15:52 / 15.12.2021
16350

Омикрон иммун ҳимояни четлаб ўтишга қодир. Коронавирус бўйича сўнгги хабарлар

Коронавирусни бошдан кечирганлар ёки вакцина олганлар омикрондан нисбатан яхшироқ ҳимояланган. Бироқ шунда ҳам у иммун ҳимояни четлаб ўта олади. Коронавирус паспортлари жорий этилиши эмланишлар сони, айниқса ёшлар орасида ортишига ҳисса қўшмоқда. Жанубий Африкада олимлар омикронга чалиниш бошқа вариантларига қараганда енгилроқ кечишига умид қилишмоқда.

Касалликни бошдан кечирган ва вакцина олганлар камроқ хавф остида, бироқ суюнишга ҳали эрта.

14 декабрь куни эълон қилинган омикрон варианти борасидаги илк рецензияланган тадқиқотлардан бири коронавирусни бошдан кечирганлар ёки вакцина олганлар вируснинг бу туридан яхшироқ ҳимоялангани борасида тахмин қилиш учун асослар беради.
 
Мазкур иш жараёнида тадқиқ этилган вируснинг лаборатор намуналари омикрон аввалги инфекция ёки вакцинадан олинган иммун ҳимояни четлаб ўтиш борасида ҳақиқатан ҳам аввалги вариантлардан устун эканини кўрсатади.

Emerging Microbes & Infection журналида эълон қилинган натижалар ҳам учинчи вакцина иммунитетни сезиларли даражада ошириши, бироқ омикрондан тўлиқ ҳимоя қилмаслигини кўрсатади.

Олимлар бу фақат дастлабки натижалар эканини айтиб, янги вариантга қарши иммун ҳимояни тушуниш учун қўшимча тадқиқотлар талаб этилади деб ҳисоблашмоқда.

Тадқиқот гуруҳи раҳбари, Хитой озиқ-овқат ва дориларни назорат қилиш бўйича миллий институт илмий ходими Ючун Ва натижалар Жанубий Африкада олинган маълумотларга мос келаётгани ва омикрон иммун ҳимояни аъло даражада четлаб ўтишини тасдиқлаётганини айтади.

«Биз омикрон вариантидаги кўп сонли мутациялар ҳақиқатан ҳам коронавирус билан илгари касалланган одамлар иммунитетида сезиларли ўзгаришларга олиб келганини кузатдик. Шунга қарамай, омикрон ўртача ED50 (ҳимоя даражаси) кўрсаткичи бошланғич даражадан ҳали ҳам юқори. Бу эса эмланиш ёки инфекцияларга қарши айрим ҳимоя эффекти ҳали ҳам мавжуд эканига ишора қилади», дейди Ван.

Ван тиббиёт вирусологияси бўлими раиси ва Хитой тиббиёт ассоциациясининг тиббиёт микробиологияси ва иммунологияси бўйича бўлинма раиси ўринбосаридир. У эмланишдан кейин ёки инфекция натижасида пайдо бўлган иммунитет келаси ярим йил ичида аста-секин кучсизланиши, янги вариант иммунитет ҳимоясини сезиларли даражада четлаб ўта олишини таъкидлайди.

Жанубий африкалик олимлар омикрон енгилроқ кечишига умид қилмоқда

Жанубий африкалик олимлар омикрон коронавируснинг мамлакатдаги аввалги тўлқинлари каби хавфли экани борасида далиллар ҳозирча мавжуд эмаслигини айтмоқда.

Олимлар ва амалдорлар, жумладан, ЖССТ раҳбари омикрон тўғрисида хулоса чиқариш учун ҳали эрта экани тўғрисида огоҳлантирмоқда

Covid-19 бўйича жанубий африкалик етакчи мутахассислардан бири, профессор Салим Карим омикрон илк марта аниқланган тумандаги касалхона маълумотларига ишора қилди. Унинг сўзларига кўра, пандемиянинг аввалги тўлқинлари билан солиштирганда кислород аппаратлари ёки реанимацияга эҳтиёж сезаётган беморлар сони камроқ.

