20 май куни Пекиндаги Халқ йиғинлари майдонида бошланган расмий учрашувлар – Си худди шу жойда Доналд Трампни қабул қилганидан бир неча кун ўтиб, деярли бир хил форматда юз бермоқда.

Хитой ва Россия етакчилари ўртасидаги музокаралар дастлаб нозик масалаларни муҳокама қилиш учун «тор доирадаги учрашув» билан бошланди. Сўнгра ҳар икки етакчи ўз делегациялари билан «кенг доирадаги учрашув» ўтказди.

Путин нималар деди?

Путин эса ўз нутқида икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар «яхши ўсиш суръатини кўрсатаётгани»ни айтди. Москва ва Пекин ўртасидаги муносабатлар «мисли кўрилмаган даражада юқори даражага» етди, деди Путин. ТАСС хабарига кўра, у сўнгги 25 йил ичида Россия ва Хитой ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 30 баравардан кўпроқ ошганини ҳам қайд этган.

Шунингдек, Кремл раҳбари Яқин Шарқда давом этаётган инқироз шароитида Россия «ишончли энергия етказиб берувчи» бўлиб қолаётганини таъкидлади.

BBC'нинг ёзишича, Путин Сини келгуси йили Россияга ташриф буюришга таклиф қилди ва Пекин ҳамда Москва ўртасидаги муносабатлар «глобал барқарорликка ёрдам бераётганини» қўшимча қилди. Си охирги марта ўтган йилнинг май ойида Россияга ташриф буюрганди.

Россия ОАВларига кўра, Путин аввалгидек Сини «азиз дўст» деб атаган. Россия раҳбари, шунингдек, хитойча мақолни эсга олди: «Бир кун кўришмасак ҳам, учта куз ўтгандек туюлади». Бу одатда муҳим воқеанинг содир бўлишини ёки мақсадга эришишни узоқ ва қийинчилик билан кутишни ифодалаш учун ишлатилади.

Си нималар деди?

Си Жинпинг ўзининг кириш сўзида икки давлат — миллий тараққиёт ва қайта тикланиш борасида бир-бирига ёрдам бериши кераклигини айтди.

Си Путинга Хитой-Россия муносабатлари бундай даражага етганининг сабаби – ҳар икки давлат «ўзаро сиёсий ишонч ва стратегик ҳамкорликни доимий равишда чуқурлаштира олгани» эканини айтган.