20:02 / 15.12.2021
19077

“Ўлик жонлар” учун тўлов. Молия вазири ҳийла йўли билан давлат пулларини ўғирлаган мактаблар ҳақида гапирди

Бугун давлат бюджети маблағларини талон-торож қилиш ҳамда ундан ноқонуний равишда фойдаланиш муаммоси Сенат мажлисининг муҳим мавзуларидан бўлди.

15 декабр куни Сенатнинг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда кўтарилган долзарб масалалардан бири – давлат бюджети маблағлари назоратининг самарали йўлга қўйилмагани тўғрисида бўлди. 

Тимур Ишметов / Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенаторлар томонидан молия вазири Тимур Ишметовга берилган саволларнинг аксарияти ҳам айнан – ноқонуний ўзлаштирилаётган бюджет маблағлари бўйича янгради.

Хусусан, ҳар йили йирик миқдордаги пуллар ажратиладиган ижтимоий соҳада учраётган пулларни ноқонуний ўзлаштиришлар муаммоси сенаторлар диққат марказида бўлди.  

Қайд этилишича, халқ таълими тизимида ўтган 11 ой ичида 88 млрд сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,5 млрд сўмлик ўғрилик ва камомад аниқланган. Қурилиш соҳасида эса бундан-да кўпроқ — 92 млрд сўмлик давлат маблағлари ноқонуний равишда ўзлаштириб юборилган.

Яна айтилишича, Мактабгача таълим ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари тизимида бюджет интизомини бузиш ҳолатлари, жумладан, ортиқча ва нотўғри тўловлар 2020 йилнинг мос даврига қараганда 1,5 мартага ошган.

Бу ҳолатнинг юзага келишига тизимларда молиявий назоратнинг кучли йўлга қўйилмагани сабаб қилиб кўрсатилди. 

Мажлис давомида молия вазири ижтимоий соҳада маблағлар самарасиз ишлатилиши кўпроқ учрашини, аммо барча соҳаларда ҳам бу муаммо йўқ эмаслигини тасдиқлади.

“Бу муаммо барча тизимларда бор”, дейди у.

“Давлатимиз раҳбари томонидан ҳам бу масала қўйилган. Йиғилишлардан бирида танқидий кўриб чиқилиб топшириқлар берилган. 2022 йил охиригача молиявий назорат тизимини такомиллаштиришни режалаштирганмиз. Бунда асосий масала ижтимоий соҳа вазирликлари билан ишлаш бўлади”, дея фикр билдирди вазир.

Ишметовга кўра, ижтимоий соҳа вазирликларида харажатларнинг асосий қисми ойлик бўлгани учун, энг катта муаммолар ҳам айнан ойлик билан боғлиқ.

“Ўлик жонлар” деймиз, йўқ одамларга ҳам ойлик ҳисоблаш ҳолатлари кўп учрайди. Айрим мактабларда ҳатто шунақа бўлганки, мактабдаги бир нечта синфлар сонини ошириб кўрсатиб, сметада ортиқча харажат қилинган. Бунақа иш қилиш учун бир нечта идора бефарқ қараган ёки қўл урган бўлиб чиқади.  Бунинг олдини олишдаги ягона йўл – ижтимоий соҳа вазирликларини рақамлаштиришдан иборат.

Биз бу бўйича ишлаяпмиз ва кўплаб режаларимиз бор. Масалан, штат бирликларини барча харажатлари бўйича тўлиқ электрон шаклга ўтказамиз. Уларни Молия вазирлиги тизими билан интеграция қиламиз.

Фақатгина жойларга чиқиб айрим текширувлардагина камчиликларни аниқламасдан, кабинетда ўтириб ҳам бунинг олдини олиш даражасига чиқишни режа қилганмиз. Қурилиш соҳасидаги молиявий ўзлаштиришларни ҳам фақатгина рақамлаштириш йўли билангина шаффофлаштириш мумкин”, деди Тимур Ишметов.

Мажлис иштирокчиларининг сўзларига кўра, ноқонуний пул ўзлаштиришлар аввало, штат бирликларини режалаштириш билан бўлса, кейинги ўринларда йўқ ходимга иш ҳақи тўлаш орқали ёки боғчага келмайдиган болаларнинг ортиқча озиқ-овқат харажатларини ҳисоблаш натижасида юз беради.

Йиғилишда Халқ таълими вазирлиги бюджетининг қарийб 90 фоиз улуши иш ҳақларига тўғри келиши ва асосий камчиликлар ҳам шу ойлик билан боғлиқ бўлаётгани таъкидланди. Жумладан, ортиқча сарфланаётган маблағларнинг қарийб 66 фоизи иш ҳақлари ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, айрим давлат харидларининг ноқонуний амалга оширилиши муаммо илдиз отишига олиб келган.

Муҳокамаларда қонун билан 2022 йилда Ижтимоий соҳага давлат бюджетидан 105,5 трлн сўм маблағ ажратилаётгани, шундан 47 трлн сўм таълимга, 23 трлн сўм соғлиқни сақлашга ажратилиши кўзда тутилгани айтилди. 

Top