Жаҳон | 18:40 / 09.12.2021
19518
7 дақиқада ўқилади

Қашшоқлик, умидсизлик ва эрта никоҳ. Афғонистондаги қизлар мактаб ҳақида орзу қиляпти ва келажакдан қўрқмоқда

Жорий йил августида ҳокимиятга толиблар келган вақтдан бошлаб, Афғонистондаги қизлар юқори синфларда ўқишни давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлди. Толиблар аёллар таълимининг янги тизими устида иш олиб бораётгани, ана шундан кейин ёш афғон қизлари билим олиш учун ўз парталарига қайтиши мумкинлигига ишонтирмоқда. Бироқ БМТнинг Аёллар ишлари бўйича агентлиги Афғонистондаги аёллар ҳуқуқлари катта эҳтимол билан бутунлай йўқотилган, деб ҳисоблайди.

Фото: Reuters

“Таълим олиш имконияти мавжуд эмаслиги ўлим ҳукмига тенг”, дейди шимоли-шарқдаги Бадахшон вилоятидан бўлган 15 ёшлик Мина. Унинг сўзларига кўра, дугоналари келажакка бўлган ишончини йўқотган.

BBC журналистлари Афғонистоннинг 13та вилоятидан бўлган мактаб ўқувчи қизлари ва ўқитувчилари билан суҳбатда бўлишди. Айни кайфият ҳамма ерда ҳукм суряпти.

“Биз уйдаги ишлардан бошқа ҳеч нима қилмаяпмиз. Бир ерда қотиб қолганга ўхшаймиз”, дея ўз фикрлари билан бўлишади 16 ёшли Лайло. Унинг Таҳор вилоятидаги мактаби толиблар ҳукуматга келганининг илк кунидаёқ ёпилган.

Толиблар кичик мактаб ёшдаги қизларгагина мактабга боришга рухсат берди. Фото: Reuters

Мамлакатдаги мактаб ўқитувчиларининг кўпчилиги июнь ойидан бери маош олмаяпти. Улар мактаблар ёпилиши қизларнинг маънавий ва жисмоний ҳолатига қаттиқ таъсир қилганини айтишяпти.

Ўқитувчилардан бирининг сўзларига кўра, ўша вақтдан бери унинг уч нафар вояга етмаган ўқувчисини турмушга беришди. Ўқитувчи доимий равишда уйда бўлган қизлар ота-онаси учун ортиқча юк бўлгани туфайли бу ҳолат яна давом этишидан хавотирда.

“Ўқувчи қизлар тушкун аҳволда, улар маънавий ва руҳий жиҳатдан азият чекмоқда. Мен уларга умид беришга уриндим, бироқ бу оғир. Уларнинг ҳаёти қайғу ва умидсизликдан иборат”, дейди ўз тарбияланувчилари билан WhatsApp орқали алоқада бўлган Кобулдаги мактаб директорларидан бири.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, бошланғич синф ёшидаги қизларга таълим олиш учун рухсат берилган бўлса ҳам давомат хавотирли даражада пасайгани кузатилмоқда.

Бу сўнгги бир неча ойда афғонларнинг қашшоқлик даражаси ортгани, шунингдек, хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани билан изоҳланади. Ота-оналар қизларини мактабга юбора олмаяпти ёки юборишдан чўчияпти.

«Толибон»нинг келиши қизларнинг мактабларга қатнашига қайси ҳудудларда қай даражада таъсир кўрсатди

Толиблар аёллар ўрта таълими тақиқланиши – тўлиқ ва муддатсиз эканини тасдиқламаяпти. BBC’га берган интервьюсида таълим вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Ҳаким Ҳикмат бу вақтинчалик чора экани ва янги таълим тизими ишлаб чиқилиб, маъқуллангунига қадар давом этишини маълум қилган.

Афғонистоннинг айрим туманларида жамоатчилик вакиллари ва толиблар ўртасидаги музокаралар натижасида аёллар ўрта мактаблари иш фаолиятига қайтгани тўғрисида хабарлар бор.

Айрим ўрта мактаблар қизлар учун ҳам очиқ бўлган ҳудудлар

Балх вилояти маркази – Мозори Шарифдаги мактаб директорларидан бирининг айтишича, унинг муассасаси одатий режимда ишлаяпти ва қизлар дарсларга қатнаяпти.

