Спорт | 11:50 / 17.12.2021
10330
2 дақиқада ўқилади

49 ёшли немис спортчиси саккизинчи марта Олимпиадада иштирок этади

Фото: Getty Images

Германиялик аёл конкичи Клаудиа Пехштайн Пекинда ўтадиган 2022 йилги қишки Олимпиадага сараланди. Хитой пойтахтидаги Ўйинлар 49 ёшли спортчи учун фаолиятидаги саккизинчи Олимпиада бўлади.

Олимпиада ўтказилиши вақтида Пехштайн 50 ёшга тўлган бўлади.

У жаҳон кубогининг Калгарида ўтган босқичида оммавий старт йўналишида 11-ўринни эгаллади. Бу эса унга жаҳон рейтингида 17-ўринни эгаллаш ва Пекин Олимпиадасига бориш учун йўлланмани қўлга киритишга имкон берди.

Пехштайн 5 карра Олимпия чемпиони, 5 карра жаҳон чемпиони ҳисобланади. У қаторасига 11 йил (1996–2006) давомида классик кўпкурашда жаҳон чемпионатлари совриндори бўлиб келган. Бундан ташқари, у қишки Олимпиадаларда 5та олтин медални қўлга киритган германиялик ягона аёл спортчи ҳисобланади.

Айни вақтда унинг фаолиятида 7 та қишки Олимпиададаги иштирок бор бўлиб, бу борада у аёллар ўртасида рекордчи ҳисобланади. Таъкидлаб ўтиш жоиз, спортчи 2010 йилги Ванкувер Олимпиадасини дисквалификацияси сабабли ўтказиб юборган.

Ҳамюртимиз, 46 ёшли Оксана Чусовитина ҳам Олимпиадалардаги иштирок борасида ўзига хос рекордга эга. У 8та ёзги Олимпиадада (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016, 2020 йиллар) иштирок этган ягона аёл гимнастикачи ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид