Ўзбекистон | 21:20 / 16.12.2021
10499
2 дақиқада ўқилади

«2245та мактабда спорт зали мавжуд эмас» — Халқ таълими вазирлиги спорт заллари бўйича танқидларга муносабат билдирди

Халқ таълими вазирлиги республикадаги кўплаб мактабларда спорт заллари йўқлиги борасида ижтимоий тармоқларда билдирилаётган танқидлар юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Zarnews.uz

Унда айтилишича, вазирлик мактаблардаги спорт заллари билан боғлиқ муаммолардан яхши хабардор ва уларни ҳал қилиш юзасидан иш олиб борилмоқда.

«Сўнгги йилларда ушбу йўналишдаги муаммоларни ҳал этиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилган бўлиб, бугунги кунда ажратилаётган маблағлар доирасида босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Буни қуйидаги рақамлардан ҳам кўриш мумкин: 2017–2021 йилларда жами 296та спорт зали янгидан қурилган бўлса, 604та мавжуд спортзал таъмирдан чиқарилган.

Бироқ шунга қарамай, бугунги кунда республикада мавжуд 10130та умумтаълим мактабидан 7885тасида (78 фоиз) спорт заллари мавжуд, қолган 2245та мактабда спорт заллари умуман йўқ. Мавжуд спорт залларидан 358таси реконструкцияга ва 2078таси мукаммал таъмирга муҳтож.

Мактабларда спорт заллари билан боғлиқ муаммолар ҳақида аввал ҳам Халқ таълими вазирлиги бир неча бор маълумот берган.

Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбари ўз сайловолди дастурида таълим соҳасида амалга ошириладиган ишларни энг муҳим ишлар сирасига киритар экан, келгуси йилларда энг катта ҳаракат – мактаб, мактаб, яна бир марта мактаб бўлишини, мактаб ривожланса, ҳамма соҳа бўйича ривожланиш бўлиши ҳамда келгуси беш йилда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш учун, мактаблар реконструкция қилиниб, янгидан барпо этилишини қайд этган эди», – дейилади вазирлик муносабатида.

Қўшимча қилинишича, ҳукумат топшириғи билан, ҳозирда ҳудудларда мактабларга бўлган талаб ўрганилмоқда. Бунда мактабларга спорт заллари қурилиши ҳам режалаштирилган.

Мавзуга оид