Шу билан бирга, ана шу шаҳардан бўлган бир қизнинг BBC’га айтишича, қуролланган толиблар гуруҳи кўчаларда ўқувчи қизлар ёнига келиб, уларнинг кийимлари соч ва оғизни тўлиқ беркитганини текширяпти. Қизнинг сўзларига кўра, дугоналарининг қарийб учдан икки қисми қўрққанидан мактабга бормай қўйган.

“Уйдан чиққанимиздан кейин ҳаётимиз – фақат ўз қўлимизда. Бизни ҳеч ким ҳимоя қилмайди. Кўчада ҳеч ким кулмайди. Биз қўрқувдан титраймиз”, дейди у.

Турли вилоятлардан бўлган 3 нафар директорнинг BBC’га ҳикоя қилишича, хавф-хатарни ўз зиммаларига олган ҳолда мактабни очишга ҳаракат қилишган, бироқ эртаси куни уларга уйга кетиш буюрилган. Улардан бирининг айтишича, қизлар деярли ҳар куни янгилик илинжида мактаб дарвозалари олдига келишади.

Шу билан бирга, барча ёшдаги ўғил болаларга сентябрь ойида дарсларга қайтишга рухсат берилган.

Айрим ўқувчилар уйдан туриб таълим олишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ ахборот олиш учун гаджетлар айрим ўқувчилардагина мавжуд. Қизларнинг кўпчилиги – камбағал оилалардан

Лайло шифокор ёки акушер бўлишни истайди. У барча ўқув қуролларни улар яна бир кун керак бўлади деган умид билан тартибли сақлаётганини ҳикоя қилади. Оилада ҳеч кимга ўқув қуролларига тегишга рухсат берилмайди.

“Кийимлар, китоблар, ҳижоб ва мактаб оёқ кийимимга қайғу билан қарайман. Уларнинг бари фойдасиз тарзда шкафимда турибди. Мен ҳеч қачон уйда ўтиришни истамаганман”, дейди Лайло.

Мина жарроҳлик касбида карьера қуриш ҳақида орзу қилади. Бироқ қачондир таълим олишни давом эттириши борасида ишончи комил эмас.

У мактаб ҳовлисида дугоналари билан сафда туриб, дарслардан олдин миллий мадҳияни куйлашганини ёдга олади. Қувноқ пайтлар эди.

“Ана шу дамларни эсга олганимда келажакка нисбатан қайғу ва умидсизликни ҳис этаман”, дейди Мина.

Толиблар мактаб таълимининг асосий шарти – мактаб ва синфларнинг ўғил ҳамда қиз болалар учун қатъий ажратилиши ҳисобланишини маълум қилади. Бироқ бундай сегрегация Афғонистоннинг кўплаб туманларида анча вақтдан бери мавжуд. Уни барча ерда жорий қилиш бунчалик кўп вақт олмаслиги керак.

Қизларнинг ўрта мактабга қатнашидаги ўсиш

“Толибон”нинг аввалги ҳукмронлиги даврида, 1996-2001 йилларда аёллар мактаб ва университетларда таълим олиши бутунлай тақиқланганди.

БМТ ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар толибларнинг риторикаси анча юмшаган бўлса-да, ҳозир яна шу мақсадни кўзлашидан хавотирда.

БМТнинг аёллар ишлари бўйича агентлиги толиблар келган вақтдан бери Афғонистондаги аёлларнинг ҳолати бўйича илк ҳисоботини эълон қилди. Унинг муаллифлари жойнинг ўзида олинган кўплаб далил ва ахборотни ўрганиб, афғон ҳаётининг барча соҳалари – таълим, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, жамоат ва сиёсий жараёнларда аёлларнинг ҳуқуқлари тўғрисида бонг урмоқда.

ЮНИСЕФ ҳам ўз ўрнида вояга етмаган қизлар ўртасида никоҳлар статистикаси кескин ўсганидан хавотирда. “Ўйлашимча, кўплаб ўқувчи қизларимиз шунчаки ўлиб кетади. Ейишга ҳеч нарсаси, исинадиган жойи йўқ. Сиз қашшоқлик даражасини тасаввур ҳам қила олмайсиз”, дейди Гор вилояти ўқитувчиси.

Мавзуга оид