеч қандай сабабсиз ўша жиноятчиларнинг миллатдошларини мамлакатга киритмай, аэропортдан ортига қайтариш – аввало ўша давлатга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Сўнгги пайтларда Ўзбекистон фуқароларининг сарсон бўлиши нафақат БААда, балки Россия, Туркия, Грузия, Молдова каби давлатларда давомли содир бўлмоқда.

Давлатга киритмаслик учун асослар бўлиши ва у ҳужжатда кўрсатилиши лозим. Кимгадир ёқмай, чегарачининг кайфияти бузилиб тургани ортидан ёки бошқа сабаблар билан киритмаслик, бу – умумий ҳуқуқларнинг бузилиши. Юртдошларимиз сувсиз, озиқ-овқатсиз ҳафталаб аэропортларда қолиб кетмоқда. Ўзбекистоннинг дипломатик корпуслари бу билан жиддий шуғилланиши керак”, – дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Албатта, фуқаролар қайси давлатда бўлса, ўша мамлакатнинг қонунчилиги амалда бўлади ва ички тартиб-интизом қоидаларига бўйсуниш мажбурий ҳисобланади. Бироқ қўлида Ўзбекистон паспорти бор бўлган ҳар қандай инсон республиканинг қонуний ҳимоясида бўлиши таъминланиши керак. БААдаги ҳолат бўйича ҳар бир киритилмаган фуқаро асос талаб қилиш ҳамда қонунчиликнинг қайси нормаларига мувофиқ рад қилинганини билишга ҳақли.

Бундай ҳолатларда, албатта, дипломатлар учун ҳам осон эмаслигини тушунаман. Чунки воқеалар ҳали қандай бўлганини тушуниш, тергов-суриштирув ҳаракатлари қайси босқичда эканини билмасдан туриб, нимадир билдириш жуда қийин.

Ўзбекистон дипломатлари кўпинча ваколатларини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ишлатишади, ҳаттоки, керагидан ортиқча эҳтиёткорлик билан иш кўрилади. Шунинг учун нима бўлган тақдирда ҳам қонун устувор бўлиши керак. Ҳар бир фуқаромиз қандай жиноят содир этишидан қатъи назар, Ўзбекистон ҳимоясида эканини ҳис қилиши керак”, – дейди “Эзгулик” жамияти раиси.

Kun.uz вазият юзасидан изоҳ олиш мақсадида БААнинг Ўзбекистондаги элчихонасига боғланишга ҳаракат қилди. Дипмиссиянинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимига кўра, элчихонадаги дипломатлар амирлик миллий байрами муносабати билан таътилда. Бироқ улар вазиятдан хабардор ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан мулоқотда бўлиб турибди.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид