Ўзбекистон | 22:16 / 21.12.2021
20119
4 дақиқада ўқилади

«Буни уддалай олмаган ҳоким менга керак эмас» — Президент ер балансини тўғри юритиш ҳокимлар мажбурияти экани ҳақида

Кадастр соҳасидаги ишлар таҳлил қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Президент илк марта 23 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерлари хатловдан ўтказилиб, электрон харитага киритилганини маълум қилди. 

«Янги ташкил этилган Кадастр агентлиги жорий йилда Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерларини ялпи хатловдан ўтказишни бошлади ва 23 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг электрон харитаси яратилди.

Бу биринчи марта. Бунақа иш қилмагандик, чунки ҳеч ким бунга киришмаганди.

Бундай қилсак, коррупция йўқ бўлади. Шунинг учун кўп ҳокимлар хатлов қилмай тургин, олти ой, деб гапирганининг записи бор», деди президент.

Таъкидланишича, Асака ва Шаҳрихон туманларида ўтказилган хатловда 74 мингта хонадоннинг (жами хонадонларнинг 65 фоизи) ер ажратиш қарори йўқлиги, 4,5 мингтаси (4 фоиз) муҳофаза зоналарда қурилгани маълум бўлган. Ушбу туманлар ер балансида аҳоли пункти ерлари 2 минг гектар деб кўрсатилган бўлса-да, ҳақиқатда 10 минг гектар ерлар уй-жой билан банд бўлиб турибди.

Шу муносабат билан келгуси йил якунига қадар 6 миллионта кўчмас мулк объектларини хонадонбай хатловдан ўтказиш топширилган. Бунда ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудидаги ҳолатни таҳлил қилиб, кадастр идораларига беради.

Хатлов натижаси билан бино-иншоотларнинг электрон харитаси яратилиб, аҳоли учун қулай ва очиқ-ошкора онлайн платформага жойлаштирилади.

«Ер балансини тўғри юритиш, ерни асраб-авайлаш ҳокимларнинг конституциявий мажбурияти ва асосий вазифасидир. Буни уддалай олмайдиган ҳоким менга керак эмас», деган давлат раҳбари.

Йиғилишда галдаги муҳим вазифалар белгиланди.

Аввало, қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини келгуси йил 1 апрелгача якунлаш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги ер балансидаги 2 миллион 700 минг гектар майдоннинг тоифасини аниқлаш зарур.

Келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни давлат рўйхатидан ўтказиб, кейин танловга чиқариш вазифаси қўйилди.

Ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳам кўпки, улардан ҳам самарали фойдаланиш зарур. Масалан, ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида 10 миллион гектардан зиёд, сув хўжалиги вазирлиги тизимида 820 минг гектар, автомобиль йўллари атрофида 450 минг гектар ер бор. Шунингдек, 3 миллион 300 минг гектар ер ҳокимликлар захирасида турибди.

Давлат раҳбари бу ерларнинг электрон харитасини тузиш ва давлат мулки сифатида рўйхатдан ўтказиш кераклигини таъкидлади.

Ички йўллар ва кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни доимий фойдаланишга ажратиш мумкинлиги қайд этилди.

Яна бир муаммо – ер балансида аҳоли яшаш майдонлари 223 минг гектар бўлса-да, амалда 1 миллион гектардан ошиб кетган. Шу боис, бундай кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиб, унинг натижаси бўйича электрон харита тузиш ҳамда аҳоли учун очиқ онлайн платформага жойлаштириш вазифаси қўйилди.

Кадастр идораларининг шароитларини яхшилаш, ускуналарини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Мавзуга оид