Қирғизистоннинг янги парламенти таркибига 6та партия кирди
Қирғизистонда 28 ноябрда ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра, 6та сиёсий партия парламент таркибига кирди. Бу ҳақда сайловларнинг расмий натижалари эълон қилингандан кейин маълум қилинди.
Қирғизистон марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, парламентга ўтиш учун зарур бўлган 5 фоиздан кўпроқ овозни ҳукуматни қўллаб-қувватловчи “Ата-Журт Киргизстан”, “Ишеним” ва “Интимак”, мухолиф “Бутун Киргизстан”, центристик “Ийман Нуру” ва “Альянс” партиялари тўплай олган. Республикада мавжуд сайлов тизимига кўра, “Ата-Журт Киргизстан” 15та, “Ишеним” 12та, “Интимак” 9та, “Альянс” 7та, “Бутун Киргизстан” 6та ва “Ийман Нуру” 5та депутатлик мандати олади.
Бир мандатли округлардаги сайловларда ғалаба қозонганлар орасида мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўғли Саид Атамбоев ҳам бор.
Қирғизистон парламентига сайловлар аралаш тизим бўйича ўтганди: 54 депутат партия рўйхатлари бўйича, 36 депутат эса бир мандатли округлар бўйича сайланган. Парламентдаги 90 ўринга умумий ҳисобда 1,3 минг номзод даъвогарлик қилган.
28 ноябрда сайлов комиссиясида сайлов участкаларидаги электрон урналардан маълумотлар олиш вақтида тизимда носозлик юз берганди. Бунинг натижасида интернетда сайловларнинг жорий натижалари кўрсатилган саҳифа очилмай қолган. Тизим ишга тушгач, саҳифада охирги маълумотлардан фарқланувчи маълумотлар пайдо бўлган. Бу эса баъзи партиялар орасида норозилик келтириб чиқарганди. Сайлов комиссияси бу ҳолатни оператор томонидан йўл қўйилган хатолик билан тушунтирган.
Республикада 2020 йил кузида ўтган парламент сайловлари унда йўл қўйилган кўплаб қонунбузарликлар сабабли ҳақиқий эмас деб топилганди. Сайловлар натижалари норозилик намойишларига ва бунинг оқибатида президент ҳамда ҳукуматнинг истеъфога чиқишига олиб келган.
Мавзуга оид
18:49 / 20.09.2024
Қирғизистонда коррупционерлар ва уларнинг қариндошларига давлат лавозимида ишлаш тақиқланади
23:30 / 17.09.2024
Руминияда номаълум эркак парламент биносига ўт қўйди. Қарийб 300 киши эвакуация қилинди
22:04 / 16.09.2024
Қирғизистондан Ўзбекистонга от уюрини ноқонуний ҳайдаб ўтмоқчи бўлганлар ушланди
20:33 / 14.09.2024