«Жорий тўлқинда бор-йўғи тўртта ҳолатдан бири оғир бўлиб чиқмоқда – бу сезиларли фарқ. Гап фақат вакциналардагина эмас – чунки касаллик оғир кечиши кўрсаткичининг пасайиши барча ёш гуруҳлари, хусусан, эмланмаганлар орасида ҳам содир бўлмоқда», дейди у.

Ўлим кўрсаткичларида ҳам ана шунга ўхшаш ҳолат аниқланяпти.

Жанубий африкалик шифокорлар омикрон варианти билан касалланиш оғир кечиши кўрсаткичи барча ёш гуруҳларида кузатилаётганини айтишмоқда

Уитс университетининг вакциналар бўйича мутахассиси профессор Марта Нунес ҳам омикрон натижасида юзага келган ўлим даражаси аввалги тўлқинлардагига қараганда пастроқ деб ҳисоблайди.

Бироқ шифокорлар омикрон варианти қай даражада оғир экани тўғрисидаги маълумотлар ҳали етарли эмас, деб ҳисоблашмоқда. Касалликнинг янги авж олиши ҳолатлари бошқа мамлакатларда қандай ривож топиши ҳам аниқ эмас. «Омикрон тез суръатларда тарқалмоқда ва эпидемиянинг аввалги тўлқинлари билан таққослашлар муайян фурсатгача фойдали бўлади», дея таъкидламоқда олимлар.

Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда вазиятлар бўйича дастури раҳбари доктор Майк Райан коронавируснинг янги варианти яқин ҳафталарда шифохоналарга ётқизиш кўрсаткичи ортишини юзага келтириши ҳақида маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, бой мамлакатларда қайта эмланишлардан кўра, дунёдаги барча заиф гуруҳларни биринчи доза билан эмлаш ЖССТ учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Райан барча мамлакатларни соғлиқ сақлаш тизимларини инфекция ортишига тайёрлашга чақирди.

Омикрон Данияда асосий таҳдидга айланмоқда

Эпидемиологлар мазкур ҳафтада омикрон Данияда коронавируснинг етакчи вариантига айланишини маълум қилмоқда. Бу эса касалланиш ҳолатлари рекорд даражагача ортишига олиб келади.

Данияда касалланиш ҳолатлари кескин ортди ва коронавирусни юқтириш кунлик кўрсаткичлари рекорд даражага етишига олиб келди.

Омикрон варианти Европада пандемияни сезиларли даражада ўзгартириши ва Рождество бўйича режаларга таъсир ўтказиши мумкин

Айрим олимлар омикронни юқтириш ҳолатлари 14 ёки 15 декабрь кунлари мамлакатда барча коронавирус ҳолатларининг аксарият қисмини ташкил этишини кутишмоқда. Омикрон ҳозирнинг ўзида Дания ва Буюк Британияда доминантга айланмоқда. Олимлар фикрига кўра, бу вируснинг Африка жанубий қисми чегарасидан ташқарида пандемия йўналишини ўзгартириш қобилияти борасидаги илк далилдир.

Эпидемиологларнинг тахмин қилишича, Дания ва Буюк Британиядан олинган маълумотлар асосида Европада жорий қиш фаслида пандемиянинг ривожланиши ва касалхоналарга ётқизишлар сонини прогноз қилиш мумкин. Улар аҳолини қайта эмлаш бўйича самарали дастурлар зарурлигини таъкидламоқда.

«Дания янги вариант тарқала бошлаган биринчи мамлакатга айланди, бироқ Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам тез орада худди шундай ҳолат юз беради», дея огоҳлантирди Орзусс университети биотиббиёт профессори Сорен Риис Палудан.

Буюк Британия соғлиқни сақлаш хавфсизлиги агентлиги омикрон декабрь ойи ўрталарига келиб, мамлакатда етакчи штаммга айланишини кутмоқда. Норвегия расмийлари омикрон Рождестводан анча олдин коронавируснинг етакчи вариантига айланишини тахмин қилмоқда.

Норвегияда спиртли ичимликлар савдосига чекловлар

Норвегия инфекция тарқалишига қарши бир қатор янги чоралар, жумладан, яқин тўрт ҳафта давомида уйдан ишлаш ва барлар, тунги клублар ва ресторанларда спиртли ичимликлар савдосига тақиқ жорий этилиши ҳақида эълон қилди.

