Ўзбекистон | 12:10 / 15.12.2021
4573
4 дақиқада ўқилади

«Булар ҳақиқий беморлар ҳаётини хавф остига қўяди» — ССВ йил бошидан буён бўлган ёлғон чақириқлар ҳақида маълумот берди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда йилнинг 11 ойида «Тез ёрдам»га 6,3 мингдан зиёд ёлғон чақириқ келиб тушгани ҳақида маълумот берди.

«Тез тиббий ёрдам хизматида энг муҳим мезон нима? Албатта, тезлик. Аввало, чақирув манзилига жуда қисқа вақт ичида етиб бориш керак. Сўнг беморга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт! 

Шундан кейин, зарурат бўлса, беморни шошилинч равишда шифохонага олиб бориш талаб этилади. Бу жараёнда ҳар дақиқа, ҳатто ҳар сония ҳисобли. Бироқ юртимизда «Тез ёрдам»нинг тезлигига салбий таъсир этувчи омиллар, афсуски, ҳали-ҳануз мавжуд. 
 
Масалан, яқинларимиздан бири тўсатдан дард чекиб қолса, дарҳол «103» рақамини терамиз. Аммо тиббиёт ходимлари етиб келишини ҳам кутмай беморни бошқа машинада касалхонага олиб кетиш ҳолатлари баъзан учраб туради.

Бундан ташқари, чақирув манзилини нотўғри бериш, устига-устак, «Тез ёрдам» етиб борганида, эшикни очмаслик, телефон қўнғироқларига жавоб бермаслик каби нохуш вазиятларга ҳам шифокор-у ҳамшираларимиз кўп гувоҳ бўлишади. 

Ёки «103»га мурожаат қилиб, тиббиёт бригадаси айтилган манзилга энди етиб келганида, чақириқни рад этиш ҳолатлари ҳам такрорланиб туради. 

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг 1 январидан 1 декабрига қадар «Тез ёрдам» хизматига мамлакатимиз бўйича жами 6301 та ёлғон чақириқ келиб тушган. 

Тўғри, бу ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда қарийб 1800тага кам кўрсаткич. Аммо ёлғон чақириқлар ҳақиқий беморлар ҳаётини хавф остига қўйишини инобатга олсак, унинг биттаси ҳам давлат ва халқ учун катта зиён келтиришига шубҳа йўқ. 

Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, энг кўп  ёлғон чақириқлар келиб тушган ҳудудлар рўйхати бошида 1317та кўрсаткич билан Тошкент вилояти турибди. Кейинги ўринни Фарғона вилояти эгаллаган – 942та ёлғон чақириқ. 

Шунингдек, «Тез ёрдам»га пойтахтимиздан 894та, Қашқадарёдан 874та ҳамда Навоий вилоятидан 842та ёлғон чақириқ келиб тушган. 

Яна бир оғриқли масала: орамизда «иситмам кўтарилмадимикан?», «қон босимимни ўлчатай-чи», «уколимни қилдириб олсаммикан?» деган важлар билан ҳам «Тез ёрдам»га мурожаат қилувчилар кўп.

Ваҳоланки, тез тиббий ёрдам ходимлари беморни даволамайди, балки юзага келган ҳолат бўйича шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатади, яъни фақат симптоматик даво чораларини кўради. 

Қолаверса, ёлғон чақириқлар тез тиббий ёрдам ходимларига икки баробар кўп ташвиш келтиради. Яъни қилинган мурожаатнинг ҳақиқатан ҳам ёлғон эканлигини исботлаш зарур. Бунинг учун чақириқда кўрсатилган манзилни аниқлаш, куннинг қайси вақти бўлишидан қатъи назар суриштирув ўтказиш ва шундан сўнг уни ҳужжатлаштириш керак. 

Бу эса, табиийки, «Тез ёрдам» хизматига муҳтож беморларнинг кутиб қолиши, ҳатто ҳаёти хавф остида қолишига сабаб бўлиши мумкин», дейилади хабарда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид