Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тожикистонда қишда Россия ҳарбий базасининг янги танклари билан 40 га яқин машғулотлар ўтказилади
Жорий йилнинг 9 декабрь куни Тожикистондаги 201-Россия ҳарбий базасида экипажларга янги Т-72Б3М танкларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, қишки тайёргарлик даврида россиялик танкчилар янги русумдаги техникалар бўйича қайта тайёргарликдан ўтади, жанговар машғулотларни ўтказади. Шунингдек, янги танкларнинг камида 40 та турли хил машқларда иштирок этиши режалаштирилган.
Маълум қилинишича 6 декабрь куни яхшиланган жанговар хусусиятларга эга 30та модернизация қилинган Т-72Б3М танклари 201-сонли Россия ҳарбий базасида хизматга киришди.
Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Александр Лапиннинг сўзларига кўра, Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси жанговар қудратини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
201-базанинг учта батальони БМП-2М ва БТР-82А ҳарбий техникаси билан тўлиқ қайта жиҳозланди, танкка қарши бўлинмалар «Корнет» бошқариладиган ракета тизимлари, «Верба» зенит комплексларини қабул қилиб олди. Шунингдек, АСВК-М «Корд» снайпер милтиқлари ва АК-12 автоматлари тақдим этилди.
Тожикистонда жойлашган 201-ҳарбий база Россиянинг ўз чегараларидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий иншоотидир. У икки шаҳарда - Душанбе ва Бўхтарда жойлашган. База танк, артиллерия, разведка, ҳаво ҳужумидан мудофаа, алоқа ва бошқа бўлинмаларни ўз ичига олади.