Мамлакатда касалланиш бўйича Европадаги энг юқори кўрсаткич кузатилмоқда, омикронга чалиниш билан боғлиқ мингга яқин ҳолат қайд этилган. Соғлиқни сақлаш тизими вакиллари янада қатъий чекловларсиз янги инфекциялар сони кунига 90 мингга етиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Норвегиядаги эпидемиологик вазият кескин ёмонлашмоқда

Ҳукумат эмлаш ишларида ёрдам бериш учун ҳарбийларни сафарбар қилишга ваъда берди ҳамда Норвегия корхоналарига ёрдам, жумладан, компаниялар учун кредит бўйича кафолатлар ва ишчилар учун маош даражасини қўллаб-қувватлаш чизмасини қайтариш ҳақида эълон қилди.

Савдо вазири Ян Кристиан Вестрнинг сўзларига кўра, йил якунларига кўра даромадга чиққан компаниялар олинган ёрдамни қайтаришига тўғри келади.

Бош вазир Йонас Гар Сторе норвегияликлар Рождествони ўз яқинлари билан нишонлашлари мумкинлигини маълум қилди. Бироқ улар яқин контактларни қисқартиришлари ва ижтимоий масофа сақлашлари керак бўлади.

Коронавирус паспортлари эмланишни рағбатлантиради

Коронавирус паспортларидан фойдаланиш бўйича халқаро тадқиқот шуни кўрсатдики, улар янада кўпроқ одамлар эмланишига ҳисса қўшади.

Айрим мамлакатларда коронавирус сертификатига эга бўлиш жамоат жойлари ва тадбирларга кириш учун зарурий шартга айланди

Муаллифлар ўз йўналишида биринчи деб атаётган тадқиқотда коронавирус паспортлари жорий этилган олти мамлакат ўрганилган. У ерда муайян жамоат жойларига вакцинанинг барча дозаларини олган, коронавирус тестининг манфий натижасини тақдим этган ёки коронавирусдан тузалганларгагина киришга рухсат берилган.

Аниқланишича, улар тўрт мамлакат (Исроил, Франция, Италия ва Швейцария)да айниқса вакцинага нисбатан совуқ муносабатда бўлган гуруҳлар, хусусан, ёшлар орасида вакцина қабул қилиш оммалашишига ҳисса қўшган.

Оксфорд университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот The Lancet Public Health журналида эълон қилинган.

Pfizer ва BioNTech ўз вакциналари самарасига ишонишади, бироқ янги вакцина устида ишламоқда 

Вакцинанинг икки дозасини олганларни омикрондан ҳимояланиш учун тезроқ учинчи дозани олишга чақиришмоқда. Бироқ бунга кафолат йўқ

Коронавирусга қарши машҳур вакцина ишлаб чиққан Pfizer ва BioNTech компаниялари препаратлари билан қайта эмланиш омикронга қарши самарали ҳимоя беришини ваъда қилди.

Кичик тадқиқот ўтказиб, компаниялар омикронга қарши уч доза, бошқа вариантларга қарши икки дозага ўхшаш даражада антитаналар билан таъминланишини аниқлашди.

Илгарироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакциналар аввалгидек касалликнинг оғир шаклларидан ҳимоя қилишини айтганди.

Ўтган ҳафтада Pfizer директори Альберт Бурла ўз баёнотида мазкур вариантга қарши ҳимоя учинчи марта эмланиш ёрдамида яхшиланиши ҳақида маълум қилганди. «Тобора кўпроқ одамларни дастлабки иккита доза ва қайта эмлаш билан тўлиқ таъминлаш Covid-19 тарқалишининг олдини олишнинг энг яхши усули бўлиб қолмоқда», деганди у.

Бироқ Pfizer ва BioNTech олинган натижалар дастлабки экани, вакциналарининг ҳақиқий самараси бўйича маълумотларни тўплаш ва уларни баҳолашда давом этишларини қайд этишди.

Компанияларда омикронга қарши махсус вакцина ҳам ишлаб чиқилмоқда. Назорат қилувчи органлардан рухсат олингач, у 100 кун ичида етказиб бериш учун тайёр бўлади.

Top